Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

“Кемадан тушди-ю, зиёфатга дуч келди”, деган мазмунда мақол бор. Камина ҳам адабий ходим лавозимига тасдиқ этилдим-у, зиёфатга эмас, қийин бир тадбирга рўпара бўлдим. Футболчи болаларнинг “Чарм тўп” мусобақалари ҳақидаги низомни тайёрлашда иштирок этганимда, бу мусобақаларни ўтқазишда иштирок этиш ва газетада ёритиш зиммамга тушишини ўйлаб ҳам кўрмаган эдим. Эркин Хўжаев кўпроқ таҳририят ишлари билан банд эдилар. Югур-етим каминага юклатилди.

      “Чарм тўп” клуби президентлигига кўп футболчиларнинг устози Исҳоқ Тошмуҳамедов тайинландилар. Бу киши Герман Титов номидаги спорт мактаб-интернатида хизмат қилардилар. Зилзила туфайли Республика комсомоли марказқўми ҳам бошқа жойга кўчиб ўтди. Ходимлар тор хоналарга тиқилишган, бири телефонда бақириб гаплашади, бири машинка чиқиллатади, бири кичик даврада мажлис ўтказади… Хуллас, қайнар хумчага ўхшаб қолган. “Чарм тўп” мусобақаси биринчи марта ўтказилаётгани учун ташкилий ишларда етишмовчиликлар кўп, уни ҳал қилиш учун эса кунига ҳатто икки мартадан мажлис чақириларди. Дастлаб, тадбирни кейинги йилга қолдириш ёки бошқа шаҳарга кўчириш ҳақида таклифлар ҳам бўлди. Лекин юқори идора бунга ижозат бермади. Болалар футбол мусобақасини юқори савияда ўтқазиш аҳолига руҳан мадад бўлади, деган қарорга келдилар. Бу менга 1941 йил 7 ноябрда Москва Қизил майдонида ўтқазилган ҳарбий парадни эслатди. Ўшанда ҳам параддан мақсад халқ руҳини кўтариш эди.

      Тадбирни юқори савияда ўтқазиш осон эмасди. Аввало, икки юздан зиёд ёш футболчилар ва уларнинг устозларини жойлаштириш, уларни уч маҳал овқатлантириш лозим эди. Футболчиларни стадионларга олиб бориш учун автобуслар талаб этиларди. Зилзилага қадар белгиланган тадбир режасига кўра, ёш футболчилар ҳар куни шаҳарни сайр қилишлари, турли музей ва шу каби жойларга боришлари керак эди. Зилзила бу режани йўққа чиқарди. Футболчилар ва уларнинг устозлари Кўкча дарвозасидаги мактаб-интернатга жойлаштирилди. Автобуслар билан ҳам таъминланди. Тажрибали ҳакамлар жалб қилинди. У дамларда ҳакамларнинг энг юқори мартабаси “Халқаро тоифадаги ҳакам” – Ўзбекистонда йўқ эди. Биттагина “Бутуниттифоқ тоифасидаги ҳакам” бор эди, лекин Белозёров олий лига ўйинларини бошқармасди. Пастроқ даражадаги ўйинларга жалб қилинарди. “Республика тоифасидаги ҳакам”лар орасида ҳам ўзбеклар кам эди. Буларни эслашимдан мақсад, бугун дунё миқёсидаги ўйинларни бошқараётган ҳакамларимиз, хусусан, Равшан Эрматов билан бениҳоя фахрланишимиз лозимлигини таъкид этмоқчиман, холос. Нима учун у дамларда ўзбеклардан юқори мартабали ҳакамлар йўқ эди? Мос-кваликлар ишонмас эдиларми? Эҳтимол шундайдир, лекин мен буни камситиш ўрнида қабул қилардим. Бундай ҳол фақат футболда эмас, спортнинг бошқа соҳаларида ҳам шундай эди. Жаҳон чемпиони боксчи Руфат Рисқиевнинг СССР терма командасидан жой олиши осон бўлмаган. “Пахтакор” футболчиси Биродар Абдураимовнинг маҳорати киевлик Блохиндан кам эмасди, лекин уни терма командага қўшишмаган. Мен бугун Мессининг майдондаги ҳаракатларини кузата туриб, Биродар