РАҲИМ АБДУЖАЛОЛ

АБУ АЛИ ИБН СИНО Биринчи китоб


Скачать книгу

Қўли беихтиёр саватга тегиб, ағдариб юборди. Шу пайт кутилмаганда тутқунликдан озод бўлган капча илон саватдан судралаб чиқди. Илон жуда тез ҳаракатланарди. Киши қулочидек келадиган чипор илон жазирама қуёш нурларидан яширинмоқчидек бир чап томонга, бир ўнгга ўрмалай бошлади. Бу одамларни даҳшатга солди. Ёшу қари бир-бирини суриб, итариб дуч келган томонга тумтарақай қочди. Морбознинг боягина оғзидан олов пуркаган шериги уни ўрнидан турғазишга уринарди. Эгасиз қолган илон бирор кавак тополмасдан ҳамон саҳнда гир айланарди. Отаси Ҳусайнни қўлидан ушламоқчи бўлиб ёнбошига қаради. У жойида йўқ эди! Илоннинг ортидан югураётган ўғлига кўзи тушиб, бор овозда қичқириб юборди.

      – Қайт, қайт! – деди титраб-қақшаб.

      Бу пайтда Ҳусайн гангиб ўрмалаётган илонга рўпара турарди. У чап қўлидаги чўпни бир-икки қимирлатди. Капча илон томоша пайтидагидек тик бўлиб олди. Ҳусайн чаққон ҳаракат қилиб, ўнг қўли билан илоннинг бўйнидан маҳкам ушлади. Ҳар томонга қочаётган одамларнинг айримлари тўхташди. Қўлида капча илонни ушлаб турган болага ҳайрат ва қўрқув билан тикилиб, тахтадек қотиб қолишди.

      Ҳусайн типирчилаётган илонни ағдарилиб ётган сават томонга судради. Морбоз ҳамон ерда беҳуш ётибди. Қўрқиб кетган найрангбоз унинг лабига сопол пиёлада сув тутарди. Бир қулоч келадиган илонни судраб келаётган қотма болакайга қараб олди-да, ҳарқалай ағанаб ётган саватни тўғирлаб қўйди. Ҳусайн илонни саватга жойлаб, қопқоғини ёпди. Шу пайтда отаси югуриб келиб, қучоқлаб олди.

      – Мор чақмадими, ўғлим?! – Абдуллоҳ ибн Ҳасаннинг овози титраб кетди.

      – Йўқ, отажон.

      Атрофни одамларнинг қийқирган, ҳайқирган овозлари босди. Ҳозиргина ҳар томонга тирқираб қочган катта-кичик ёшдаги одамлар Ҳусайнни олқишлашар эди.

      Шу куни заҳарли капча илонни тутган бола ҳақидаги шов-шувлар Бухорои шарифдан ташқаридаги қишлоқларга ҳам тарқалди…

      Ёз охирида Абдуллоҳга байтул молдаги12 хизматидан таътил беришди. Ситорабону ёлғиз қолган ота-онасини ўйлаб эзилиб юрганди. Эри билан келишиб олди-ю, йўл ҳаракатига тушди. Икки-уч кунда зардўзлик буюртмаларини шошилинч якунлади. Оилада сафар тадориги кўрила бошланди. Бу пайтда Маҳмуд беш ёшга тўлганди. Афшона хабари ҳаммадан кўп уни қувонтирди. Кўкламда Амрилло бобоси билан Суйимхон момосининг олдиларида анча пайт бўлиб, уларга ўрганиб қолганди. Устози ўтадиган машғулотлар ҳамда мустақил китоб ўқимоқдан бўшамайдиган Ҳусайн ҳам қишлоқни соғинганди.

      Афшонага тонг саҳарда, от аробада йўлга чиқишди. Қўш отли аробага қават-қават кўрпачалар солинган бўлса ҳам йўл азоби анчагина чақиб юборди. Шомда қишлоққа етиб келишганда ҳаммалари ҳолдан тойган эдилар. От кишнаганини эшитиб, Амрилло бобо билан Суйимхон момо югургудек бўлиб дарвозадан чиқиб келишди. Уларни кўриб, Маҳмуд қийқириб юборди. Бобоси билан момосига талпиниб, аробадан туша олмасдан типирчиларди. Севимли набирасини анчагина кексайиб қолган Амрилло бобонинг ўзи кўтариб олди. Ситорабону чор аробадан13 туша солиб онасининг қучоғига отилди. Суйимхон момонинг севинчи оламга