ёнбошида қўрғошин қайнаб турган цехда тонгдан кечгача ўтириш осон эмас. Компьютер замонидаги ёшлар бу қийинчиликларни тасаввур ҳам этолмайдилар. Газета саҳифаланиб, неча тонна куч остида қалин қоғозга босилгач, яъни матрица – қолип олингач, навбатчиликнинг иккинчи босқичи бошланарди. Қолипга айлана шаклда қўрғошин қуйиб, босув машиналарига ўрнатиш аллақанча вақтни оларди. “Ленин учқуни” ярим миллион нусхадан кўп босиладиган бўлгани учун унга энг охирида навбат тегарди (кейинчалик бу газетанинг тиражи бир миллион нусхадан ошган). Олдин нусхаси камроқ газеталар босиларди. Бунинг сабаби – ишчилар қанча кўп номдаги газеталарни боссалар шунча кўп маош олардилар. Бунда фақат газетанинг нусхаси эмас, номи ҳам муҳим экан. Агар “Ленин учқуни”ни биринчи галда боса бошласа, бу жараён эрталабгача давом этади ва ишчи битта газета босган ҳисобланади. Агар фавқулодда ҳодиса бўлиб қолса, ёки Москвада каттароқ мажлис ўтказилса, катта газеталарнинг иши кечикиб кетади, шунга қараб, бизнинг навбатчилигимиз ҳам тонготарга қадар давом этади. Ярим кечадами ё тонготардами уйга пиёда кетишга мажбур бўламиз. Ғафур Ғуломнинг вафотлари туфайли ана шундай қийинчилик туғилди. Ҳали бу борада дуруст тажрибам бўлмаса-да, тонготарга қадар қолишга мажбур эдим.
Не ажабки, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор дафн маросимлари куни ҳам навбатчилик каминага насиб этган эди. Ўша кунларда муҳарриримизга: “Суроб ака, энди мени навбатчиликка қўйманг, қаранг нуқул навбатчилигимда улуғлар вафот этишяпти, бунақада ёзувчи қолмайди”, – деб ҳазиллашган эдим.
Халқ орасида бу ёзувчиларнинг ҳурмати баланд эди. Чунки мактаб дарсликларида фақат шулар мадҳ этиларди, матбуот, радио ҳам шуларнинг номи билан банд эди. Совет даври адабиёти асосан шу номлардан иборат эди. Ҳамид Олимжон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор шахси, ижодига авваллари фақат мақтов кўзлари билан қаралган бўлса, кейинги йилларда танқидий, ҳатто жиддий баҳсли фикрлар баён қилиняпти. Айримлар уларни “Ўзбек совет ёзувчиси” деган мартабада давр сурганини пеш қилиб, умуман инкор этишни талаб қиладилар. Совет даврида мақталганларнинг адабиётимиз учун яна бир хизматлари бор: қодирийлар ўлдирилганидан кейин улар адабиётимизнинг ҳам ўлдирилишидан сақлаб қолдилар. Уларнинг ёзувлари бошқа, диллари бошқа эди. Уларда ҳам миллат дарди бўлган, аммо айтолмаганлари учун ҳам диллари пораланиб яшаганлар. Агар улар бутунлай инкор этилсалар, уларнинг номи адабиётимиз тарихидан олиб ташланса, катта бўшлиқ ҳосил бўлмайдими?
Ҳамид Олимжоннинг машҳур “Ўрик гуллаганда” шеърида яширинган дард йўқми? Менимча бор. У баҳорга, яъни юрти баҳорига маҳлиё бўляпти, лекин “қанча тиришсам ҳам у беор еллар мени алдаб кетади”. Мен шоир ҳам, адабиётшунос ҳам эмасман, шу боис бу каби талқин ва хулосаларни олимлар ихтиёрига қолдира қолай.
Тоғда неча юз йиллик чинор дарахтини кўрган эдим. Бағри ўйилиб, ўт ёқилган, худди тили кесилганича оғзи очилиб турган одамни эслатди. Мен яқин ўтмишимиздаги ёзувчиларни