Тохир Хабилов

Ҳаёт қайиғи (3 китоб)


Скачать книгу

дарров жавоб бермади. Қаҳвадан ҳўплади.

      – Жонимга тегди, – домласининг кўзига қарашга ботинмай, – чидолмайман.

      – Нима бўлди?

      – Мана бу ерим кирланиб кетяпти, – Комил шундай деб кўкрагига уриб қўйди.

      – Очиқроқ айтишинг мумкинми?

      – Очиқроқми… мумкин. Совхозларда унча-мунча найранглар бўлишини билардим-у, аммо беш қўл баробар оғизга солинишидан хабарим йўқ экан. Йўқ пахталар билан план, мажбурият бажаришади. Айтсам тилим, айтмасам дилим, дейишади-ку… Яқинда бир бўлим бошқарувчиси менга ёрилиб қолди. Терилмаган пахталар терилди деб ведомость тайёрлашаркан, одамларнинг ўрнига ўзлари қўл қўйишаркан. Шунга мени ҳам шерик қилмоқчи бўлди. Бултур пул бермоқчи бўлди.

      – Олмадингми?

      – Йўқ.

      – Виждонинг йўл қўймадими?

      – Ҳа. Пахтани пахта десам, бошқа ишлардан ҳам латта ҳиди келяпти. Бу йил эллик гектарга шоли экдик. Қоғозга қарасам – ўттиз гектар. Индамадим. Кейинроқ бориб ўн беш гектардаги уруғ чириб кетди, деб акт қилишди, кейин яна етти гектарга. Хуллас, топшириладиган шоли уруғликни ҳам қопламаса керак. Сабзавотлар ҳам шу. Болалар беркинмачоқ ўйнашади-ку, эсингиздами, бир бола кўзини юмиб, “бўлдими, бўлдими”, деб туради. “Бўлди!” дейилганда, қарайдики, атрофида ҳеч ким йўқ. Буларнинг иши ҳам шунақа. Полизларга қараб “пишдими, пишдими?” дейсиз. Улар “йўқ, йўқ”, деб туришади. Бирдан “пишди!” дейишади. Кўзингизни очасиз-у, бўм-бўш далани кўрасиз…

      – Менга қара, шолининг актларига қўл қўйганмисан?

      – Ҳа.

      – Унда “акт қилишди” эмас, “акт қилдик”, “буларнинг иши шунақа” эмас, “ишимиз шунақа”, деявер.

      – Домлажон, унақа деманг, мен уларга шерик бўлганим йўқ, виждоним пок.

      – Виждон, виждон дейсан… Нимаси поклик?! Ғирром актларга қўл қўйсанг, йўқ пахталар топширилди дейилса – қўл қўйсанг, ғирромликларни кўриб кўз юмсанг… Шуми поклигинг. Ҳа… у пул берибди-ю, сен олмабсан, ҳазар қилибсан! Буюк жасорат! Виждон пок. Бош агрономга ҳамма таъзим қилиши керак!

      Комил ўзини оқлашга гап тополмай қолди.

      – Ғирромликларни икки йилдан бери кўряпсан. Нимага шу топгача индамадинг? Индай олмас эдинг. Шартни буза олмасдинг. Сиздан угина, биздан бугина.

      – Ким айтди сизга?!

      – Биров айтиши шартми? У сенга чархпалак ясаттириб берди, сен унга диссертация ёзиб берасан, ғирромликларини кўриб, кўрмаганга оласан. Шу ҳам покликка киради-да, а? Чархпалакларинг кимнинг ҳисобига қурилган, совхоз учун бу ишга маблағ ажратилмайди-ку? Афсус, минг афсус… Олим бўласанми, ё бўлмайсанми, ихтиёринг, аммо одам бўлишга, ҳалол бўлишга мажбурсан, чунки мен кўпчилик олдида сенга кафолат берганман, Садиров жамиятнинг фаол аъзоси, курашувчи аъзоси бўлади деб одамларни ишонтирганман. Илмда янгилик қилмасанг, ранжимайман, ҳақиқатни юзага чиқариш учун курашмасанг… Ҳа, шу йигитга қўшиб мени ҳам жазоланг, мен сизларни алдабман дейман. Ҳаромдан ҳазар қилган одам покиза бўлавермайди. Ҳаромни йўқотиш учун курашган