довдираб турган кассирга яқинлашди.
– Ишни пухта қил. Эртага битта-битта келади ҳаммаси. Сен бултургига қараб тайёрлаб қўявер, қўл қўйдириб оласан. Опачанг ҳам қўл қўйиб беради.
Бу гапдан кейин кассирнинг кўнгли бир оз ёришди.
– Опачам шу ердалар, – деди қувлик билан.
– Ростданми? Жўна бўлмаса.
Тўхтамиш кассирнинг орқасидан даҳлизга чиқиб, бош агрономнинг эшигини тортди: берк. Мавлуда ичкарида можаро кучайиб, Тўхтамиш “Гап тамом!” дейиши билан чиқиб кетган эди.
Анча нарига бориб қолган кассир елка қисди.
– Ҳозир кираётганимда шу ерда эдилар, – деди айбдор оҳангда.
– Тўхта, шпионликни сенга ким қўйибди! Олиб чиқ ҳаммасини, пунктга борамиз.
Пункт дарвозаси олдида пахта ортилган темир аравалар тирбанд эди. Тўхтамиш кассирни машинада қолдириб, ўзи ҳовлига ўтиши билан совхоз вакили қуллуқ қилиб келди.
– Графикдан чиқадиганмизми?
– Қийин-ов…
– Хўжайин шу ердами, сен кутиб тур. – Тўхтамиш шундай деб идорага кирди. Тамаки ҳиди анқиётган хонада пахта заводининг директори билан пункт мудири ўтирган эди. Тўхтамиш улар билан кундузи омонлашган бўлса ҳам, қайтадан сўрашди.
– Бизнинг ишимиз нима бўлади энди? – деди суянчиғи лиқиллаб турган стулга омонатгина ўтириб.
– Сизнинг ишингиз нима бўларди, беш бўлади-да, – деди завод директори унга жилмайиб қараб: – Сизга қайишмасак, кимга қайишамиз? Қабул қилувчингизни чақиринг-чи?
Пункт мудири чиқиб кетди. Тўхтамиш завод директори узатган чойни олиб ҳўплади.
– Биздан кўнглингиз тўқ бўлсин. Ҳозир десангиз, ҳозир. Машинада турибди.
– Йўқ, ҳозир эмас. Энди бу ерга олиб келманг. Икки кундан бери органнинг одами айланиб юрганмиш.
– Ўзимизданми?
– Ҳа, Нусратов деган йигит экан.
– Э, у бир мишиқи бола, шундан чўчиб ўтирибсизми?
– Ўйнашманг, улар билан ўйнашманг. Шу мишиқилари ёмон.
Уларнинг гапи чала қолди. Пункт мудири билан қабул қилувчи олдинма-кетин кириб келди.
– Қанча пахтанг бор? – деб сўради завод директори.
– Ҳозирча юзта, – деди қабул қилувчи.
– Ҳаммасини акангга ёз. Шу ўн кунлик аканг айтгандек бўлиши керак. Бошқаларни сал тортиб қўй.
– Хафа бўлишади-да.
– Ўзим тушунтираман. Бу йил ҳосил яхши, ҳеч ким доғда қолмайди, нима дедингиз, Тўхтамиш Омонтурдиевич?
– Сизлар бор, нима ғамимиз бор.
– Бўпти, сен боравер, – деди завод директори қабул қилувчига. – Ана, иш пишди, директор бува, энди уйингизга бориб, янгамни хурсанд қилаверинг. Менам борай.
Тўхтамиш кассирни уйида тушириб қолдириб, идорага келди. Ичкарига кириб диванга ёнбошлади. Бўлим бошқарувчиларининг ҳолати кўз олдига келиб, кулимсиради. “Иштони йўқлар иштони йиртиққа кулиб нима қиларкин? Аҳволи маълум-ку, ҳаммасининг. Зўрман дегани тўқсонга етиши мумкин. “Ҳотамтой”нинг ишни бузгани бир жиҳатдан яхши бўлди. Энди тилим узун. Ўзлари ялиниб келишади. Орада гувоҳсиз битади иш. Нур устига-нур! “Ҳотамтой” билан