Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

Айзек Азимов, Клиффорд Саймак, англиялик Герберт Уэллс, Джон Уиндем, Артур Кларк, чехиялик Карел Чапек (“робот” атамасини айнан шу адиб ихтиро қилган), россиялик Алексей Толстой, Иван Ефремов, ака-ука Стругацкий, Беляев, Казанцев каби адибларнинг асарларини миллиардлаб мухлислар ўқидилар, десам янглишмайман. Уларнинг асарлари асосида яратилган бадиий фильмларнинг томошабинлари ундан-да кўп.

      Ўтган даврда кўп нарсаларни Европа билан боғлаб ўрганиб қолганмиз. Европанинг дунё тараққиётидаги ўрнини ҳеч ким рад этолмайди. Аммо ҳамма нарса тарихий далил асосида, холисона ва аниқ бўлиши керак. Яқинда Ўзбекистон телеканалида “глобус XV асрда Европада кашф қилинган”, деган “янгилик”ни эшитиб, ажабландим. “Адашиб айтиб юборишди шекилли”, деб ўйлаган эдим, бир неча кундан сўнг бу “янгилик” яна такрорланди. Бу қанақаси?! Беруний замонида глобус мавжуд экани тарихдан маълум-ку? Бу “янгилик”ни тайёрлаган мухбир дўстимиз қайси бир европа манбаидан фойдаланганлар, ўзимизнинг тарихимиздан эса бехабар эканлар. Бу уятли ҳолдир.

      Энди фантастика ҳақида тушунча бериб ўтсам: “фантастика” юнонча сўз, тасаввур (хаёлот) санъати деган маънони англатади. Шу нуқтаи назардан қаралса, фантастиканинг дастлабки намуналарини эртакларда кўрамиз. Ўзи учар гиламлар, ойнаи жаҳон каби тасаввур мевалари эртак-лар, афсоналардан ёзма адабиётга ҳам кўчган. Жаҳон адабиётида Гомернинг “Илиада”сида, Овидийнинг “Метаморфоза”сида, Франсуа Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюэл”ида, Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”ида ва яна шу каби юзлаб асарларда, ҳамда “Маҳабҳорат”, “Минг бир кеча” каби асарларда фантастика унсурларини учратамиз. Йиллар ўтгани, илм-фан ривожлангани сайин фантастика жанри шаклланиб борди. Бошқачароқ айтилса, илмийлашиб борди. Энди шунчаки “учар гилам” эмас, ўн саккиз минг оламни айланиб чиқа олувчи фазовий кемалар тасвирланадиган бўлди. Энди шунчаки қиёмат эмас, ядро урушининг азобли оқибатлари инсон қисматларининг тасвирлари орқали баён этиляпти. Энди “бир бор экан, бир йўқ экан”, тарзидаги гаплар билан ишонтириб бўлмайди. Ёзувчи йигирма бешинчи асрдаги воқеага ўқувчини ишонтириши зарур. Бунинг учун фақат бадиий адабиётга доир маҳорат эмас, аниқ фанлар тарихи ва келажагидан ҳам билимга эга бўлишлик талаб этилади. Бу осон иш эмас, фантастика соҳасида қалам тебратиш истагида бўлган ёш ижодкор дўстларимга бу йўлда матонат тилайман.

      Шу ўринда азиз мухлисларимиздан узрим ҳам бор. Гап шундаки, ке-йинги йилларда кўп китоблар нашр этиляпти. Кўплиги яхши, лекин сифат масаласи ачинарли бўляпти. Айрим нашриётлар мўлроқ фойда олиш мақсадида энг паст навли қоғозларга босяптилар. Елим ҳам, тикилиши ҳам сифатсиз, китоб бир-икки варақлаганда титилиб кетяпти. Бу соҳада ёзувчиларни хомуш қилаётган яна бир муҳим масала бор. Китобларда имло хатолар жуда-жуда кўп. 2005 йилда нашр этилган “Қора фаришта” китобимни ўқиб, ўзим ҳам уялиб кетган эдим. Нўноқ муҳаррир, нўноқ мусаҳҳиҳ қўлидан чиққан