Тохир Хабилов

Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи (ИККИНЧИ КИТОБ)


Скачать книгу

Боймирза Ҳайит, Булоқбоши каби номларни хориж радиолари эшиттиришлари орқали билардик, аммо аниқ бир фаолиятларидан хабарсиз эдик. Уруш пайтида немислар “Туркистон легиони” тузганларини совет тарихчилари китобидан билганмиз. Улар бу легионни худди власовчиларни айблашгандай “Ватан хоинлари” либосида тасвирлар эдилар. Власовчилар жангга кирганлар, “Туркистон легиони”нинг жанг қилгани ҳақида маълумот йўқ. Эҳтимол, Гитлер уларни ўз ғалабасидан кейин Туркистонда тартиб ўрнатиш учун сақлагандир? Олуорт каби советшуносларнинг чиқишлари ҳам асосан советларни танқидга олишдан иборат эди. Хуллас, хориждаги “ватанпарварлар”нинг қандай сиёсий ҳаракатда бўлганлари мавҳумлигича қолди. Мен улар ҳақидаги маълумотларни “Шайтанат”да доктор Худоёрнинг аламли гаплари орқали баён қилишга уриниб кўрган эдим:

* * *

      – Афандим, – деди доктор Худоёр, унинг сўзини бўлиб, – буни мен-да дуруст англаюрман. Бироқ, Шермуҳаммадбек курашни давом эттирмаги мумкин бўлмаган экан, Ватанда душман қўлидан ўлим топмоғи шарафлироқ эмасми эди?

      – Ажаб! Ажаб! – деб юборди Саъдуллохон, овозини бир оз баландлатиб. – Сизнинг бу гапларингиз менга Ватандаги бир шўропарастнинг сўзларини эслатди.

      – Сабр этмакни ихтиёр қилинг, афандим. Менинг-да сўзим ҳали интиҳосига еткани йўқтур. Сиз-да, афандим, ҳижратни тилга олдингиз, аммо улуғ Бадр муҳорибасини хаёлингиздан паришон қилдингиз. Англаюрманки, улуғ Бадр муҳорибасинда шаҳид бўлганлар шарафига етмак мушкул бир вазифадур. Аммо минг тўққиз юз ўн тўрт санасинда Чаноқ қалъасиндаги муҳорибани англаюрмисиз? Бир қалъада тўрт юз эллик минг шаҳид! Уч юз эллик минги талабалар! Англаюрмисиз буни?! “Кими ҳинду, кими ям-ям, кими биламан не бало…” Улар-да шаҳид бўлдилар, аммо Туркия мағлуб этилмади. Афандим, англамак жоизки, Ватан бир боғдур. Бу боғни инсон қони ила суғармак лозимдур. Афандим, мен сизга бу хусусинда бошқа сўз айтмасман. Шўропарастлар сўзларини сиз айтинг.

      Тўпланганлар ўша шўропарастнинг гапи нима экан, деган маънода кутдилар. Саъдуллохон ҳозирги гапларга ҳам муносабатини аён қилмоқчи эди, бироқ доктор Худоёрнинг “мен сизга бу хусусинда бошқа сўз айтмасман”, деб қўйиши ҳамда тўпланганларнинг тикилиб қолишлари унинг шаштини қайтарди.

      – У зоти паст айтдики, – деди у бир оз ўнғайсиз аҳволда, – ит қорни тўйган ерда, одам эса Ватанда яшармиш.

      Дастлаб эшитилганда қўпол туюлган бу мақол ўтирганлар этини бир сидра зириллатди. Бу ҳолатни сезган Саъдуллохон мазкур баҳсда мутлақ ғолиб бўлдим, деган қарорга келиб, атрофидагиларга мағрур назар ташлади. Аммо унинг ғолиблик супасини эгаллаши бир неча сониялик эди. Доктор Худоёр осонлик билан мағлуб бўлувчи тоифадан эмас эди. У ҳам ўтирганларга бир қур назар ташлаб олгач, “бошқа сўз айтмасман” деган ваъдасига хиёнат қилгани ҳолда жавоб берди:

      – “Гумраҳ улус ичра қотти, ахий, дунёга бировки дунёни сотти, ахий…” Ҳазрат Навоийга бир сўз қўшмакка ҳожат