у. – Сен бизга ҳам, шўрпешана Пирпиркўзларга ҳам тинчлик бермай қўйдинг. Торннинг афсунларига қандай қилиб эга чиқиб қолганингни билмадим-у, аммо афсуски, улар ифлос қўлларга тушиб қолибди!”
Ваҳимага тушиб қолган Бастинда темиртишларни бўйсундириш афсунини ўқишни бошлади, лекин саросимага тушиб қолганидан сеҳрли сўзларнинг ўрнини алмаштириб юбораверди. У ярадор каламушдай чинқириб, сарой бўйлаб югурар, Нарк эса катта-катта қадам ташлаб, жодугарни таъқиб қиларди. У ўз ситамгарини бурдалаб ташлашга шошилмади, аламзада қашқир ғалаба онларини узоқроқ чўзишни истарди.
Бастинда бор овози билан бўкирганича ётоқхонасига югуриб кирди ва қалтироқ қўллари билан сандиғини тита бошлади. Нарк эса остонага ўтириб олиб, ваҳимадаги кампирни мазаҳ қилгандай тикилиб ўтираверди. Эсини еб қўйган бу кампирнинг қўлидан нима ҳам келарди?
Лекин у Бастиндани писанд этмасдан хато қилганди. Жодугар сандиқдан қандайдир Олтин қалпоқ олди ва шоша-пиша минғирлади:
“Шумбало, гумбало, думбула, хумбола, ағдан баққа, мағдан лўққа! Ҳузуримда ҳозир бўлинг, Учар Маймунлар!”
Нарк кўз юмиб-очишга улгурмасидан, устига учар маҳлуқлар ёпирилишди.
“Мана бу нобакор қашқирни энг чуқур жарликка улоқтирларинг! – чинқирди Бастинда. – У менга – ўз бекасига ҳамла қилди!”
Маймунларнинг тўрттаси тиш-итирноғи билан қаршилик кўрсатаётган, жонҳолатда типирчилаётган Наркни дераза орқали ташқарига судраб чиқишди ва Айлана Дунё тоғлари томон учиб кетишди. Бу ерда улар қашқирни серқоя тоғдарага ташлаб юборишди ва ортларига қайтиб кетишди.
Темиртишнинг омади бор экан. У баланд ўсган қорақарағайнинг устига қулади-да, шохдан шохга урилиб пастга думалади. Кейин эса кичик бўлса ҳам анча чуқур кўлга йиқилди.
– Ўша кундан бери менинг биттагина орзуйим бор – собиқ соҳибамдан қасос олиш, – бўғиқ овозда ўз ҳикоясини тугатди қашқир. – Битта олмахон менга Бастинданинг ашаддий душмани Мовий мамлакат маликаси, деб айтиб қолди. Мени ўз хизматингга ол. Иккимиз биргалашиб опангни албатта маҳв этамиз!
– Бўпти, – бир оз ўйланиб тургач, ниҳоят розилик берди Гингема. – Юр, менинг ғоримга борамиз.
Энди унинг Тамшанувчилар қишлоғига боргиси келмай қолганди: тақдир ҳамдард дўстни ато этди – жодугарга бундан бошқа нима ҳам керак?
Ўша вақтдан бошлаб Гингема бутунлай тинчини йўқотди. Энди у опаси Торннинг китобларидан ҳеч бўлмаганда биттасини топганини аниқ биларди. Демак, қандай қилиб бўлса ҳам Бинафша саройга кириб олиш ва афсунлар китобини ўғирлаш керак. Лекин буни қандай амалга ошириш мумкин?
Тез орада тақдир Гингемага яна битта совғани инъом этди.
Иккинчи боб
КОРИНАНИНГ БОЛАЛИГИ
Гингеманинг ғоридан бир неча чақирим нарида, ўрмоннинг ўртасидаги кичкина ялангликда Дармон қишлоғи жойлашган. У ерда қўзиқорин терувчилар ва шифобахш гиёҳларни йиғувчилар яшашади. Мовий ўлканинг бошқа ҳеч бир ерида улар каби ажойиб табибларни топиб бўлмайди