Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

Йўқ… – Тенгиз мийиғида кулди: – Мен – аварман! – Тенгиз бу гапни ифтихор билан айтди. – Авар деган халқ бор бу дунёда, эшитганмисан?

      Нуриддин эшитмаган эди. Бир оз хижолат бўлгани ҳолда бу ҳақиқатни тан олди.

      – Сен мени гуржига ўхшатма. Улар Қофқазни сотишган. Менинг бобобларим эса қофқазимизни бу кофир тўнғизлардан ҳимоя қилган. Имом Ҳамзат, имом Шомил, Ҳожимуродларни эшитганмисан? Ҳа, эшитмагансан.

      – Мен… ўқимаганман. Саккизинчини битириб, далага чиқиб кетганман. Кейин ҳарбийга чақиришиб, Афғонга ташлашди. Кейин бу ерлар… қўлимга битта китоб олиб ўқимаганман сира.

      – Унда сени “эш-шак” деганлари тўғри экан. Қайсарлигинг учун эмас, ўқимаганинг сабабли эш-шаксан. Ўқимаган одамнинг эш-шакдан нима фарқи бор? Сен менинг тарихимни билмайсан. Ўзингникини биласанми? Сенинг ҳамзатларинг, шомилларинг борми? Билмайсан! Эш-шак ҳам ўзининг ота-боболарини билмайди. Гапларимга ҳайрон бўляпсанми? “Ўғридан ҳам шунақа гаплар чиқадими?” деяпсанми? Мен ўғри бўлиб туғилмаган эдим. Ота-бобом ҳам ўғри эмасди. Мен ўзимникиларнинг ушоғига ҳам хиёнат қилмаганман. Мен еримга ўғри бўлиб босиб кирганларнинг мол-жонига қирон келтираман. Мен ўғри эмас, қасоскор, хунхўрман! Аммо ўғри деган унвонни олганман. Мен учун қасоснинг ўзгача йўли йўқ. Биласанми, мен салкам олий маълумотли файласуфман. Ҳа… мени тўртинчи курсдалигимда ҳайдашган. Ленинградда ўқирдим. Бир профессор бор эди, – Тенгиз шундай деб истеҳзоли жилмайди. –Николай Александрович Цагоев деган. Қизиқ, а? Исми ўрисча, насаби тоғликларники. Кейин билсам асли Назир Алиевич Цагоев экан. Тилимни тиёлмай ўшанга бир куни айтдим: “Муҳтарам профессор, майли, ўзингизнинг исмингизни ўрисча қилибсиз, отангизнинг шундай чиройли исмини нега ўзгартирасиз? Сизда тоғликлар номусидан заррача борми?” дедим. У энағар мени комсомол мажлисига қўйди. Менинг қайсарлигим тутиб, мажлисда аварча гапирдим. Ўша профессорнинг ўзи таржимақилиб турди. Ўрис деганларнинг жазавалари тутганини кўрсанг эди. Қўлларидан келгани – мени комсомолларидан ҳайдашди. Шартта туриб: “Мен аварман! Аварлигимча ўламан! Тупурдим сенларга!” – дедим. Шу баҳона бўлиб ўқишдан ҳайдашди. Кейин мен бу “ўқишга” кирдим. Биринчи қилган ишим – Цагоевнинг уйини босдим. Авар князлари ҳам унчалик бой бўлишмагандир. Тоғлик йигитларни ўқишга киритиб қўяман, деб тозза шилар эди у энағар. Уйини шилиб, қолган-қутганини ёқиб юбордим. Ўн йил бадалида икки марта қўлга тушиб, пишдим. Ўн биринчи йили “қонундаги ўғри” мартабасини бериб, менга тож кийдиришди. Энди билдингми, кимлигимни? Бу тўнғизлар мени қул қилиш учун еримга бостириб киришган эди. Энди уларнинг ўзлари менинг қулим. “Бифштекс”ни ўлдирганинг учун заррача афсусланмадим. Бу энағарлар қанча кўп ўлса, шунча яхши. Сен эса… яшашинг керак! Мен сенга “Ҳамзат” деб ном бераман. Шомил билан Ҳожимурод ҳам бизнинг қаҳрамонларимиз. Лекин мен уларни унча яхши кўрмайман. Улар охири синишган. Ўрисга таслим бўлишган. Ҳамзат эса, синиш у ёқда турсин, ҳатто салгина эгилмади. Жойнамознинг устида боши узилди. Сенда ҳам шунга яқин фазилат кўрдим. Шунинг учун сенга меҳрим тушди.