Тохир Хабилов

Ҳаёт қайиғи (1 китоб)


Скачать книгу

меҳрибонликларини кўриб ётган беморни бахтли дейиш мумкин. Чунки айни дамда “Қариялар уйи” деб номланмиш жойларда ўз ўлимларини кутиб ётган беморлар ҳам бор. У бечораларнинг фарзандлари ҳақида нима деймиз? Бундан ўттиз-қирқ йил аввал бундай уйларда ўзбекларни кўрсак ажабланардик. Энди ажабланмайдиган бўлиб қолдик. Ҳолбуки, биз ажабланиш нима экан, фарёд уришимиз керак! Отаси ёки онасини шундай жойга юборган аблаҳнинг ёқасидан олишимиз керак. Ўша аблаҳ қайси биримизнинг яқин қариндошимиз, ён қўшнимиз, ёки маҳалладошимиз, ёки бирга ишлайдиган ҳамкасбимиз-ку? Нега индамаймиз?

      Биз жамиятдаги ана шундай фожиага шоҳидмиз. Нечун жиммиз? Нечун бундайлар билан муроса қиламиз? Нечун уларнинг дастурхони атрофида ўтириб, таомидан еймиз? Сиз қариялар уйидаги бечораларнинг кўзларидаги ёшларни кўрганмисиз? Кўрмаган бўлсангиз, тасаввур қила оларсиз? “Ота-онанинг йиғлаши боладан норози бўлганларидан далолат беради ва бу эса катта гуноҳлардандир”, деган ҳадиси шарифни била туриб, нечун уларни огоҳ этмаймиз? Ота-онага оқ бўлиш гуноҳларнинг энг катталаридан бири эканлиги ҳақидаги Расулуллоҳнинг (с.а.в.) муборак сўзларини нега етказмаймиз у нодонларнинг онгига?

      Оқ бўлиш – ота-онага озор бериш, ранжитиш ва буйруқларини бажармасликдан иборатдир. Ота ёки онанинг ноқобил фарзандига қараб “сени оқ қилдим”, деб эълон қилиши шарт эмас экан. “Диллари оғришининг ўзиёқ фарзанднинг оқ бўлишидир”, дейдилар. “Оқ бўлиш”нинг луғавий маъноси – ажралишдир. Яъни фарзанд ота-онасидан тириклайин ажраляпти, демак. “Қариялар уйи”да отаси ёки онасига жой ҳозирлаётганлар унутмасинларким, улар айни чоғда дўзахдан ўзларига ўтли жой тайёрлаяптилар. Зотан, дўзахнинг “ҳасрат қудуғи” деб номланган энг ёмон жойи ота-онасини хорлаганлар учун эканлиги мўътабар китобларда алоҳида зикр этилган.

      Пойтахтнинг Шайхонтоҳур тумани судида бундан-да аянчлироқ воқеага шоҳид бўлган эдим: ота қизини судга бериб, оғир жазо тайинлашни талаб қиляпти. Ажабланяпсизми? Мен ҳам дастлаб ажабланган эдим, сўнг ғазабландим. Гувоҳликка келганлардан бири: “Агар одилман, десангиз, бу қизни энг олий жазо – отишга ҳукм қилинг, ҳукмни халқ олдида ижро этинг. Ноқобил фарзандлар бундан ўрнак олсин!” деди. Ўлим жазосига лойиқ кўрилаётган қиз отанинг ёлғиз фарзанди экан. Онадан ёш етим қолибди. Қизининг бахтини ўйлаб, ота бошқа уйланмабди. Қизини орзу-ҳавас билан куёвга узатибди. Хасталаниб, шифохонага ётганида нафсига банди қизи ота номидан қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб, уйни сотиб юборибди. Ота шифохонадан қайтсаки, уй йўқ… Қолгани сизга маълум. Албатта, суд бу фарзандни ўлимга ҳукм қилмайди. Товламачилиги учун бир неча йилга қамар ёки аёллигини эътиборга олиб, озодликдан шартли равишда маҳрум қилар. Лекин Аллоҳнинг жазоси қаттиқ бўлади. У фарзандни суд ўлимга ҳукм қилмаса ҳам, у аллақачон ўлган, тирик ўликка айланган. Ундан энди ер ҳам ҳазар қилади. Эсини йиғиб тавба қилса қилди, бўлмаса охирати тамоман куяди. У-ку, тавба қилар, аммо ота рози бўлармикин ундан?

      Не