Ғозийга оталари Эртурғул Ғозий шундай васият қилган эканлар:
“Эй ўғил!
* Шайх Адабалини асло хафа қилма.
* У бизнинг қавмимизнинг машъалидир. Тарозуси бир дирҳамга ҳам адашмайди.
* Менга қарши келсанг ҳам унга қарши келма!
* Менга қарши чиқсанг – хафа бўламан. Унга қарши келсанг – кўзларим сенга боқмайдиган, боқса ҳам сени кўрмайдиган бўлади.
* Бу сўзларим шайх Адабали учун эмас, сен учундир.
* Бу гапларимни васиятим ўрнида кўр”.
Бу гапларни ўқиб ўйланиб қолдим: оталаридан сўнг тахтга ўтириб, саройдаги илм аҳлининг, хусусан устозларнинг қадрига етмай, хорлаганлар ва оқибатда ўзлари хорланганларга шундай васият қилинмаганмикин? Қилингандир. Устозларининг қадрига етган подшоҳ уларнинг келажагини ўйлаши табиий ҳолдир. Кўзлари хазинадаги олтин жилосидан кўр бўлган тахт ворислари бу васиятни назар-писанд қилмаганлар. Натижада, тириклик чоғлари элнинг қарғишига қолдилар, ўлгач, номлари қора билан ёзилди…
Истанбулда бўлганимда султон Аюб масжидининг яқинидаги “Бухоро” деб номланган қаҳвахонага кирдим. Девордаги тилла ҳал юритилган ёзув эътиборимни тортди, ўқидим: Эртурғул Ғозийнинг васияти экан. Қаҳвахона деворига устозни эҳтиром қилишга доир васиятнинг ёзиб қўйилиши менга ажабланарли туюлди. Кейин бу ишда улуғ бир доноликни кўрдим. Ва биз томонларда бундай қилинмаслигидан афсусландим.
Искандар Румийнинг (Александр Македонский) Арасту (Аристотель) исмли устози бор эди. Ундан бемаслаҳат иш қилмасди. Устози саройга кириб келса, ўрнидан туриб, иззат билан кутиб оларди. Ҳатто уни ўз отасидан ҳам ортиқроқ кўрарди. Бир куни Искандар Румийдан: “Нечун Арастуни отангиздан ортиқ иззат қиласиз?” деб сўрадилар. Ул дедики: “Отам гўёки мени осмондан ерга туширди. Аммо устозим Арасту мени ердан осмонга кўтарди. Яъни, отам менинг дунёга келмоғимга сабабчидир. Устозим ўргатган илм ва одоб эса мартаба ва иззатимнинг ортмоғига асос бўлди”.
Ислом қўшинлари Истанбулни фатҳ этгач, Фотиҳ Султон Меҳметхон оппоқ отга миниб қўшин бошида Тўпқопи дарвозасидан ҳашамат билан кириб борарди. Бизанс (Византия) халқи ғолибларни олқишлар билан қаршиларди. Қизлар қўлларида гулдаста билан подшоҳни олқишлаш учун пешвоз чиқиб, “Истанбулни забт этган саркарда ким?” деб сўрашарди. Иттифоқо улар оппоқ соқолли, виқорли ва салобатли Оқшамсуддин ҳазратларини кўриб қолдилар-у уни подшоҳ гумон қилиб гулларни узатдилар. Подшоҳнинг устози бўлмиш Ҳазрат бу қутловдан хижолат бўлиб, отларини четга сурдилар-да:
– Янги санани очган ҳукмдор Султон Меҳметхон ана удир, гулларни унга беринг, – дедилар.
Фотиҳ Султон Меҳметхон эса гул тутаётган қизларга Оқшамсуддин ҳазратларини кўрсатиб деди:
– Боринг-да, бу гулларни оппоқ соқолли муҳтарам ул зотга беринг, бу ҳурмат ул зотнинг ҳақидир. Филҳақиқат, ул менинг устозимдир. Бу эъзозга у зот лойиқдир. Чунки бу фазилатларни, бу жаҳонгирликни, бу қаҳрамонликни мен муҳтарам устозимдан