Оқибатда мана бунақа дийдиё қиламиз. Сиздан илтимос: агрономлар билан яхшилаб гаплашиб олинг. Ҳосил тақдирига обком секретари ҳам, совхоз директори ҳам жавоб бермайди. Жавобгар битта – агроном. Агар Чори оғанинг бригадаси планни бажармаса, сен билан бошқа ерда гаплашаман. Эсиз сенга агрономнинг дипломи!
Мавлуда унинг усталигидан ҳайратга тушди. Ўз бўйнига ташланган айб сиртмоғини ҳеч кимга сездирмай хомсемиз агрономнинг бўйнига ташлади-қўйди. Ташлаганда ҳам, осилажагини аниқ қилиб, тортиброқ қўйди. Калтакнинг бир учи Комилга ҳам тушди. Агар Мавлуда бўлмаганда: “Бош агроном ундай эди, бундай эди”, деб тупроққа қориштириб ташларди. Бунақа ишдан қайтмайди у. Мавлуда яна бош кўтараётган нафратини ичига ютиб, индамай ўтираверди.
Тўхтамиш принципиаллик, ҳалоллик, коллективизм ҳақида анча гапирди. Кунлик оширилган норма бўйича янги график белгилади. Ҳаммаси тушунарли бўлиб, саволларга ҳожат қолмагач, хонада фақат бўлим бошқарувчилари қолишини илтимос қилди. Рухсат текканлар чиқиб кетгач, Мавлудага юзланди:
– Сиз ҳам дамингизни олинг. Бизнинг эркакча гапимиз бор.
Мавлуда даҳлизга чиқиб, эшикни қия ёпди. Хонасига кириб, эшигини очиқ қолдирди.
– Кассирни чақир, – деди Тўхтамиш, пойгакда ўтирган йигитга. Кассир уларни узоқ куттирмади.
– Сейфингда қанча пул бор? – деди Тўхтамиш, столи тортмасидан нимадир қидирган бўлиб.
– Уч-тўрт сўм бор.
– Мингми?
– Ҳа, уч-тўрт минг.
– Ҳей, қанақа одамсиз ўзи, – деди кассирни чақириб келган йигит, – ҳали мен сўраганда тийин йўқ девдингиз-ку?
– Мен ҳисобни директорга бераман, сенга эмас.
– Хўш, пул сенга нима учун керак бўлиб қолди? – деди Тўхтамиш, унга қовоқ уюб.
– Одамлар икки-уч ойдан бери маош олишгани йўқ. Норози бўлишяпти.
Тўхтамиш ўрнидан туриб у томон бостириб келди.
– Вей, Ҳотамтой ака, одамлар пулсиз қолишдими? Раҳмингиз келяптими? Биз, бераҳм, золимлар пулни курк товуқдай босиб ётибмизми?.. – Тўхтамиш унга еб қўйгудай бўлиб тикилди. – Ҳой, бойвачча, миллион пулинг бўлса, ана, одамларингга бўлиб бер. Сен нимангга кериласан ўзи! Графикдан чиқолмай тупроққа беланиб ётибсан-у, ақл ўргатасанми, менга?! Мен билан олишма, бола, чурранг тушиб қолади.
Директорнинг хонасида чиндан ҳам эркакча гап бошланган эди. Мавлуда ҳозиргина юксак туйғулар ҳақидаги гаплар чиққан оғиздан энди учаётган гаплар, дағдағаларни эшитиб ҳайратга тушарди. Тўхтамишнинг найранги, тилёғмалиги, айёрлиги унга маълум эди. Бунақа осмондан келишига эса, энди гувоҳ бўлиши. Худди эртакка ўхшайди, сеҳргарлар бир юмалаб шерга, бир думалаб қуёнга айланганидек, директор Ватан манфаати учун қайғурувчи доно раҳбардан бир думалаб бозордаги паттачига айланди-қолди.
Тўхтамиш ғазаб ўқларини “Ҳотамтой” бўлим бошқарувчисига отиб бўлгач, жойига келиб ўтирди.
– Яна кимнинг бўлимидагилар норози, кимга маош бериш керак? – Тўхтамиш ғазаб ўқларидан яраланиб, чалажон бўлган йигитга яна бир ўқрайиб, “сендан ўргилдим”, деб тўнғиллаб