Қонунга биноан тренер ҳам жазоланган. Лекин вақт ўтгандан кейин бериладиган жазодан наф борми?
Денгизларда чўмилган “қаҳрамон”
Ростов-Донда болаларни зериктирмаслик чораларини кўришган экан, улар туфайли камина ҳам кўп ҳузурландим. Бизни Новочеркаск аталмиш кўҳна шаҳарга олиб боришди. Уралдан ошиб ўтиб, туркий хонларни хонавайрон қилган Ермак исмли лашкарбоши шу шаҳарнинг фарзанди ва фахри ҳисобланади. 1962 йили Хрушчёв бошқарувига қарши намойишга чиққан ва отилган ишчилар ҳам шу шаҳарлик эди. Бу фожиани у дамда билмас эдим, советлар пароканда бўлгач эшитиб ҳам таажжубга, ҳам даҳшатга тушгандим. Қадим замондан ёдгорлик ҳисобланган черков бу шаҳарнинг ғурури экан. Сайёҳларнинг томоша қилишларига изн мавжудлигидан фойдаланиб, кирдик. Черковга кираверишда худди бизнинг масжид эшиклари олдида тизилган тиланчилар каби, у ернинг гадолари саф тортган эканлар. Шулардан бири мени кўриб: “Чёрный!” деб бақириб юборди. Мусулмон бўлганим учун ташланиб қолишмаса эди, деб чўчиб тургандим, черков ходими яқинлашиб, “дўппингизни ечиб киринг, бизнинг тартибимиз шундай”, деди. Дўппимни ечган эдим, бақирган тиланчи ҳам тинчиб қолди. Остонадан уч-тўрт қадам ўтиб, сайёҳлар учун белгиланган жойда тўхтадик. Насронийлар ибодат қилишаётган экан. Черковнинг безаклари, “Инжил”даги воқеалар акс эттирилган суратлар насаролар руҳиятига таъсир этар экан. Попларнинг ҳаракатлари эса кинофильм манзарасини эслатди.
Болалар баҳонасида мен ҳам дунёдаги энг катта дарёлардан бирида “чўмилдим”. Ундан кейин ҳам Волга, Урал, Днепр дарёларида, Каспий, Болтиқ, Қора ва Ўртаер (турклар “Оқ денгиз” атайдилар) денгизларда “чўмилганман”. Бу сўзни қўштирноққа олганимнинг сабаби шуки, мен сузишни билмайман. Бу ҳақда сўз очилиб қолса, “уйдаги ваннага ҳам белимга арқон боғлаб тушаман”, деб ҳазиллашаман. Катта дарёлар ва денгизларда “чўмилишим” эса тўпиққа қадар, қаҳрамонлик намунасини кўрсатсам, саёз қирғоқда тиззага қадар сувга тушишдан иборат бўлган.
Дон дарёсининг соҳилида турли ташкилотларнинг дам олиш уйлари қурилган экан. Бир заводнинг оромгоҳи бизнинг болалар ихтиёрига берилди. Болалар қувнаб, ўзларини сувга отдилар. Мени ҳам “тушинг, тушинг”, деб даъват қилдилар. “Сузишни билмайман”, деб камчилигимни тан олишга уялдим. “Худо асрасин”, дедим-у, уларга эргашдим. Тиззага қадар сувга тушиш “қаҳрамонлигим” ўшанда болалардан уялганим учун содир бўлган. Орқага қайтишга баҳона излаб турганимда Худо мушкулимни осон қилди. Қўшни оромгоҳда шов-шув кўтарилиб, ҳамма ўша томон югура бошлади. Мен ҳам сувдан чиқиб, бу оқимга қўшилдим. Биздан юз қадамча наридан бир одамнинг ўлиги чиқибди. Қарасам, қирғоқда жасад ётибди. Устида костюм, оқ кўйлак, бўйнида галстук. Биров “Тепа томондаги оромгоҳда кечаси молдай ичиб, сувга тушиб кетган”, деса, бошқаси: “Катта амалдорга ўхшайди, душманлари ўлдириб, сувга ташлашган”, – деди. Мен бу тахминларга эътибор бермадим. Изимга қайтиб, ширингина жонимни асраш учун