билан янада чуқурроқ танишиш имкони туғиларди. Иккинчидан, ижод қилиш учун яхши шароит яратилганди. Талаба-ижодкор СССР Ёзувчилари уюшмаси аъзоси бўлгани учун яхши маош ва алоҳида хона билан таъминланарди.
Москвага бориш тайёргарлигини бошлашга ҳам улгурмадим. Хонамга Атҳам кириб келиб, дабдурустдан:
– Москвага боришдан воз кечинг, мен дўстим Соқий билан бораман, – деди.
– Сизлар қандай борасиз, уюшмага аъзо эмассизлар-ку?
– Шу ойда бўладиган кенгаш мажлисида аъзоликка қабул қилишади.
– Ҳали китобингиз чиқмаган бўлса ҳам қабул қилаверишарканми?
– Ҳа. Журналдаги мақолаларим кифоя экан. Маъруф акани кўндирдик, сиз бугун уюшмага хат ёзиб берсангиз бас.
Очиғини айтсам, бу талаб менга сурбетлик бўлиб туюлди. “Маъруф акани кўндирдик” дейди. Ювош одамни кўндириш учун кўп гап кифоя эмас. Мен ҳам баҳслашиб ўтирмадим, талаб қилган хатини ёзиб бердим. Москвага бордим нима-ю, бормадим нима, менга фойда-зарари йўқ эди. Лекин оилавий можаро туфайли уйсиз-жойсиз юрган Маъруф ака борсалар, икки йил ҳаловат топган бўлардилар.
Атҳам бир мақоласида Назир Сафаровнинг асарини танқид қилган экан, бу ҳақиқати ўзининг бошига гурзи бўлиб урилди. Ёзувчилар уюшмасининг бошқарув йиғилишида Назир Сафаров “Ҳали китоби чиқмаган танқидчи бола”нинг уюшма аъзолигига қабул қилинишига йўл қўймабди. Демак, Атҳамнинг Москвага бориши ҳам ўз-ўзидан бекор бўлган.
Бу икки ошнанинг худбинлиги шу билан тугамади. Кейинчалик, Ёзувчилар уюшмаси котиблигига номзодим кўрсатилганда бу худбинликка яна дуч келдимки, баёни кейинроқ битилар.
“Гулистон”даги кунларим ҳақида эсласам, устоз Асқад Мухтор ҳақида гапирмай ўтолмайман. Тўғри, уч-тўрт ўринда у муҳтарам зотнинг номларини тилга олдим. Лекин Асқад аканинг шахслари ва ижодлари ҳақида бу тўлиқ тушунча бера олмайди.
Собир
Биринчи ва сўнгги учрашув.
Ёзувчининг ўзини кўришдан аввал асарлари билан танишадилар. Қалам соҳиби дунёдан ўтгандан кейин ҳам у билан учрашадилар, учрашаверадилар. Камина ҳам шундай. Дастлабки ғойибона учрашув радиодан берилган “Опа-сингиллар” романи асосидаги спектакль. Ўтган аср эллигинчи йилларнинг охирлари эди чамамда. Радиодан эшитганларим ҳали ҳам қулоқларим остида жаранглаб тургандай. Сўнг ўқилган китоблар: “Туғилиш”, “Давр менинг тақдиримда”, “Чинор”… Ва ниҳоят – “Уйқу қочганда” – назаримда васият ўрнига битилган китоб.
Юртимнинг поёнсиз кенгликларида
Буюк жимлик, балки, аста сесканар.
Киприкдан қулаган бир томчи каби
Заиф бўлса ҳамки,
Ёпиқ бўлса ҳамки эшиклар,
Эшитилар,
эшитилар,
эшитилар
Юрагимнинг энг сўнгги зарби…
Давр унинг тақдирида… ёки У даврнинг тўфонларида…
Асқад ака ярим асрдан ортиқроқ умрларини адабиётга бердилар. Асқад ака ва у кишининг тенгдошлари ижоди ҳақида гапирилганда муҳим бир ҳақиқатни