Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

мен билан чой ичгин”, – деб таклиф қилди.

      Иккита оқ қайин оралиғига тахтадан қўлбола стол ясалган экан. Калта дастурхон устида русларнинг доимий таомлари: тухум, кўк пиёз, саримсоқ, қайнатилган картошка ва бутун бўлка нондан ташқарига дудланган қисқичбақа қўйилган эди. Таклиф учун раҳмат айтган эдим, уялаётгнимни сезиб:

      – Сен хижолат бўлма, менам тошкентликман, опа-ука бўлиб чой ичамиз, – деди.

      Муомаласида чиндан ҳам туғишган опанинг меҳри сезилиб турарди. Сочиқни ичкарига ташлаб, устимга кўйлак кийиб чиқдим. Нонни кесиб қўйган экан, “тухум билан картошкани ўзинг тозалаб е”, деб алюмин кружкага тўлдириб чой қуйди. Картошка билан тухумни едим-у, қисқичбақага қўл ҳам узатмадим. Унга кўзим тушган онданоқ кўнглим айний бошлаган эди. Чойни ҳам зўрға ичдим. Чойдан ҳам, крандаги сувдан ҳам балчиқ ҳиди келиб турарди. Эҳтимол, Дон дарёсининг суви шунақадир, деб ўйлаб, бу шаҳарга келганимдан бери чой ўрнига қатиқ ичаётган эдим (Катта дарё ёқасида жойлашган шаҳар аҳлининг тоза сувни тежаб ишлатиши диққатимни тортган эди. Кўчалардаги кранларнинг биронтасидан сув жилдираб бўлса-да оқиб ётмайди, кранларда бурагич ҳам йўқ, ҳар бир хонадоннинг ўз бурагичи бор). Меҳрибон аёлнинг кўнглини оғритмаслик учун чойни зўрлаб бўлса-да, ичдим. “Чой ёқдими, ширин эканми?” – деган саволига жавобан мақтов сўзларини ҳам айтдим.

      – Тошкентнинг суви ҳам ширин, лекин Доннинг суви ширинроқ, – деди фахр билан. Кейин Тошкентдаги зилзила ҳақида сўради, одамларнинг яшаш шароити билан қизиқди.

      – Зилзила бўлганини эшитиб жуда ташвишландим, ҳали “тошкентликман”, деганим ҳазил эмас, рост эди. Уруш пайтида бизнинг “Ростсельмаш” заводи Тошкентга кўчганди. Онам билан борганмиз шаҳарларингга. Тугунчамизда бир сидра уст-бошимиз бор эди. Ўзбеклар бизга бошпана беришди, кийим ҳам беришди. Биринчи борган кунимиз палов билан сийлашди. Аҳвол оғир бўлса-да, азиз меҳмонларга аталган меҳрибонликни кўрсатишди. Уй эгасининг Матлуба исмли қизи бор эди. Мендан бир ёш катта бу қиз русчани, мен эсам ўзбекчани билмасдим. Шунга қарамай, дарров дугона бўлиб олдик. Исмим Елена, эркалатиб “Лена” дейишарди, Матлуба “Лола” деб ўзгартирди. Хоҳласанг, сен ҳам “Лола опа” деявер. Ўзбекларнинг шундай дейиши менга ёқади. “Елена”нинг маъносини билмайман, лекин “Лола” чиройли исм. Мен Матлубанинг ўзбекчасига қилиб тикилган кенг кўйлагини кийиб мактабга чиқдим. Кейинги ёзда отам урушдан ногирон бўлиб қайтди. Бизга келишларини хабар қилишган эди. Завод ҳарбий тартибда ишлаётгани учун онамга рухсат беришмади, уй эгаси Жамол аканинг аравасида Матлуба икковимиз бекатга чиқдик. Санитар поездини икки кун кутдик. Жамол ака сабрли одам эдилар, “тирикчилигим қолиб кетяпти”, демай, биз билан бирга бўлдилар. Учинчи куни келган поезддан отамни замбилда кўтариб тушишди. Унинг тирик қайтгани биз учун бахт эди. Лекин бу бахт калта экан. Отам ўрнидан турмади. Уч ойдан кейин уни Боткин қабристонига дафн этдик. Жамол ака дурадгорликни билар экан, ўзи тобутни ясаб