жисмоний жиҳатдан бақувватлигига мағрурланиб юраверади, аслида эса у ғоят ожиздир. Тоқати етмайдиган юмушлари кўп. Сабрсизлиги учун йўл қўяётган гуноҳлари ундан-да кўпроқ.
Ҳаёти давомида кишининг боши устидан қуёш чарақлаб туриши баробаринда турли хил ташвиш булутлари ҳам сузиб ўтади. Кенглик – танглик ҳам, тўқлик –очлик ҳам, ғалаба – мағлубият ҳам, шодлик – мусибат ҳам. Умри фақат шодлигу ғалаба билан ўтган кимсани тарих билмайди. Одам боласидан машаққат ва мусибат пайтида сабр қилиши, умидсизланмаслиги, ҳақ устида сабот билан туриши талаб этилади. Дунё ғами келиб-кетувчи меҳмондир. Абадий қолади, деб ранжимаслик керак. Тонгни кутадиган одам сабр қилиши шарт. Тун Қиёматга қадар давом этмайди. Неъматга сабр билан эришилади, шошқалоқ ва бесабр неъматдан маҳрум қолади. Неъматни кўриш билан шокир, мусибатга дуч келганда эса собир бўлиш иймон жумласига киради.
Донолар деганларки: “Модомики, ер остида қабр азоби ҳақ экан, ер устида ўша азобнинг муқобили сифатида сабр азоби ҳам мавжуд. Бандага ё униси, ё буниси”. Европанинг машҳур файласуфи, узлатга чекиниб, умрини бочкада ўтқазган Диогендан бир одамнинг бойми ёки камбағал эканлигини сўрадилар.
– Билмайман, – деб жавоб берди Диоген, – менга фақат унинг пули кўплиги маълум.
– Пули кўп бўлса, демак, бой экан-да?
– Кўп пулга эга бўлиш ва бой бўлиш – бир нарса эмас, – деб жавоб берди Диоген. – Борига қаноат қилган одамгина чинакам бойдир. Ўзида бор нарсадан кўпроқ бойлик орттиришга ҳаракат қилган одам, оз бўлса-да, борига қаноат қилган одамдан камбағалроқдир.
Кутиш ва сабр қилиш бир хил тушунчами? Масалан, омадни кутиш ва омадсизликка сабр қилиш – бирми? Йўқ, менингча, кутиш бошқа, сабр қилиш бошқа. Сабр – фазилат. Кутишда фазилат кам. Унда ғайратсизлик ҳам мавжуд. Сабр дегани барча ёмонликларга чидаш эмас, сабр адолат учун курашни инкор этмайди.
Баҳодир акамни ҳарбий хизматга кузатиш чоғида аяжоним йиғладилар. Шунда тоғам: “Нега йиғлайсан? Эринг урушга кетди, кутдинг. Аканг урушга кетди – кутдинг, уканг урушга кетди – кутдинг. Азобли йилларда кутишга сабринг чидаган, бунисига ҳам чидайсан”, деган эдилар. Уч йил соғина-соғина кутдилар. Ойда икки-уч марта байрам шодиёнаси бўларди – акамдан келган мактубни қайта-қайта ўқирдилар.
Ким ҳар қайда хабардор биздан,
Умид билан овутар ўзин,
Ким у бизнинг юзларимиздан
уза олмас ёш тўла кўзин?
О, бу она, сенсан, онажон!
Мактабда яшаётганимизда мен аяжонимнинг ёнларида ётардим. Баъзан кечалари уйғониб кетардим. Аяжонимнинг тиззаларида дўппи, тепчиб ўтирибдилар. Кўзларида эса ёш. Қамоқдаги тоғамни соғиниб йиғлаганларини кейинроқ билганман. Бир куни пешинга ош пиширдилар-да, тўрт-беш кишига етадиган миқдорда сирланган тоғорачага солиб, дастурхонга ўрадилар. “Қолган ошни ўзинглар сузиб еяверинглар”, деб шошилганча кетдилар. Қош қорайганда маъюс ҳолда қайтдилар. Бир оз индамай ўтирдилар-да, сўнг йиғлаб юбордилар. Акаларим-опаларим