адиблар то ҳозирга қадар фойдаланадилар. Бугунги ёшларимиз “Кўринмас одам” фильми билан таниш бўлсалар керак. Камина 1967 йилда бу асарни ўқиб чиққач, физикадан, хусусан, нур синиши ва қайтиши қонунидан озгина хабардор бўлганим учун адибнинг илмий ғоясида хато кўргандек бўлдим. Агар кўринмас одам Уэллс ғояси бўйича яратилса, у кўр бўлиб қолиши керакмасми, деган фикрга келиб, ўзимча бунинг янги йўлини излай бошладим.
Ўша йили тоғам – Мирзакалон Исмоилий шифохонада даволанаётган эдилар. Зиёратга бориб, фантастика билан шуғулланишга қизиқишим борлигини айтдим. Тоғам гапларимни диққат билан тинглагач, “Яхши нарсани ўйлабсан, адабиётда ўз йўлинг бўлгани дуруст, бировлар йўлидан юришнинг қизиғи йўқ, сен ўз йўлингни топ”, дедилар. Бу гаплари мен учун оқ фотиҳа бўлиб хизмат қилди. “Ҳикмат афандининг ўлими” асарини ёзиш ҳаракатига тушдим. Эрталаб ишга жўнайман, оқшомда ўқишга бораман, тунда қайтаман. Аяжоним иситиб берган таомни еб, қоғоз-қаламни қўлга оламан. “Чарчаб келдинг, ётиб ухла”, дейдилар меҳрибоним. “Овқат сал ҳазм бўлсин, бир пас ўтирайин”, деб баҳона қиламан.
Маълумки, бадиий асарда зиддиятлар, тўқнашувлар бўлиши керак. Ўша давр адабиётидаги асосий зиддият қолоқ раис билан янгича фикрлайдиган партком котиби эди. Бу мавзуда ёзилган Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак”, Шароф Рашидовнинг “Бўрондан кучли” асарлари бошқалар учун йўл кўрсатувчи маёқ эди. Фантастик асарда колхоз раиси ҳам, партком ҳам йўқ, хўш, нима қилиш керак? Рус совет фантастикаси бу масалани ўзича ҳал қилган: воқеа ё узоқ коинотда ёки капиталист мамлакатида бўлиб ўтади. Беляевнинг машҳур “Одам Амфибия”, “Профессор Доуэлнинг боши” каби асарларида воқеалар хорижда бўлиб ўтади. Коинотдаги тўқнашувда ҳам совет фазогирлари яхши, капиталист мамлакатларники эса золим. Мен кашф қилмоқчи бўлган кўринмас одам совет Ўзбекистонида қандай зиддиятга дуч келиши мумкин? Шунга ўхшаш тўсиқларни ўйлай-ўйлай мен ҳам воқеани хорижга кўчиришга аҳд қилдим. Беляев асарларидаги барча қаҳрамонлар воқеа содир бўлаётган мамлакат тобелари. Мен бу йўлдан сал четга чиқиб, қаҳрамонимни, яъни кўринмас одамни кашф қилувчи олимни хориждаги ўзбекларнинг вакили қилиб олдим. Асарни 1969 йили ёзиб тугатдим. Ҳарбий хизматга чақирилган кунларим нашриётга ариза топширмоқчи бўлдим. У дамларда ариза ҳам, китобнинг қисқача мазмуни ҳам рус тилида ёзиларди, сабабки, Ўзбекистондаги нашриётларнинг йиллик режаси Москвада ўрганилиб, сўнг тасдиқланарди. Ариза ва унга иловани русча ёзиб, “хатоси бўлса тузатиб беринг”, деб шоир Ёқуб Хўжаевга илтимос қилдим. Ёқуб ака “Пионер востока”да ишлардилар, болаларга рус тилида шеърлар ёзардилар. Аризани ўқиб чиқиб:
– Ие, бу фантастика-ку? – дедилар ажабланиб.
– Ҳа, фантастик қисса, – дедим.
– Буни чиқаришмайди.
– Нега?
– Чунки Ўзбекистонда фантастика йўқ.
– Йўқ эди, энди бўлади.
Ёқуб ака ўйланиб туриб, кейин жилмайдилар:
– Боплабсан!