тозалаб бўлишгач, уйга қайтардилар. Мактаб ҳовлиси боғга, гулзорга айлантирилган эди. Дарслар бошлангунича ҳовли топ-тоза қилиб қўйиларди. Қишда эса синфлардаги печлар ёқилиб, иситиларди. Қоровул, фаррош, боғбон, электромонтёр, дурадгор… барчаларининг ишларини кузатиб, вазифаларини аниқ бажарилишини талаб қилардилар. Агар барвақт бормасалар, қоровул эринибми, ҳовлини супуриб сув сепмаслиги ҳам мумкин эди. Синфлар тозалиги ва иссиқлиги кўнгилдагидай бўлгач, ҳовли супурилиб сувлар сепилгач, қоровул, боғбон билан ўтириб бирга нонушта қилишарди. Бу бажарилиши шарт бўлган одатга айланиб қолган эди. Баъзилар тонг саҳарда туриш, ўз вазифасини сидқидилдан вақтида бажариш ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилиш ҳарбий интизомга одатланиш самараси бўлса керак, дейишарди. Ундай эмас, бу фазилатларга болалик ва ўсмирлик чоғида одатланганлар. У даврларда болалар кун ёйилгунча тантиқланиб ётмаганлар. Барвақт туриб, дадалари, акалари билан бомдод намозини ўқиганлар. Намоздан сўнг нонушта қилиб, деҳқонлар далага чиқиб кетганлар, ҳунармандлар дўконларида (тўқув дастгоҳлари “дўкон” деб аталган) иш бошлаганлар. Ҳобил опоқдадамизнинг фожиали ўлимларига қадар дадажонимнинг кун тартиблари, барча тенгдошлари каби шу тарзда бошланган. Кейин Фарғонадаги, сўнг Тошкентдаги ҳарбий мактабларда бу тартиб давом этган.
Совет даврида ҳар бир одам албатта бир жойда ишлаши шарт эди. Ишламаса, “текинхўр” деган айб билан жиноий жавобгарликка тортиларди (Жиноят кодексида “За тунеядство” деган модда бор эди). Шу сабабли айрим ҳунармандлар мактаб ёки боқчаларга қоровул, дурадгор, монтёр каби вазифаларга ишга жойлашишарди. Уларнинг асосий даромадлари ҳунарларидан келарди. Билишимча, айрим завхозлар бундан фойдаланиб, уларнинг маошларига шерик бўлишаркан. Айниқса, оиласидан ажрашган, болаларига нафақа тўлайдиганлар деярли маош олмас эканлар. Дадажонимда бундай ҳаромхўрлик йўқ эди. “Алимент” аталмиш нафақани почтага олиб бориб тўлаб, квитанциясини эгасига кўрсатиб, сўнг ҳужжатларга тикиб қўярдилар. Қолган маошини эса тўлалигича берардилар. Ўзларининг маошлари кўп эмасди, 1961 йилда пул янгилангандан кейин 55 сўм олардилар, бу ҳозирги ҳисобда 55 долларга тенг. Бу пулга биринчи навли ундан уч ярим қоп олиш мумкин эди. Шу пулга қаноат қилардилар. Аяжонимнинг дўппи тикиб сотишдан, баъзи-баъзида новвойликдан даромадлари бўлмаса, оиланинг аҳволи нақадар ночор бўлишини тасаввур этиш ҳам қийин.
Ҳалол киши қорни тўймаса-да, бу фазилати учун улуғ бир неъматга – одамларнинг меҳри-ҳурматига эришади. Дадажоним пенсияга чиққанларидан кейин яна йигирма йил яшадилар. Бу вақт мобайнида бирга ишлаган муаллимлар, қоровуллар, фаррошлар йўқлаб туришарди. Бир одам тўртта нон кўтариб келиб саломлашганда танимадилар. У киши эллик биринчи йили мактабда беш ой қоровул бўлиб ишлаган экан…
Ҳозир мактаб билан ота-оналар орасида тез-тез келишмовчиликлар чиқиб туради. Ота-оналар мактаб томонидан ҳар хил баҳоналар билан пул талаб қилинишидан норози бўладилар. Айниқса,