қўйиш орқали инсонни камситиш ҳам гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло гўзалликни яхши кўради. Пайғамбар алайҳиссалом жоҳилият пайтидан қолган хунук исм ва лақабларни чиройлисига алмаштирганлар.
Кимдир жоҳил ва нодонлиги туфайли бирон танишига, ҳатто дўстига лақаб қўяди. Ҳазил тариқасида айтилган лақаб кейинчалик бошқа нодонлар томонидан “илиб” олиниб, тамғага айланади. Айрим лақаблар ҳатто отадан болаларга “мерос” бўлиб қолади. Лақаб қўйиш қишлоқларда кенг тарқалган. Айниқса ҳайвонларнинг номи билан аташ нодонлиги борки, бундан ҳазар қилинса яхши бўларди. Чунки кимнидир “мол” ёки “макиён” деб аташ ҳақоратнинг айни ўзидир. Қаранг-да, “лочин”, “йўлбарс” ёки “бургут” деб лақаб қўйилмайди. Айнан кишини камситувчи номлар танланади. Ёки кишининг жисмоний камчилигини таъкид этувчи сифатлар қўйилади. Каминани соҳибқирон Амир Темурни баъзан ёзма адабиётларда ҳам “Темурланг” дейишлари ажаблантиради. “Ланг” – чўлоқ, оқсоқ деган маъно англатишини, “Темурланг” – “чўлоқ Темур” эканлигини кўпчилик билмайди шекилли-а?
Чустда Ғовасой деган сўлим жой бор. Шинаванда улфатлар даврасида эдим, ўзларининг бир ҳазилларини кула-кула айтиб беришди. “Хўтик” лақабли дўстлари катта-кичикнинг олдида уялаётганини айтиб, бу сўзни тилга омасликларини илтижо қилибди. “Марҳаматли” дўстлар “майли, аммо битта ош қилиб берасан, ўшанда лақабдан кечамиз”, дейишибди. Содда дўст бунга кўниб, чойхонада ош дамлабди. Ичадиганини ичиб, ейдиганини еб, роҳатланган дўстлар зиёфат охирида “Омийн, энди сени “хўтик” демаймиз, анча катта бўлиб қолдинг, бугундан бошлаб “Эш-шаксан!” деб қочиб қолишибди… Бу ҳазил уларга қимматга тушибди, ўттиз йиллик дўстлари улфатдан чиқибди.
Фантастиканинг ватани – Шарқ!
Биринчи китобимга доир хотираларни жиндек тизгинлаб, фантастика ҳақида озроқ фикр юритсам, дейман. Чунки адабиётнинг бу тарзини кўпчилик тўғри англамайди. Ёдингиздадир, Москвадаги йиғинда “Фантас-тиканинг ватани – шарқ” деган мавзуда сўзлаганимни баён қилиб эдим. Диққатингизни шу мавзуга тортишга ижозат беринг:
Тилга олганим Москвадаги мажлисда рус фантастикасининг тақдири ҳақида ташвишланиб гапиришган эди. Сабаби: ёшлар орасида фантаст ёзувчилар ғоят кам экан. Шунда мен сўзга чиқиб ўзбек адабиётида аксинча, бизда фантастларнинг деярли ҳаммаси ёшлардан, деган эдим.
1966 йили “Шарқ юлдузи” журнали фантастика тарзида болалар учун ёзилган “Ойга сафар” сарлавҳали ҳикоямни нашр этди. Бахт уммонида шодлик билан суздим. Ўшанда адабиёт гулшанининг дарвозаси мен учун ҳам очилгандай бўлиб эди. Кейинроқ ўйлаб қарасам, шу кичик ҳикоянинг нашр этилиши барча фантаст ёзувчиларга тиланган “оқ йўл” экан. Ўзбекистонда фантастиканинг ривожи бошқа жумҳуриятларга нисбатан анча яхши бўлди. Бизда устоз ёзувчилар, ноширлар ва муҳаррирлар бу жанрга монелик қилмадилар. Аксинча, қизиқиш билан қарадилар, ёрдам бердилар. Қўшни жумҳуриятларда фантастик асарлар нашр қилиш қийин эди. Шу сабабли уларда бу соҳада ўсиш бўлмади.