замон савдои зулфидин паришондур Аваз.
Эй хуш ул кунларки, базми ёр қадрин билмадим,
Эмди фурқатда анга юз нав армондур аваз.95
Мазкур уч байтни ўқиган китобхон: “Ие, аваз – эваз экан-да” деб фикри ёришади ва мақтаъда – хотима байтда шоир тахаллуси йўқлиги, балки иттифоқ санъати туфайли бу ҳол содир бўлганидан қониқиш ҳосил қилади.
Демак, иттифоқ санъатини қўллаган шоир шеърда ўз тахаллуси ёки бошқа шоир тахаллуси, адабий қаҳрамонлар ёки тарихий шахслар исми шарифи, китоблар унвонлари юзасидан иттифоқ санъати намуналарини яратади ва шу усул билан ўқувчини ҳайратга солади. Бу усул чинакам санъаткорона маҳорат кўрсаткичи бўлиб, тасодифий ҳол эмас.
Ўзбек тилининг сеҳрли кўпмаънолилиги фикрчан ўқувчини ийҳом ва иттифоқ санъатларидаги ифодаси билан лол қолдиради. Негаки бу санъатларни қўллаган шоирлар ижоди қадимдан қайнаётган халқ оғзаки ижоди булоғидан, ўз халқимиз ва қўшни халқлар адабиётидан баҳра олиб нуктапардозлик ва шеър оройиши билан назарга тушади.
Адабиётда салафларга эргашиш ва ижодий мусобақа деган жараён ҳамишаликдир. Шунинг учун адабий анъана сифатида ийҳом ва иттифоқ санъатлари амал қилмоқда: тармоқланмоқда, бойимоқда, теранлашмоқда. Ҳар иккала санъат кўрсаткичлари мумтоз ва ҳозирги замон адабиётида тобора кўпайиб бормоқда ва янгиланиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Бизнинг қисқа кузатишларимиздан ҳам бу санъатлар амалиётининг нечоғлик фаоллиги ва кўптармоқлилигини, сеҳрли кўпмаънолилик имкониятларининг чексизлигини бирмунча тасаввур этиш имкони бордир.
Махласнома
Саноеъ илмида махласнома санъати бор. Бунинг моҳияти шундаки, шоир ўз шеърларининг бири ёки бир нечтасида ўз тахаллуси мазмунини, имкони борича унинг сабабларини ҳам кашф этиб боради. Тахаллус аслида махлас сўзидан ясалган бўлиб, ҳар иккала сўз қадимда синоним сифатида қўлланилган. Кейинчалик унинг тахаллус шакли қўлланила бошлаган. Махлас сўзининг маъноси: халос топмоқ, қутулмоқ тушунчаларини ифодалайди. Бунинг сабаби, гўё тахаллус қўллаган киши ўз номидан “қутулган” бўлади.
Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” достонида: “Тахаллус – нозимнинг тамғосидур” деган эди. Дарҳақиқат, тахаллус олиш, уни қўллаш, оз ёки кўп тахаллус ишлатиш масаласи ҳам қизиқ. Чунки тахаллус нима учун асосий ҳолатларда исмдан бошқа қўйилади? Балки номдошлар (адаш)нинг кўплиги бунинг сабабидир? Ундай десак, тахаллусдошлар ҳам оз эмас-ку? Кўплаб Машраб, Навоий, Фоний ва Муқимийлар бор-ку?
Янада диққатга сазовори, бир шоирнинг бир неча тахаллус олишидир. Масалан, Фаттоҳий Нишопурийнинг Туффоҳий, Себак, Хуморий ва Асрорий сингари беш тахаллуси бўлган. Ҳолбуки унинг ўз номи Яҳъё эди.
Ўзбек мумтоз адабиётида тахаллус ва уни қўллаш масаласи алоҳида мавзу сифатида шаклланган. Маълумки, ўз исмини тахаллус ўрнида ишлатганлар нисбатан озчиликдир. Чунончи, Муҳаммад Солиҳни олайлик, Алишер Навоий Нурсаидбек ўғли Муҳаммад Солиҳ тахаллуси ҳақида сўз юритиб: “Номи муносабатила Солиҳ тахаллус қилур” дейди.
Бироқ,