ҳа” деб кулиб қўйдилар. Гап-сўзларимизни эшитиб турган маҳсидўз “Онахон, бу йигит ўғлингизмилар?” деб сўрадилар. “Ҳа”, дедилар онам. Шунда маҳсидўз “Ҳозир жуда улуғ иш рўй берди. Розилик билан шундай жилмайдингизки, мана шу кулгингиз ўғлингиз учун еру осмоннинг гулга тўлганидан ҳам яхшироқ бўлди. Дунёда Аллоҳга иймон келтиргандан кейин ота-онанинг хизматини қилиб, дилини хушнуд этишдан улуғроқ иш борми?! Кўриб турибманки, ўғлингиз хизматингизни сидқидилдан қиляпти, мен бу ишларга Қиёматда гувоҳлик бераман, ҳозир шу ерда фарзандингиз ҳаққига дуо қилинг, чунки шу соатда Аллоҳнинг даргоҳи очиқ турибди, инша Аллоҳ!” деган гапларни айтди. Мен маҳсидўзнинг илм эгаси эканини англадим. Гапларидан қалбим сел бўлиб оқди. Онажоним шу бозорнинг ўртасида узоқ дуо қилдилар… Ўша воқеадан сўнг қачон онамнинг хизматларини қилсам, аввал ҳеч ҳис этмаганим бир ажиб улуғворликни сезадиган, чарчоғим тарқайдиган, таним роҳатланадиган, дилим яйрайдиган бўлди. Ишқилиб Аллоҳим мен бу роҳатдан бемаврид жудо этиб қўймасин-да…
Бу ҳикоя кишини ўйга толдиради: тасаввур қилайлик, айни дамда қанча ота-она совуқ уйларда, совуқ ёлғизликдан ёки фарзандларининг совуқ муомалаларидан дийдираб ўтирибдилар экан? Қани эди, ўша совуқ муомалали фарзандлар шу йигитдан озгинагина ибрат олишса-ю дуогўйларининг қадрини билишса, жаннатлари йўлларини топиб олишса.
Битта ҳақиқат бор, унутмаслик керак: ким Она дуосидан маҳрум бўлибди, жаннатдан маҳрум бўлибди. Аллоҳ сақласин!
Қишлоқлардан бирида бу воқеага гувоҳ бўлган эдим: биродаримизникида меҳмонда эдик. Қўшниси эҳсонга таклиф этди. Чиқдик. Жуда кўп меҳмон айтилган экан. Биз ҳовлида, тут дарахти соясидаги сўридан жой олдик. Рўпарамизда ошхона, унинг ёнида бир пастак ҳужра бор эди. Агар ўша ҳужрадан хаста овоз чиқмаса унда одам яшашига ишонмас эдим. Ўша ҳужрага кўп тикилаётганимни сезган биродарим “У ерда соҳиби эҳсоннинг волидалари яшайди, бир оз хасталар”, деб изоҳ берди. Мен “Меҳмонларга жой ҳозирлаш учун каттароқ уйдан бу ҳужрага вақтинчалик олиб чиқилгандир”, деган ўйда эдим. Аммо эҳсон якунига етгунича ҳам биров у ҳужрадан хабар олмади. Бир пиёла иссиқ чой ёки бир бурда иссиқ нон олиб кирмади. Шундан сўнг биродаримдан “Доим шу уйда яшайдиларми?” деб сўрашга мажбур бўлдим. Биродарим қўшнисининг сирини очаётганидан хижолат бўлибми, аста “ҳа”, деб қўя қолди, бошқа изоҳ бермади. Бошқачароқ изоҳга ҳожат ҳам йўқ эди. Бу тез-тез учрайдиган воқеа эмас. Мен ҳам ваҳима қилмоқчи эмасман. Лекин бу даҳшатдан (ҳа, айнан даҳшат, айнан ёвузлик дейман) кўз юма олмайман. Ақлни лол қолдирадиган даражада эҳсон дастурхонларига меҳмонларни чорлаганлари ҳолда, оталари ёки оналарига ўзларининг эски кийимларини кийинтириб қўядиганлар озми ё кўпми? Бир зах ҳужрага ташлаб қўйилган она фарзандини нима деб дуо қилган экан? Орадан йиллар ўтиб, йўлим яна шу қишлоққа тушганда онасини хорлаб қўйган одам тақдири билан қизиқдим. Аллоҳнинг бандаларига берадиган энг улуғ неъматларидан бири – фарзандлари камоли ва роҳатини кўриш. Онасини хорлаган ўша одамни Аллоҳ шу неъматдан сиқиб