ТОИР МАҲМУД

ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд


Скачать книгу

учун ҳам узоқ бўлмасдан, географик жиҳатдан муносиб маскан. Айни пайтда Тошкент вилояти тарихи нуқтаи назаридан ҳам бу жой азиз ва муқаддас маскан.

      Тўйтепа тумани марказининг шимоли-ғарбий тарафида Улкан Тўйтепа деб аталадиган шаҳар харобаси бор. Машҳур шарқшунос М.Е. Массон 1928 йилда бу масканни махсус ўрганиб, ўрта асрларга мансуб Новкат – шу Улкан Тўйтепа, деган хулосага келган. Мазкур қадимий қалъа 200 гектар майдонни эгаллаган. Новкат XI–XII асрларда гуллаб-яшнаган экан. Бу ердан Қорахонийлар ҳукмронлигига оид тангалар, турли сопол идишлар топилган. Бинобарин, Новкат ушбу сулола давридаги – йирик ҳунармандлик ва савдо марказларидан бири бўлган. Ҳудуди жиҳатидан Илоқ давлатининг пойтахти – Тункатдан ҳам катта шаҳар ҳисобланган.

      XI асрда яшаб ўтган тарихчи Идрисийнинг эътироф этишича, Новкат Илоқнинг пойтахти бўлган. Албатта, тарихчи олимларимиз бу борадаги изланишларни давом эттириб, ҳақиқатни янада ойдинлаштирадилар. Биз учун энг муҳими, ҳозирги Тўйтепа яқинида қадимда пойтахт мақомидаги йирик шаҳар бўлганидир. Фалакнинг гардишини қарангки, орадан салкам минг йил ўтиб, қадимий Тўйтепа Нурафшон номи билан яна вилоят маркази мақомига мушарраф бўлиб турибди. Муҳтарам Президентимиз мазкур масканга шундай мақомни лозим кўрар экан, донишманд сиёсатчиларга хос юксак ва теран ақлу салоҳият билан, бу жойнинг жуғрофий, стратегик, иқтисодий ва коммуникациявий афзалликларидан келиб чиққан ҳолда, шундай қарорга келганлар, албатта. Шу мисол асосида бундан минг йиллар олдин яшаб ўтган буюк аждодларимиз ҳам бу ерни марказ сифатида танлаб нақадар тўғри қарор қабул қилганларини ҳис этамиз.

      Энди, қадрли китобхон, ҳозирнинг ўзидаёқ «смарт сити» яъни, «ақлли шаҳар» деган ном билан тилга тушган, Нурафшон келгусида қандай ажойиб шаҳар бўлиши ҳақида фикр юритсак. Аввало, шуни таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга алоҳида меҳр ва эътибор билан қараб, 2017 йил август ойида Тошкент вилоятининг маъмурий марказини бунёд этиш, янги шаҳарни Нурафшон, деб номлаш ва у нафақат Марказий Осиёда, балки дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бири бўлиши ҳақида тарихий қарор қабул қилганлари бу борадаги барча ишлар, саъй-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

      Мутахассисларнинг дастлабки мўлжалларига кўра, Нурафшон шаҳри 20 минг киши истиқомат қилиши учун мўлжалланган бўлиб, шундан 17 минг киши бевосита вилоят марказида яшайдиган, вилоят ҳокимлиги ва бошқа давлат ва бошқарув идоралари, нодавлат тузилмаларнинг бўлим ва бошқармаларида ишлайдиган раҳбарлар, ходим ва мутахассислар, уларнинг оила аъзоларини ташкил этади. Яна 3 минг киши шаҳар аҳолисига хизмат кўрсатадиган коммунал хизмат, савдо, маиший хизмат, транспорт, таълим, тиббиёт ва бошқа ижтимоий тармоқлар ташкилотлари ишчи-хизматчилари ҳисобланади.

      Шаҳарда, табиийки, маъмурий бинолардан ташқари турар жойлар, маданият, истироҳат боғлари, кутубхона, стадион, очиқ, ёпиқ сузиш ҳавзалари, мактаб, мактабгача таълим муассасалари, кўп тармоқли