ТОИР МАҲМУД

ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд


Скачать книгу

Мавлоно Лутфий Тошкент заминида туғилган, деган фикр илгари сурилган. Кўҳна Тошкент воҳасида камолга етган, нашъу намо топган, халқ ўртасида Занги ота номи билан машҳур буюк сўфий аллома Ойхўжа ибн Тошхўжа ҳазратлари, Хожа Аҳрор Валий, Шайх Умар Боғистоний, Абу Бакр Қаффол Шоший, Абу Сулаймон Банокатий, Ҳофиз Кўҳакий каби ўнлаб авлиё зотлар бу диёр шуҳратига шуҳрат қўшганлар. ХIV–ХV асрларда бу ўлкада машҳур шоир Бадриддин Чочий, ХVI асрда эса тарихчи ва адабиётчи Зайниддин Восифий яшаб ижод қилганлар. Яна бир буюк аждодимиз – Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарида баён қилинишича, бу темурий шаҳзода Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги Самсарак қишлоғида тинимсиз сарсон-саргардонликлардан сўнг бир муддат тин олиб, лашкар тўплаб истиқомат қилиб турганларида тушларига Хожа Аҳрор Валий киради. Буюк сўфий аллома Тангри таоло иродаси билан Бобур Мирзога Самарқанд тахтини эгаллаш насиб этаётгани ва тезроқ уйқудан уйғониб, шу мақсад йўлида йўлга отланишни каромат қиладилар.

      Занги Ота – Ойхўжа Тошхўжа ўғлининг Тошкент вилояти ҳудудидаги зиёратгоҳи нафақат юртимизда, балки бутун мусулмон оламида маълуму машҳурдир. Мазкур зиёратгоҳдаги табаррук мақбара Соҳибқирон Амир Темур бобомиз томонидан бошланган ва кейинчалик Мирзо Улуғбек томонидан якунланган. Мустақиллик йилларида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг раҳнамолигида бу ерда улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида бугунги кунда бу ерда ҳар томонлама обод ва кўркам ёдгорлик мажмуаси қад кўтариб турибди. Ўтган икки йил давомида ушбу муқаддас қадамжога келадиган зиёратчилар, жумладан, чет элликлар сони бир неча баробар ошди.

      Тарихнинг турли даврларида Тошкент вилояти заминида шаклланган бадиий адабиёт анъаналари, ўзига хос ижодий муҳит ҳам эътиборга молик ҳодисадир. Бу замин ҳавосидан, бебаҳо неъматларидан баҳраманд бўлиб вояга етган ўзбек бадиий адабиётининг Дилкаш, Гулшан, Алмаий, Камий, Хислат, Мискин, Сидқий Хондайлиқий, Элбек каби етук намояндаларининг номлари, ижоди, мумтоз асарлари кўпчилик юртдошларимизга яхши маълум. Ана шундай устозлар бошлаган ижодий анъаналарнинг муносиб давомчилари бўлган, бугунги кунда адабиётимиз ривожига баракали ҳисса қўшиб келаётган Барот Исроил, Асад Асилов, Абдулла Шер, Абдусаттор Ҳотамов, Темур Убайдулло, Шарифа Салимова, Ашурали Боймуродов, Зарифа Эралиева сингари шоир ва ёзувчиларимизнинг ҳаёти, ижоди ва ижтимоий фаолиятининг асосий қисми Тошкент вилояти билан боғланган.

      Воҳамиздан етишиб чиқиб, Ўзбекистон илм-фани, маданияти ва санъати равнақи йўлида фидокорона хизмат қилган кўплаб олимлар, санъаткорлар, рассомлар, жамоат арбоблари, боғдорчилик, деҳқончилик илмини пухта ўрганиб, янги-янги навлар яратиб, халқ академикари даражасига кўтарилган заҳматкаш инсонларнинг номларини бу ўринда чуқур ҳурмат билан тилга олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Жумладан, том маънода мамлакатимиз соҳибкорларининг устози бўлган машҳур халқ селекционерлари Ризамат Мусамуҳаммедов,