туриптики, бу тасниф асосидаги матнлар эски араб ёзувида бўлган. Биз атайлаб туркий бадиашуносларнинг энг мукаммал таснифини бу ерда келтиришга уриндик. Чунки бошқа манбалардаги тажнис таснифлари бу даражада бой эмас. Бироқ бу таснифни ҳам мукаммал деб бўлмайди. Аминманки, Туркияда нашр этилаётган адабий терминлар жилдларида бу тасниф янада бойитилади…
Тасниф истилоҳларидан кўриниб туриптики, туркий адабиётшунослар таснифда форс адабиётшунослари қўллаган арабча истилоҳларни қўллаб келадилар. Ана шу анъана ўзбек адабиётшунослигида ҳам қабул қилинган. Бироқ тажнис ҳақидаги ўзбек олимларининг қарашлари қисман анъанавий – Лутфи Байрақтутан қабул қилган атамаларга эргашадилар ва қисман бунга янгича ёндашишга ҳаракатлар борки, бу гуруҳга камина ҳам мансуб. Чунки тажнис таснифига энди эскича ёндашиб бўлмайди. Ҳарфимиз янгича – кириллча ва лотинча. Агар илмий жиҳатдан жуда чуқур кириб кетишимиз керак бўлса, таснифни ҳар бир ёзув бўйича алоҳида-алоҳида бажариб чиқишга тўғри келарди. Биз мумтоз адабиёт намояндалари маҳоратини тадқиқ этганда Лутфи Байрақтутан илмий таснифидан фойдалансак маъқул бўлади. Чунки мумтоз адабиёт бадииятини ўша мумтоз поэтика мутахассислари назари билан баҳолаш лозим, негаки мумтоз шоирларимиз ўша усулларни маҳорат кўрсаткичлари деб билишган ва ўшаларга амал қилишган. Буни инобатга олмай ҳозирги янги таснифимиз билан улар ижодига баҳо бермоқчи бўлсак, инсофсизлик қилган бўламиз.
Мумтоз поэтика ва замонавий адабиётшунослик тажнисга нисбатан назарий қарашда талай тафовутларга эга. Аввало қайд этиш керакки, аслида ҳозирги қарашлар ўша мумтоз поэтика маълумотларига асосланган. Фарқига келсак, ҳарфлар табиатига кўра ҳар қандай сўзнинг қўшилмай ёзилган қисми эски ёзувда тажнис кўрсаткичи бўлаверади. Ҳолбуки ҳозирги назарий қарашда сўз бутунлигига эътибор берилади, сўзнинг бир қисми тажнис кўрсаткичи ҳисобланмайди. Эски назарий қарашда шаклдош сўзлар охиридаги ҳарфлар бошқа-бошқа бўлса ҳам тажнис ҳисобланаверади. Ҳозирги назарий қараш бундай сўзларни тажнис ҳисобламайди.
Қисқаси, биз тажнисга ҳозирги назарий қарашга мос келадиган таснифни бажаришга ҳаракат қиламизки, буни Лутфи Байрақтутан таснифи билан қиёслашнинг ўзиёқ фарқ ва тафовутларни яққол кўрсатиб қўяди.
Тажнис санъатининг анъанавий таснифи:
∙ Том тажнис;
∙ Мутлақ тажнис;
∙ Тажниси акс.
∙ Мураккаб тажнис;
∙ Тажниси зоид (орттирма тажнис);
∙ Мукаррар тажнис;
∙ Тажниси ноқис (нуқсонли тажнис);
∙ Хат (ёзув) тажниси;
∙ Мутарраф тажнис;
∙ Тажниси мужаннаҳ;
∙ Тенгсиз ёки номувофиқ тажнис;
∙ Шевадан олинган тажнис;
Том тажнис. Том тажнисни тажниси мутлақ ёки тажниси сареҳ ҳам дейишади. Илми саноеъда бу тажнисга: ҳарфлар ва унлилари бир хил, бироқ маъноси ҳар хил бўлган сўзлар деб қаралади. Тажнис туркий тиллар учун ўта ўзига хос ҳодиса бўлиб, бу санъат