– озода, батартиб. Аммо юз аввалги жиннихона билан бугунгисининг вазифаси бир – руҳий хасталарни шифолаш. Лекин қай тартибда? Фарқ ана шунда. Аммо бир ўхшаш томони ҳам бор эди. Сталин зулми – қамаш, отиш барҳам топгач, эркин фикрли одамларни жиннихоналарга ташлаш расм бўлган, шу сабабли ҳам зиёли аҳли “6-палата”ни тез-тез эслаб турарди. Асқар Қосимнинг айнан эркин фикрлари учун бу ерга ташлаганига ишончим комил эди. Баъзи эрлар майхўр бўлса ёки ҳуда-беҳудага жанжал қилаверса, мушт ўқталаверса, хотинлари безиб бу ерга ташлашади. Асқар майхўр эмасди, ювош эрни “хотини жойлаштирган” деган гап асоссиз эди.
Асқар Қосим доимий назоратдаги Абдулла Ориповнинг шогирдларидан эди. Қайсидир мушоирада иштирок этиб “Ўзбек бўлиб туғилмасам эдим, қўрқмас эдим бунчалар хорлик” деган сатрларни ўқигач, “бевош шоир” сифатида эътиборга олинган, яъни “хатга тушдинг – ўтга тушдинг” бўлганди. Халқимизда бир мақол бор: “Айтсам – тилим куяди, айтмасам – дилим”. Улуғ шоирларимиздан Атойи ҳазратлари ёзганлар: “Айтсам – ўлдирарлар, айтмасам – ўлам”. Араб шоири Муин Бсису ёзган экан: “Айтсам ҳам ўлдирадилар, айтмасам ҳам ўлдирадилар, айтиб ўлганим яхши”. Асқар Қосим шу тоифадан эди. Уни бу ерга ташланиши ўлим сиртмоғи сари қўйилган қадамлардан бири эканини мен у топда тасаввур ҳам қилмаган эдим. “6-палата”даги Иван Громовнинг тақдири хаёлимни пўртанадай тўзитарди:
“Унинг сўзлари… қисқа-қисқа, шиддатли… сўзларида ҳам товушида ҳам қандайдир ғоят яхши бир оҳанг бор. У инсон разиллиги, ҳақиқатни бўғувчи жабр-зулм, яна вақти келиб ер юзида бўладиган гўзал ҳаёт ва ҳар дақиқа золимларнинг аҳмоқлиги ва бераҳмлигини унинг ёдига солиб турган деразалардаги темир панжаралар ҳақида сўзлайди…
…Унда одамга аралашиш майли зўр бўлса-да, ўзининг тезлиги ва бадгумонлиги туфайли ҳеч ким билан ошна бўлолмас, дўсти ҳам йўқ эди. Шаҳар халқи ҳақида таҳқир билан сўзлаб, уларнинг қўпол, нодонлиги ва ғафлат босиб, ҳайвонларча яшаши менга қабиҳ ва жирканч туюлади, деярди. У билан нима ҳақда сўзлашманг, гапни шу томонга айлантирарди: шаҳар дим, киши зерикади, жамиятда юксак мақсад йўқ, ҳаётни жабр-зулм, фаҳш, олчоқлик билан турли шаклга киргизиб бемаъни кун кечиради, муттаҳамларнинг эгни бутун, қорни тўқ, виждонли одамлар очин-тўқин яшайди; жамиятга мактаб, тўғри йўлга бошловчи маҳаллий газета, театр, оммавий китобхонлик, илмий кучларнинг бир ўринга тўпланишлари зарур; жамиятнинг онги шунчалик оширилмоғи керакки, ўз нуқсини кўриб, кайфи учиб кетсин, деярди. У одамлар ҳақида фикр юритганда қуюқ бўёқларни беради, бошқа рангларни инкор қилиб, фақат оқ билан қорадан фойдаланади; унинг фикрича, инсоният муттаҳамларга ва тўғри одамларга бўлинади; ўрта хили бўлмайди. Хотин-қизлар ва муҳаббат ҳақида доим эҳтирос ва завқ билан сўзлайди-ку, аммо ўзи бирон марта ошиқ бўлмаган…”
Бу сатрларни эслаб мен Асқар Қосим билан Иван Громовнинг тақдирини, дунёқарашларини таққослаш ниятида эмас эдим. Зинҳор! Мени замонлар ўзгаргани билан муаммолар сал ўзгача кўринишда яшаётгани