пайкалларда деҳқонлар аллақачон иш бошлаб юборишган. Улар кузнинг илиқ-иссиқ кунларида бола-чақаларининг ризқи бўлган ҳосилларини йиғиштириб олишга шошишарди. Олинадиган ҳосил келгуси йил кузигача бутун оилани боқиши лозим. Жаббор ибн Азлар қўйган шарт бўйича эса деҳқонлар қишнинг қора совуғида очликка маҳкум бўлишади. Айни пайтда уларнинг ичини ит тирнаётганини Абдуллоҳ яхши тушунди. Ижарачи деҳқонлар буни таъкидлаб-таъкидлаб гапиришди. Кузги ҳосил ҳаёт-мамот масаласига айланганда ҳар қандай истиҳолалар четга суриб қўйилиши табиий. Ўндан ортиқ ўртаҳол деҳқон Жаббор ибн Азларнинг ҳосил солиғидан ташқари қанча миқдорда олтин, кумуш тангалар олганини рўйирост айтишди.
Хурмитанлик деҳқонларнинг аксарияти ҳалол, ростгўй, кези келганда ўзларини ҳимоя қила оладиган чапани кишилар эди. Амирликдан тафтишчи келганини эшитиб, Ибодулло исмли ўртаҳол деҳқоннинг чайласига йиғила бошлашди.
– Ҳозир иш авжида пайт, деҳқонларни бир ерга тўпламанг, – деди Жаббор ибн Азлар.
– Қўяберинг, шундай бўлгани маъқул, – Абдуллоҳ унга эътироз билдирди.
– Улар амирликка қарши исёнчилар! – Жаббор ибн Азлар тишини ғижирлатиб, Абдуллоҳга ўқрайди.
– Мени амирлик девонидан айнан деҳқонлар эътирозларини тингламоқ, ҳақни қарор топдирмоқ учун Хурмитанга йўлладилар. Шуни билурмисиз?!
Жаббор ибн Азлар лом-мим деёлмади. Ижирғаниб, тескари ўгирилиб олди. Отда, эшакда, ҳатто араваси билан келаётган деҳқонларнинг сони ортиб борарди. Ҳеч қанча вақт ўтмасдан Ибодуллонинг чайласига ўттиз чоғли одам йиғилди. Вақт пешинга яқинлаб қолганди. Ариқ бўйидаги толнинг соясида ўтирган Абдуллоҳ улар томонга юрди. Қовоғи уюлган Жаббор ибн Азлар ҳам ноилож унга эргашди. Деҳқонларнинг бир қисми чайлага туташтириб тол ёғочларидан тикланган сўри остида ўтириб олиб, гурунглашишарди. Абдуллоҳ билан Жаббор ибн Азлар келаётганларини кўриб ўринларидан туришди. Чайла ичкарисидагилар ҳам уларга қўшилишди. Ҳаммалари қўлларини кўксиларига қўйиб салом беришди. Издиҳом шивир-шивирлар, кимларнингдир бир-бирларига луқма ташлашларидан гувиллаб турибди. Абдуллоҳ “жим” ишорасини қилиб, ўнг қўлини баланд кўтарди. Шу пайтда туйқусдан Жаббор ибн Азлар олдинга чиқиб, деҳқонларга дўқ ура кетди.
– Амирлигимизнинг равнақ топмоғига қарши бўлганлар ким ўзи?!
Одамлар бирдан жимиб қолишди. Бу қалтис гап содда кишиларга “подшоҳингга қарши бош кўтардингми” дегандек эшитилди. Олдинда турган бир-икки деҳқон қимтиниб, нигоҳларини ерга қадашди. Шу пайт чайланинг эгаси Ибодулло издиҳомни ёриб олдинга чиқди. У қирқ ёшлардаги, ғўлабирдан келган, ихчам соқолли бир йигит эди.
– Тақсир, ундай деманг, – Ибодуллонинг гулдураган овози чийиллаб пўписа қилишдан тўхтамаётган Жаббор ибн Азларнинг кучаниб айтаётган сўзларини босиб кетди. – Хирож тўловидан ҳеч ким бош тортмади. Биз ҳақ қарор топмоғини истаймиз, холос. Ахир, бола-чақамизнинг ризқи бизга тегадиган ҳосил салмоғига боғлиқ. Зотан, улар ҳам амиримизнинг фуқароларидур.
Абдуллоҳ яна бир бор ўнг қўлини