аэропортида умид билан ўтказдим. Москвалик таржимон дўстимнинг аэропорт милициясида таниши бор экан, кечки самолётда жўнатди.
Дадажоним уйда бошлари айланиб, йиқилиб тушган эканлар. Чап сонлари дарз кетибди. Мен Ижод уйида ҳикоя қаҳрамони оёғидаги оғриқни баён қилиб ўтирганимда, дадажоним уйда оёқ оғриғидан азоб чекиб ётган эканлар. Ҳикоя ёзилиш чоғидаги тушунуксиз ҳолатимни англадим. Травмотология шифохонасига олиб бордик, тўпиқдан гипслаб қўйишди. Шу тарзда қимирламай ётдилар. Ўшанда, ҳужжатга кўра, ёшлари саксон учда эди. Лекин ўзлари тўқсондан ошганман, дердилар. Бу ёшда суякнинг битиши қийин бўларкан. Октябрнинг бошларида қўйилган гипс янги йилда олинди. Аста-аста турғизишга уриндик. Юришга қўрқдилар. Мен аравача олиб келдим. Баҳорда айвонга, ҳовлига олиб чиқардим. Бўйнимга осилиб, бир-икки қадам ташлашга уринардилар-у, чарчадим, деб ўтириб олардилар. Шу зайлда бир йилу бир ой ётдилар. Аввалига кундузи аяжоним ва аҳли аёлим, кечалари мен қарадим. Ботир акам “Тоҳирнинг бир ўзига қийин”, деб навбатчилик ташкил қилдилар. Ўзлари, Баҳодир акам, жияним Бобир, Улуғбек, сўнгроқ ҳарбий хизматдан қайтган Маъруфжон навбатчилик қилардик. Баҳодир акам “ҳадеб ётаверманг, туриб юринг”, деб тергаганлари учун “Прокурор” деб ном қўйган эдилар. Кечалари навбатчилик қилиш менга оғир эмасди, чунки мен тунда ижод қилишга одатланган эдим. Ўша навбатчилик кезлари “Ажаб дунё”ни давом эттирдим. Ҳикояни қарийб бир йил давомида ёзиб тугатдим. Қуш уйқусида бўлган дадажоним бир тунда кўзларини очиб: “Нималарни ёзяпсан?” деб сўрадилар. “Сизга ўхшаган бир тўғри одам ҳақида ёзяпман”, дедим. “Ҳа… яхши”, дедилар.
Пенсияга чиққанларидан кейин китоб ўқишга одатланган эдилар. Мен уруш воқеалари баён қилинган китобларни топиб берардим. Бир кўзлари кўрмай қолган, иккинчи кўзларига қалин кўзойнак тутиб ҳижжалаб ўқирдилар. Менинг ёзганларим фантастика тарзида бўлгани учун қизиқмасдилар. “Сомон йўли элчилари” нашрдан чиққанда қувона-қувона ўқишга бериб эдим. Бир ой давомида ўқиб чиқдилар-да, “Китобинг нима ҳақда эди?” деб сўрадилар. Тушунмаганларини англаб, бошқа китобларимни ўқишга таклиф этмай қўйдим. Ўша тунда кўнглимни кўтариш учун сўраган, кейин “Ҳа… яхши…” деганларини англадим. Афсусларимки, дадажонимга ёқадиган китоблар кейинроқ ёзилди. “Шайтанат” балки ёқарди, балки йўқ, аниқ айта олмайман. Лекин “Сўнгги ўқ”, “Иблис девори”, айниқса, “Одамийлик мулки”ни ўқиганларида астойдил мақтаган бўлардилар, деб ишонаман.
Дадажоним ҳамиша врач назоратида бўлишни, доимий равишда дори ичиб юришни ёқтирардилар. Қайси врач кўп дори ёзиб берса, дадажонимнинг назарларида ўша “энг яхши дўхтир” мартабасида юрарди. Мен “Дадажон, ошқозонингиз дорихонанинг омборига айланиб кетди-я!” деб ҳазиллашардим (Бекорга шундай ҳазил қилган эканман, ҳозир ўзим ҳам шунақаман). Бир куни Ёзувчилар уюшмасининг поликлиникасига олиб бордим. Оиламизга қарайдиган врач йўқ экан, бош врачнинг ўзи қабул қилди. Кўриб