ҳақи эди. Газетанинг барча саҳифаларини эгалласам, юз сўм атрофида гонорар олардим. Таҳририятдаги дастлабки қиш ва баҳорни акамнинг эски пиджакларида ўтказгандим, кузга яқин янги пиджак сотиб олишни кўнглимга тугиб қўйдим. Лекин бу насиб қилмаган экан. Бир иш билан масъул котиб хонасига кириб, ёйиб қўйилган газета саҳифаларига кўзим тушди. Ажабки, муаллиф сифатида мен эмас, бошқа кишининг номи ёзилибди. Ҳамид ака кириб келиб, таажжубимни сездилар-да, индамасам ҳам, ўзлари изоҳ бердилар:
– Сизга айтишга улгурмовдим, Равил акангиз кўндилар, Наримон аканинг уйлари бузилиб кетди, янги уйларига ёрдам бўлсин, деб шу маслаҳатга келдик. Йўқ десангиз, ҳозир ўзгартираман.
Нега йўқ дер эканман! Наримон Орифжонов “Гулхан” журналидамасъул котиб эдилар. Биз каби ёшларга ғоят ғамхўр эдилар. Янги қураётган уйларига деярли ҳар якшанбада ҳашарга борардик. Тошкент ғарбидаги “Октябрь массиви”, “Бешқайрағоч” деган жойлар аввал колхоз боғлари эди. Зилзиладан сўнг бу боғлар уйи бузилган маҳаллаларга бўлиб берилди. У дамларда ўзбеклар кўп қаватли уйларда яшашни исташмасди. Қийналиб бўлса ҳам уч-тўрт сўтих ерда бошпана қуриб олишга тиришардилар. Наримон ака ҳам шулардан бири эди. Айтишим жоизки, зилзила баҳонасида марказдаги ўзбеклар шаҳар четига чиқарилди. Кўп уйлар зилзиладан шикаст топмаган бўлса ҳам, янги лойиҳада кўрсатилган кўп қаватли уйлар қуриш мақсадида бузилди.
Ўша йили Наримон аканинг бир ишларидан аввал таажжубланиб, ке-йин доноликларига қойил қолганман. У киши маҳалла раиси эканлар. Уйлар бузилиб, кўч-кўч бошлангач, биринчи навбатда маҳалла гузарига жой ажратиб, тобут ва дошқозонларни олиб келибдилар. Саёз фикрланса, янги маҳаллага тобутни олиб келиб қўйиш кўнгилга сал ғашлик солади. Аслида эса, маҳалла учун зарур нарсалардан бири айнан шу тобут ҳисобланади. Янги маҳалла қурилиб битгунига қадар ҳеч ким вафот этмайди, деб ким кафолат беради? Қадимдан ота-боболаримизнинг ибратли одатлари бўлган янги маҳалла ёки қишлоқ барпо этилишига киришишда дастлаб новвойхона, ҳожатхона ва тобутхона қуриб, кейин уй қурилишларига киришишган. Тоғам вафот этганларида суриштирсам, қарийб юз хонадон яшайдиган беш қаватли уйда маҳалла гузари йўқ экан. Қўшни маҳаллага бориб суриштирсак, битта эски лиқиллаб турган тобутлари бор экан. Бу ҳам бошқа маҳаллага берилмас экан. Ўзим яшайдиган маҳаллага шошқич равишда келиб, “Москвич”имнинг томига тобутни қўйиб олиб борган эдим…
Ғирромлик неча ёшдан бошлаб ўргатилади?
Агар таъбир жоиз бўлса, футбол мусобақаси баҳонасида “болалар спорт журналистикаси”ни ўзлаштира бошладим. Бу ўзим учун ҳам қизиқарли эди. Шу тадбир туфайли болалар спортида мавжуд бўлган ғирромликлардан ҳам хабар топиб, афсусландим. Ишонсангиз, бу афсус ҳали ҳам сўнмаган. Чунки ўша ғирромликлар бугунги болалар, ҳатто катталар спортида ҳануз давом этяпти. Кулгига мойил бир мисол: талабаларнинг мусобақасида Наманган университетининг футбол командаси асосан