Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

– дедим мен. – Бу фожианинг сабабини ўрганувчи ко-миссия ташкил қилинибди. Устозимиз Пиримқул Қодиров раис эканлар.

      – Аниқлаш қийин эмас-ку?! Аскарларда автомат бор эди, лекин ўқларининг ичи бўш (холостой патрон) эди. Буни ўқ овозидан билса ҳам бўлади. Жанговар ўқнинг овози бошқа. Жанговар ўқ фақат полковникнинг тўппончасида бор эди. Йигитларни ўша отиб ўлдирган, текширувчи комиссиянинг кераги ҳам йўқ! Битта виждонли эксперт бўлса етарли – дарров аниқлаб беради.

      Жамолиддиннинг куюниши бежиз эмасди. Комиссия тузилгани билан ҳеч бир иш қилмади, ҳеч нарсани аниқламади, ўқ узган полковник жазога тортилмади. Баъзилар “Пиримқул ака миллат учун ёнмайдиган одам, суст ҳаракат қилди”, деб ножоиз айбладилар. Устоз кескин ҳаракат қилганларида ҳам натижа шундайлигича қоларди. Чунки совет армияси полковнигини жазога торта олувчи куч йўқ эди. Жамолиддин кейинги учрашувларимизда ҳам бу фожиани бот-бот эслаб, эзилар, “энди мен қандай одам бўлдим, энди ўшалар билан бирга хизмат қилишим мумкинми? Уларга ҳамтовоқ бўлиб юравераманми?” – деб ўзини ўзи айблар эди.

      Бу воқеа содир бўлишига ҳали йигирма йил бор, ўшанда, 1970 йилда у ҳарбий қисмдаги халқлар дўстлигига бағишланган тадбирда ҳузурланиб қўшиқ айтган эди. У қўшиқ айтаётган дамда эса, ошхона томонда бошқача “халқлар дўстлиги” тадбири бошланган эди.

      Икки ой аввал хизматга келганлар орасида доғистонлик ака-ука ҳам бор эди. Муҳаммад ва Тенгиз аварлардан бўлишса-да, биз билан қўмиқ тилида эркин гаплашишарди. Бу йигитлар ҳам худди чечен Алихон сингари ўз ғурури учун ўтга киришдан тоймас эди. Тенгиз Махачқалъа педагогика институтида бир ярим йил ўқиб, ташлаб кетган экан. Фикрлари тиниқ, илмли йигит эди. Русларнинг истилоси ҳақида, озодлик урушида жон берган имом Ғози, имом Ҳамзатлар, имом Шомилнинг ҳаёти ҳақида менга Тенгиз сўзлаб берган эди. Мен Ҳожимурод ҳақидаги Лев Толстойнинг асарини ўқиган эдим. Ундан олдинроқ, болалигимда Михаил Лермонтовнинг “Замонамиз қаҳрамони” асарида ҳам истилога доир воқеалар билан танишгандим. Кейинроқ Расул Ҳамзатовнинг “Доғистоним” асарида ҳам Шомил ҳаётига доир сатрларни ўқиганман. Шоирнинг “Сен ўтмишга тўппонча билан ўқ узсанг, келажак сени замбарак билан ўққа тутади”, деган ҳикмати шу баёнга тегишли эди. Ўша йиллари бу фидойилар ҳақида роман ёзиш нияти туғилган эди. Орадан қирқ йилдан ортиқ вақт ўтди. Бу ният ҳалига қадар тирик. Аллоҳ умр ва қувват берса, бу мавзуда тўплаган маълумотларим қоғозга тушар, инша Аллоҳ.

      Ака-ука доғистонликлар “Халқлар дўстлиги”га доир тадбир ўтаётган пайтда тошкентлик йигитни ҳимоя қилиб рус-украин сержантлар билан муштлашаётган эканлар. Улар ошхонада гўлахлик вазифасида хизмат қилардилар. Ўша куни ошхонада навбатчилик қилаётган тошкентлик аскар йигитни сержант аввал ҳақоратлабди, кейин уриб, тепкилай бошлабди. Буни кўриб қолган Тенгиз чорасиз йигит ҳимоясига ташланибди. Кейин Муҳаммад акаси изидан югурибди. Хуллас, бошқа славянлар ҳам қўшилиб, катта жанг бошланибди. Мен бу пайтда “дўстлик”