жойлашган эди. У киши дадажонимдан ҳол-аҳвол сўраб, уйнинг битган-битмагани билан қизиқибди, “Қанақа ёрдам керак бўлса айтинг”, дебди. Дадажоним уйнинг аҳволидан сўз очмай, мактабни таъмирлашга ёрдам сўрабдилар. Ўша йилдан бошлаб, мактаб таъминоти аъло даражада бўлгани барчага маълум. Уйимизга бир банка бўёқ ёки ярим челак оҳак келмаганини эса ўзимиз биламиз. Мактабни таъмирлаш ишлари вақтида ва аъло даражада бажариларди. Уйнинг ишларига эса эътибор бермасдилар. Шундай бўлганки, ёзда ё эрта кузда қуриб қўйиш мумкин бўлган печ қиш совуғи бошланганда қурилган. Ҳолбуки, печ қурувчи уста шу мактабда қоровул, хотини фаррош бўлиб ишларди. Печни ярим кунда қуриб битирганлари эсимда. Ёддан кўтарилмайдиган воқеа тўй куни бўлган. Ботир акам марғилонлик яқин қариндошимизнинг қизларига уйланганлар. Алихон тоғам Тўйтепада колхоз гаражида ишлардилар. Раиснинг марҳамати билан бир юк машинаси берилиб, келин сеплари билан ўша машинада олиб келинган. Қамчиқ довонидаги йўл эндигина қурилган йиллар эди, ўша довонни ошиб келишган. Келин, келинни кузатиб келган аёллар, куёв ва унинг дўстлари юк машинада тоғ ошиб келиб роса чарчашган. Уйда эса… девор оқланяпти… Қўшнимиз Мушарраф опоқи келинни ва меҳмонларни уйларига бошлаган эдилар.
Дадажонимизнинг шунақа беғамликлари ҳам бор эди. Бу фазилат бўлмаса-да, дадажонимизни айблашга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Дадажоним ҳусни хулқ эгаси эдилар: бировнинг кўнглини оғритмаганлар, ҳамиша ҳаромдан жирканганлар, ҳалолликни ардоқлаганлар, ёлғон гапирмаганлар, ғийбат қилмаганлар, ёмондан йироқ, яхшига яқин юрганлар, қўллари очиқ, саховатли эдилар, топганларини ўртада баҳам кўрардилар. Зиқналик нималигини билмасдилар. Ҳилм – мулойимлик, ширинсуханлик бисёр бўлгани ҳолда шижоат, қатъийлик, тадбиркорлик, чўрткесарлик фазилатларида етишмовчилик бор эди.
Бир мухбир менинг камчиликларим ҳақида қизиққанда “Мен курашувчан эмасман. Адолатсизликни кўрганимда уни бартараф этиш учун курашмай, чекинавераман”, деб айбимни тан олган эдим. Курашиш фазилати аяжонимда бор эди, бу борада мен дадажонимга тортганман.
Ҳаётларининг охирги йилини бот-бот эслаб, “ғайратсизликлари туфайли хасталикни енга олмадилармикин?” деб ўйлайман. Сабрга кўп даъват қилинади. Сабрли бўлиш бошқаларга муте бўлишни англатмайди. Кези келганда одам ўзини, оиласини, дўстларини ва ниҳоят Ватанини ҳимоя қилиши шарт. Бундай ҳолатларда ғайрат ва шижоат сабрга муқобил бўлмайди. Болалигимда бир воқеа кўнглимни ғоятда ранжитган эди. Эллик бешинчи йил эди шекилли. Тоғамникидан қайтаётгандик. Чорсуда бир трамвайдан тушиб, Кўкчага бориш учун иккинчисига чиқишимиз керак эди. Қоронғу тушиб қолган. Кўчада рўпарадан келаётган икки маст йигит хиралик қилди. Биттаси дадажонимнинг юзларига шапалоқ тортиб юборди. Дадажоним индамадилар. Тоғамнинг божалари ҳам бор эди, улар ҳам аралашмадилар. Дадажоним баланд бўйли, кучли эдилар. Ҳарбийда қилич ўйнатган билакдаги қувват ҳали тарк этмаган эди. Мен маст йигитларни ура-ура