сабаб, дея олмайман. Ўша азобли кунларнинг ўз асарларида тасвир этилиши бошқа масала.
Мен турмуш қийинчиликларининг оз қисмини кўрганман, акаларим, опаларим мендан кўра кўпроқ қийналишган. Бир кесимдан (юз грамм) нон ейиш учун кечалари билан нон дўкони олдида навбатда туришган. Самарқандлик бир киши ўша даврларни эслаб дедики: “Очарчилик йиллари уйдаги озгина ундан онам нон ёпиб бир саватга солиб сотиш учун акам икковимизни кўчага чиқардилар. Совуқ эди. Дийдираб қолдик. Қарасам, сават иссиққина. Устига ўтириб олдим. Шу пайт онам келиб қолдилар, нонлар эзилиб кетган эди, аҳволни кўриб йиғлаб юбордилар. У пайтда ноннинг чиройига қаралмасди, барибир сотилди. Лекин ўша ишим учун ҳозирга қадар изтиробдаман”.
Шоир дўстим Сабриддин Садриддинов бундан-да аянчлироқ воқеани айтиб берган эди:
Нон дўкони ёнида туни билан навбатда туришни яна кўз олдимизга келтирайлик: ёзми ё қаҳратон қишми, ёмғирми ё қор бўроними – фарқи йўқ, каттами ё кичикми – фарқсиз, навбатда турилади. Баъзан навбат тартиби сақланиши учун кафтга қаламда рақамлар ёзиб чиқилади. Сабриддиннинг кафтига ҳам рақамни ёзишган. Ўшанда кимёвий қалам бўларди, агар сув тегса қалам сиёҳга айланарди. Ёмғир ёғаётгани сабабли Сабриддин кафтидаги ёзув ўчиб кетмаслиги учун муштимини қаттиқ сиқиб олган. Лекин қўли терлаганми ё панжалари орасидан ёмғир суви сизиб кирганми, ҳар ҳолда ёзув чапланиб, ўчиб кетибди. Тонг отгач, навбат тартиби текширилаётганда Сабриддиннинг кафтида ёзув йўқлигини кўриб, уни навбатдан чиқариб юборишибди. Боланинг зорли ноласига ҳеч ким қулоқ солмабди. Туни билан ёнма-ён турганлар ҳам, кафтига рақам ёзган йигит ҳам “Бунинг навбати бор”, демабди. Энг ачинарлиси, Сабриддиннинг отаси – Садриддин мақсум Тошкентдаги эътиборли уламолардан бўлганлар. Шу маҳаллага хизмат қилганлар, чақалоқнинг қулоғига азон айтиш ҳам, никоҳ ёки жаноза ўқиш ҳам шу кишининг зиммасида бўлган. Шунга қарамай, нонга тезроқ етишиш учун битта болани ноҳақдан ноҳақ навбатдан чиқариб юборишдан ўзларини тия олмаганлар. Садриддин мақсум ўша адолатсиз одамларнинг бири қулоғига азон айтганлар, бирининг никоҳини ўқиганлар, йиллар ўтиб жанозасини ҳам ўқиганлар. Жаноза намозида уларнинг гуноҳини кечиришни илтижо қилиб сўраганлар…
Афсусим шундаки, бундай фожиаларни ҳозир унута бошладик. Турмуш қийинчиликларини эслаш ёшларнинг энсасини қотирадиган бўлиб қолди. Мен эсам бундан ғашланганим ҳолда, барибир кўп хотирлайман. Баъзан “Ноннинг исрофига нисбатан муносабатда оилаларимиз орасида фарқ борми?” деб ўзимга ўзим савол бераман. Бир оилада суви қочган нон пўчоққа ташлаб юборилади, иккинчисида бунинг катта гуноҳ эканини билиб, исрофга йўл қўйилмайди. Тўкинлик замонида яшаётганимиз учун нонни исроф қилишдан уялмайдиган, гуноҳидан қўрқмайдиган бўлиб қолганмиз. Бу гуноҳ ишларга қишлоққа нисбатан шаҳарда кўп дуч келамиз. Оиладаги гўдак ҳам, ўсмир ёки эрта-индин узатиладиган қиз ёки уйланадиган йигит ҳам дастурхон устидаги нонни ушлаб кўради. Салгина суви қочган бўлса,