балиқни ипга териб, ошхонага тантана билан кириб келганда барча уни қарсаклар билан олқишлади. Назаримда шоирлар балиқчи ҳамкасбларини эмас, Берлиндаги Рейхстагка Ғалаба байроғини илиб қайтган қаҳрамонни шарафлаётгандек эдилар. Каминага маълум бўлишича, шоир акамиз, “қаловини топсанг қор ҳам ёнади”, деганларидек, меҳмонни Сирдарёга олиб борувчи йўл заҳматидан қутқариб, шаҳар аҳлига сотиш учун олиб келиниб, сақланадиган катта ҳовузга рўпара қилибдилар… Бу ҳол менга “Жавоҳир қўл” кулгили фильмидаги балиқ овини эслатади.
Нонуштадан кейин шаҳар биқинидаги “Боғи шамол” аталган янги истироҳат боғини кўрсатдилар. Боғ қурилиши ҳали ниҳоясига етмаган бўлса-да, меҳмонларда яхши таассурот қолдирди. Бу жойлар аввал қуп-қуруқ адир эди. Бектош аканинг ташаббуси билан сув чиқарилиб боғ қилинган бу жой ҳозир андижонликларнинг севимли масканига айланган (Бугун унда ҳузурланаётган ёшларга кексалар боғнинг тарихидан сўзлаб, Бектош ака ҳақларига дуо қилиб турсалар ажиб савоб бўлур эди. Бектош ака Андижондан Самарқандга ўтганларида ҳам бу каби ибратли ишларни давом эттириб, биринчи галда Регистонни обод қилишга аҳамият бергандилар. Самарқандлик бахшиларнинг таваллуд тўйларини нишонлаб, уларнинг хотираларини абадийлаштириб, халқ дуосини олгандилар).
Андижондан чиқиб, меҳмонларни Пахтаободга олиб бордилар. Қишлоқдаги мадраса биноси таъмирланаётган экан. Меҳмонлар наққошлар билан суҳбатлашиб, уларнинг маҳоратларига тан бердилар. Кейин колхоз боғига бошладилар. Гилослар ғарқ пишган, лекин мевалар сира терилмаган эди.
– Меҳмонлар ўз қўллари билан териб есинлар, деб тегмадик, – деди раис кулиб. – Обком бува мева топшириш режамизни ҳам бекор қилдилар.
Шу дамга қадар меҳмонлар дастурхондаги меваларни еб ҳузурланаётган эдилар. Боғда юриб, меваларни териб ейиш уларга алоҳида роҳат бахш этди. Дастурхон атрофида шону шарафлар, мадҳу санолар авж олди. Бир маҳал зиёфатга жўрабошилик қилаётган туркман шоири “Икки кундан бери хизматимизни бекаму кўст бажараётган шоир Олимжон Холдорга сўз берамиз”, деб қолди. Бу пайтда Олимжон ака ташқаридаги хизмат билан банд эдилар. Шунда Эркин Воҳидов:
– Олимжон Холдорнинг ўрнига гапирсам майлими? – деб ўринларидан турдилар.
– Сиз Олимжон Холдорнинг ўрнига гапиришингиз мумкин, лекин Олимжон Холдор Эркин Воҳидов ўрнига гапирмайди, – деган сўз ўйини билан ҳазил қилдилар.
– Мен бир нарсага диққатингларни қаратмоқчиман, –дедилар Эркин ака жиддийлашиб. – Кеча шаҳарда бир мадрасани, бугун бу ерда иккинчисини кўрдинглар. “Мадраса” – бугунги тил билан айтилганда “университет” дегани. Шаҳарларда билим масканлари борлиги табиий ҳол. Лекин қишлоқда университет фаолият юргизганини ҳамма ерда ҳам кўравермайсиз. Агар имкониятингиз бўлиб, республика бўйлаб сафар қила олсангиз, жуда кўп қишлоқларда бундай университетларни кўрасиз. Бугунги китобларда “Революциядан илгари ўзбек халқининг 99 фоизи саводсиз