Тохир Хабилов

Ҳаёт қайиғи (1 китоб)


Скачать книгу

қолишлари муносабати билан оилаларини ҳам Берлинга кўчириб кетганлар. Ёлғиз қолган Исмоилхўжа опоқ дадамга, хусусан, тоғамнинг ҳовли-жойларига қараб туриш мақсадида оиламиз Дархондаги уйга кўчиб келишган экан. Мен ёзувчининг уйида туғилганим учун Аллоҳ тақдиримга шу йўлни битгандир? Ҳар ҳолда мен шундай фикр қиламан. Аммо билгувчи Аллоҳдир!

      Берлиндан қайтишгач, биз Кўкчадаги бир уйни ижарага олиб кўчиб келдик. Етти жон бир хонада яшай бошлаганимиз ёдимда. Бозорқўмликни эплолмаган дадажоним 40-мактабда ҳарбийдан дарс берардилар. Директорнинг марҳамати билан мактабнинг битта синфи бизга уй қилиб берилди. Ёнма-ён жойлашган синфларнинг бирида биз, иккинчисида қоровул билан фаррошнинг кичик оиласи яшарди. Турсунхўжа ака билан Махсума опа паркентлик эдилар. Аллоҳ уларга фарзанд берарди-ку, лекин болалигидаёқ омонатини оларди. Кўнгиллари яримта эди бечораларнинг. Бизни, айниқса, кичкинтой бўлганим учун мени яхши кўришарди. Ўз боласидай эркалашарди. Турсунхўжа ака шоп мўйловли бақувват киши эдилар. 1949 йилда ҳукумат кўп қатори бизга ҳам уй қуриш учун жой ажратганда Турсунхўжа ака пахса уриб берган эдилар. Биз, катта акам бошчиликларида лой тепиб берган эдик. Пойдеворсиз қурилган бу уйда ҳозиргача яшаймиз. Турсунхўжа акани, Махсума опаларни кўп эслаб, ҳақларига дуо қиламан. Биз уйни чала-ярим битириб кўчиб кетганимиздан кейин Турсунхўжа аканинг кўзлари кўрмай қолди. Шунинг учун ўзларига уй қура олмадилар. Улар бир қизни асраб олиб Холида деб исм қўйдилар. Ҳукумат уларга ҳам жой берган эди. Ўзлари қуролмаганликлари учун оқтепалик бир одамнинг кичикроқ уйига алмаштирдилар. Махсума опамиз шу уйда байрам куни тўсатдан жон таслим қилдилар. Шундан сўнг қариндошлар Турсунхўжа акани Паркентга олиб кетдилар. Узоқ йиллар дарак бўлмади. 1970 йилда ҳарбийда паркентлик йигитлар билан бирга хизмат қилиб, улардан суриштирдим, танишар экан. Ҳарбийдан қайтганимдан кейин “қуролдош” дўстим Миртўла билан зиёратларига бордим.

      Жониворларни, айниқса ит боқишни ёқтирардим. Ҳозиргача бу қизиқиш сўнмаган. Ит боққим келади, лекин барча оилаларда бўлганидек, бизникида ҳам аёллар бу хоҳишимга йўл бермайдилар (Эҳтимол “Ит – вафо, хотин – жафо” мақоли бекорга тўқилмагандир).

      Мактабда яшаётганимизда дайди бир кучукчани олиб келиб боқдим, “Жек” деб ном бердим. Бу кучукча наслдор экан, тез ойларда катта бўлиб кетди. “Немис овчаркаси”, дейишди. Жуда ақлли ит эди. Мактаб директори “Ўқувчи болаларни тишлаб олмасин, йўқотинг”, дегач, дадажоним уни Турсунхўжа аканинг қариндошларига бериб юбордилар. Икки кун йиғладим. Учинчи кун эрта тонгда итнинг ғингшиган овозидан уйғониб кетдим. Чиқиб қарасам, Жек мўлтиллаб қараб турибди. Қувончдан думларини ликиллатиб, бетларимни ялаб ташлади. Бўйнига боғланган қалин арқонни ғажиб-ғажиб узиб, Паркентдан Тошкентга қайтиб келибди. Олти ёшли бола учун бу улуғ мўъжиза эди. Жекни ўз уйчасига олиб бориб, ингичка арқонга боғлаб қўйдим. Менга итоат билан бўйсунди. Дадажонимни кўрганда вовуллади. Директорни кўрганда ириллади, лекин