Тохир Хабилов

Ҳаёт қайиғи (3 китоб)


Скачать книгу

келибдилар, иккитасини танладим, қолганини бошқа жойга тавсия қиларлар”, дедилар. Асқад ака “эрта-индин” деб юрмасдан шеърларнинг тақдирини ўша куниёқ ҳал қилиб бердилар. Асқад ака танлаган шеър адабиёт бўлимига ўтгач, ундаги талабчан акамиз Маҳмуд Саъдиновга ёқмади. Асқад ака “Менга ёққан сенга ёқмайдими”, деган маънода таъна қилмадилар, “Шеърни, албатта, чиқарасан”, деб зўрламадилар ҳам. Чунки шеърларни умумий талаб даражасидан пастроқ эканини ўзлари яхши билардилар. Эътиборли ёзувчининг тавсиясини ҳурмат қилибми, иккитагина шеър танлаган эдилар. Шу иккита шеър чиқса журналнинг савияси тушиб кетмас эди. Лекин бўш асарларга озгина бўлса ҳам йўл очиларди. “Фалон асар чиққанда буниси чиқса нима қилибди?”, деган фикр ғолиб бўла бошларди. Шу боис ҳам Бош муҳаррир бўлим бошлиғининг ҳукмини бекор қилишни истамаган эди.

      Халқда “Мевали дарахтга тош отилади” деган мақол бор. Асқад аканинг дарахтларидаги мевалар бағоят мазали бўлгани учунми, тош отишга ишқибозлар кўп бўларди.

      Ҳаммаёқда “уҳ, уҳ!” – болта чопган товуш

      Тилкалармиш юрак-бағримни.

      Битта-битта, гурс-гурс йиқитишармиш

      Бодраб гуллаб ётган олчаларимни.

      “Чинор” романи нашрдан чиққан кунлар эди. Адиблардан бири асарни танқид қила кетди. Романнинг дастлабки сатрларида узоқда кўринаётган улкан чинор булутга ўхшатилганди. Танқидга берилган биродаримиз шу жумлани ушлаб олганича асарни булғашга ҳаракат қилаверди. У билан баҳслашишга уриндим. Барака топкур, бировга гап бермайди. Шунда “Китобни охиригача ўқиб чиқдингизми?” деб сўрадим. Ажабки, “танқидчимиз” ҳали китобни кўрмаган ҳам эканлар. Ўша биринчи жумлани ҳам бировдан эшитибдилар. Шунақа ҳангомалар ҳам бўларди.

      “Ошкоралик” деб ном олган кунларда Асқад акани ҳақорат қилиш даражасида айблаб ёзилган мақола газетада эълон қилинди. Ўшанда устоз анча бетоб эдилар. Мақоланинг саломатликларига қанчалик зарар етказгани ўзларигаю, оилаларига аён. Ўшанда Асқад ака фақат ўзларига хос бўлмиш донолик билан раддия ёздилар. Раддиянинг охирида муҳаррирга қарата: “Ким нима ёзиб келса, ўйламай-нетмай босаверасизми? Мен “фалончи ароқ ичавериб мияси айниб қолган” деб ёзсам ҳам чиқарасизми?” деб пичинг қилган эдилар.

      Ўша “мияси айниб қолган” одам репрессия йиллари Асқад акани улуғ бир шоирни қаматишда айблаган эди. Бу туҳмат Асқад акани яхши билган барча ижодкорларга оғир ботди. Мен “Шайтанат”ни ёзаётганимда ўша воқеани ҳам сал ўзгартирган ҳолда баён қилган эдим. Анварнинг устозларидан бири Ҳикмат Ўролов деганда Асқад акани назарда тутган эдим.

* * *

      Ҳикмат Ўролов шаҳар марказида, олимлар учун махсус қуриб берилган икки қаватли уйда яшарди. Эшик қия очиқ бўлса ҳам Анвар қўнғироқни босди. Дам ўтмай остонада Ҳикмат Ўроловнинг хотини кўринди. Эрини бениҳоя тарзда иззат қилувчи, ҳар қандай бетаъсир шамолдан асрашга интилувчи, сочлари текис оқарган хушрўй, хушмуомала бу аёл барчани ширинсўзлиги билан мафтун этарди. Ҳозир ҳам