С. Сухинов

ГИНГЕМАНИНГ ҚИЗИ Биринчи китоб


Скачать книгу

афсунлаб қўйилгани аниқ, – ўйларди Гингема. – лекин модомики менинг опагинам бир марта у ерга кириб, афсунлар китобини ўғирлашга муваффақ бўлган экан, нега энди мен шундай қилолмаслигим керак?”

      – Мени нима қилиб қўйдингиз, тавия кампир? – чинқирди Корина қашқирнинг устидан сакраб тушганича, тугунчасига сеҳрли дамлама ҳамда суртмалар солинган шиша идишларни ва қутичаларни жойлаётган Гингеманинг ёнига югуриб келиб. – Мен ахир ўсмай қўйибман-ку?! Умуман улғаймаяпман!

      – Ўсяпсан, ўсяпсан, – кулиб қўйди тугунчасини тугиб турган Гингема. – Абадий ёшлик сири фақат Стеллага маълум. Мен бу афсундан хабардор эмасман. Аммо сен бошқа Тамшанувчиларга қараганда, ўн марта секинроқ улғаясан, икки юз йилдан кейин эса вояга етасан. Балки шу давр мобайнида сен балки озгина ақл тўплаб, ҳеч бўлмаса уқувсизроқ бир жодугарга айланиб оларсан!

      – Сиз… сиз… – вишиллади Корина, ғазаби қўзиганидан тили сўзга келмай, кейин йиғлаб юборди. – Мени қайта афсунлаб қўйинг, фитначи! Сизга ваъда бераман, интизомли қиз бўлиб, ўша аҳмоқона афсунларингизни ўрганаман!

      Гингема афсус билан хўрсинди.

      – Сендан бу афсунни даф қила олмайман. Унинг зиддижодусини билмайман.

      – Ваа-а-а!

      – Ариллама, ўзинг айбдорсан. Агар омадим келиб қолса, Торннинг сеҳргарлик китобларини шу сафар топиб келаман. Балки ўша китобларда сени яна оддий қизга айлантира оладиган афсунлар бордир…

      – А-а-аааа!.. Сиз ўша қуриб кетгур китобларни топишни юз марталаб ваъда қилгансиз, лекин шу пайтгача олиб келганингиз йўқ… У-у-у, ишқилиб бирорта сасиб ётган ботқоқликка чўкиб ўлинг-да!

      – Сен шуни менга, ўз онангга раво кўряпсанми? – Гингеманинг жаҳли чиқди.

      – Ҳеч қанақасига сиз менинг онам эмассиз, а-а-а-а!.. Сиз жирканч, бадбуруш жодугарсиз, ғорингизни моғор босган, илонларингиз ҳам ўзингизга ўхшайди… А-а-а!..

      – Йиғлайвер, йиғлайвер, – кулиб қўйди Гингема. – Ариллаш жонингга теккач, ғорни тозалаб қўй, сичқонларни саралаб, қозонни яхшилаб юв. Бу сафар қуруқ қўл билан қайтмаслигимни кўнглим сезяпти!

      Жодугар супургисига минди-да, осмонга парвоз қилди. Корина унга ёвуз нигоҳ билан қараб қолди.

      – Бўпти, шаллақи кампир, – шивирлади у. – Бир кун келиб тавбангга таянтираман-ку… Ҳозир эса мен бу ердан кетаман. Шу чиркин ғорда бир кун қолишга ҳам тоқатим йўқ!

      Корина ғорга кирди. У ерни тозалаб йиғиштириш ўрнига, қурбақа ва илонлар қайнаб турган қозонни ағдариб ташлади, ҳамма кўзачаларни уриб синдирди, девордаги қуритилган сичқон боғламларини олиб, ерга сочди, қутилардаги жодугарлик ўтлари ва илдизпояларни ҳар томонга улоқтирди. Кейин Гингеманинг афсун китобини роса излади-ю, аммо ҳеч қаердан топа олмади.

      – Нарк, биз кетамиз, – асабийлашган кўйи деди Корина. – Бу исқирт уяда олиб кетишга арзийдиган нарсанинг ўзи йўқ экан!

      Темиртиш талмовсираб қолди. У ўзининг митти бекасини ёқтирарди-ю, лекин жодугарнинг ғазабидан қаттиқ қўрқар эди.

      – Биз қаёққа ҳам бора олардик? – иккиланиб сўради