Коринанинг ота-онаси бу мусибатга дош бера олмасдан, тез орада вафот этишди. Улар ўз қизалоқларининг қудратли жодугар ҳузурида афсунлаш сабоқларини олаётганини билмай ўтиб кетдилар.
Учинчи боб
СЕҲРГАРЛИК САБОҚЛАРИ
– Дўл пайдо қилма, ёмғирни чақир! Вой бурним! Бу нима қилганинг, бесавод?!
Катталиги олхўридай келадиган дўл донаси Гингеманинг чангаксимон тумшуғига келиб урилди ва жодугар оғриғига чидолмасдан, турган жойида пилдироқ каби чириллаб айлана бошлади.
Корина ҳингиллаб кулди. У отнинг калла суяги қўндирилган қозиқ ёнидаги ясси тош устида ўтириб олиб, афсун ўқиётган эди. Тўғрироғи, жодулашга ҳаракат қилаётган эди-ю, аммо ҳамма иши тескарисидан келаётганди. У афсун сўзларини чалкаштириб, масалан, “бувайни-мудайни-хубайни” каби сўзларни талаффуз этиш ўрнига “мухайни-додайни-шувайни” деган сўзларни айтиб юборар, чап қўл ўрнига ўнг қўлини кўтариб қолар ва қўлларидаги жимжилоқлар ўрнига бош бармоқларини букиб қўйган пайтлар ҳам бўлар эди.
Бунинг оқибати осмонда баъзан енгил оқ булут ўрнига қора булутлар тўдаси пайдо бўлар ва ҳатто гоҳида ёмғир ўрнига зоғча қушлар ёғиб қоларди. Жануб шамоли ўрнига атрофни муздай туман қоплайди, зилзила ўрнига учар қурбақалар келиб қолади, момақалдироқ ўрнига қор ёға бошлайди. Кўпинча Корина битта ҳам жоду қила олмай қоларди. Чунки Гингеманинг сабоқлари унинг миясида аралаш-қуралаш бўлиб кетаверарди. Бу дарсларни ўзлаштириб олиш осон эмасди. Сеҳргарлик ниҳоятда машаққатли иш эканини англаб етган Коринанинг ҳафсаласи пир бўлиб кетди. Бундан ташқари, ёмғир ёғдириш ёки бўрон кўтариш ҳам жодугарлик бўптими?! Демак, қудратлиман деб мақтаниб юрган Гингема ҳеч ҳам қудратли эмас экан. У ҳатто афсун кучи билан ўз тақсимчасида буғланиб турган қайноққина варақи пайдо қилишни ҳам билмайди. Ўргилиб қўйдим сендака жодугардан!
Нарк ҳар доимгидай, сал нарироқда ўтириб олиб, тилини осилтирганича, Коринанинг муваффақиятсиз тажрибаларидан кулиб ўтирибди. У ўтган уч йил давомида қизча билан анча дўстлашиб олди. Корина жуда эринчоқ ва инжиқ, тантиқ ва қайсар эди. Лекин Гингемадан фарқли ўлароқ, меҳрибонлик хислати ҳам йўқ эмасди. Баъзан кутилмаганда қашқирнинг бўйнидан қучиб, қулоғининг орқасини қашиб қўяр, уни пичирлаб эркалашни ёқтирарди. Умрида ҳеч кимдан меҳрли сўз эшитмаган Нарк бундай онларда ёз жазирамасидаги сариёғдай эриб кетарди. Бунақа дамлар жуда кам бўларди албатта. Кўпинча Корина қашқирни турли хил совуқ ҳазиллари билан қийнайверишни одат қилиб олганди: гоҳ унинг думига ёниб турган похол тўпини боғлаб қўяди, гоҳ бир челак муздай сувни йиртқичнинг устидан қуйиб юборади. Лекин барибир бу қизча баъзан қашқирга кичиккина бўлса ҳам яхшилик қилиб қўяр эди. Ана шу ногаҳоний эзгулик лаҳзалари туфайли ҳам Нарк ёш бекасининг ҳар қандай шумликларига сабр билан чидашга тайёр эди.
Аввалига бу улкан маҳлуқ билан жимжилоқдай қизчанинг дўстлиги Гингеманинг ғазабини қўзғади, лекин орадан вақтлар ўтиб, бу икковининг муносабатларига қўл силтаб қўя қолди. “Қизчаси тушмагур ҳали буюк ишларга қодир!” –