Эркин Рахмонов

Бадиият жозибаси


Скачать книгу

улфат” тушунчаларини ифодалагани учун иттифоқ санъатини қўллашга жуда мосдир:

      Мен бўлиб ул ойга мунис, оҳким,

      Ул бориб ағёрға маънус ўлуб.77

      Муаллиф бу байтни яратишда шунчалик маҳорат кўрсатганки, тадқиқотчи иттифоқ санъатини пайқаб, шоир сеҳргарлигига лол қолади. Агар Мунис шеъри демасак, балки шеър муаллифини бу ерда эслаш ҳам жуда орқа планга кўчади.

      Ҳозирги замон шоири Эркин Воҳидов ҳам “Рашким” ғазалининг сўнгги байтида ушбу санъатни ана шундай зукколик билан бунёд этган, десак бўлади:

      Сенга ўн тўртда боғландим,

      Ҳануз эркин бўлолмас дил.

      Ўзим доғман, ақл кирмас,

      Тўзимсиз ўттизимда ҳам.78

      Худди ийҳом санъатида иккинчи асосий маъно ўқувчи ёдига келавермаганидек, ушбу байтда иттифоқ санъати кўрсаткичи бўлган сўз “эркин” ўз ижодкорининг номини ҳа деганда китобхон эсига туширмайди… Бу адабий усул сифатида нўноқлик эмас, балки кучли маҳорат натижасидир.

      Тахаллусга тегишли иттифоқ санъати намуналарини яна тубандагича икки хил тасниф этиш мумкин. Биринчиси: тахаллус иттифоқлари ўрнига кўра уч хил бўлади:

      а) шоирнинг ўз ғазали мақтаида тахаллус иттифоқини қўллаши:

      Фурқат ичра ўлсаму маҳшар аро,

      Доманингдин ушласам недур жавоб?79

      б) бошқа шоир шеърининг исталган байтида тахаллус иттифоқини бунёд этиш мумкин. Комил Хоразмий ёзади:

      Улки огоҳлар огаҳидур,

      Фаҳму дониш сипеҳрининг маҳидур.

      Сўзи ортиқдурур гуҳардин ҳам,

      Фазлу донишда олам ичра алам.

      Ушбу мисралардан гап шоир Огаҳий ҳақида кетаётганини аниқ ҳис этиш мумкин.

      в) бошқа шоир ёки адиб асарининг бирор эпизодида берилган бўлиши мумкин.Чунончи, Юнус Юсуповнинг Аваз ҳақидаги очеркида устоз шоирлар Мунис ва Огаҳий тахаллусларига тегишли иттифоқ санъати ишлатилгани кузатилади:

      “1919 йиллар… Авазнинг боши ёстиқда, у ҳолдан тойган, чарчаган, сўлғин, оғир касаллик унинг жонига чанг солмоқда. Ана шундай кунларнинг бири эди. Эшикдан навқирон, иссиқ табассумли, энди ўн тўртдан ўн бешга қадам қўйган бир йигит кирди-ю, Аваз ҳурматига икки букилиб салом берганча тик турди. Тавозеда турган йигитга кўзи тушган шоир ўз аҳволининг оғирлигига қарамасдан бошини ёстиқдан жадал кўтариб:

      – Кел, кел, умидим кел, устодимнинг жигарбанди кел, ҳамкасабам кел, мунисим, огаҳим кел, – дея йигитни бағрига босди ва уни узоқ вақт қўйиб юбормай турди”.80

      Кўриняптики, баъзи санъаткорлар бадиий асарда бирор хислат ёки фазилатни зикр этиш бобида шоирлар исми ва тахаллусларининг луғавий маъноларидан фойдаланадилар ва бу иттифоқ санъати зуҳури сифатида намоён бўлади. Юқоридаги адабий парчада шоир Аваз Ўтар ўғлининг ҳузурига Ота Маҳзум Муҳаммад Латиф ўғли Партавнинг боргани ва устоз шоир томонидан алқаниши акс этган. Аваз уни мунисим, огаҳим деганда аввало унинг дўст ва шоир аҳволидан огоҳлигини, воқифлигини уқдириб, айни пайтда