Марк Твен

ШАҲЗОДА ВА ГАДО


Скачать книгу

тахти қаршисида итоаткорона тиз букди ва маълумот берди:

      – Соҳиби салтанат ҳазрати олийларига яхши маълумдурким, Англия бош фармоначи гофмаршали6 Тауэр минорасига зиндонбанд этилган. Бинобарин, маҳкум бош фармоначи…

      – Жим бўл! Бундоқ жирканч исмни ҳузуримизда талаффуз қилмоқликка журъат эта кўрма. Наҳотки ўша кимса ҳеч қачон ўлим топмаса? Наҳотки у менинг шоҳона истакларим рўёбга чиқмоқлигига умрбод ғов бўлса? Фақатгина Англия гофмаршали давлатга хиёнат қилиб, ўз номига доғ туширгани ва бош фармоначилик лавозимига нолойиқ экани туфайли ўғлимни валиаҳд деб эълон қилмоқликка ҳақсизлиги сабабидан шаҳзода ўзига тегишли бўлган рутбага тасдиқлана олмайдими? Йўқ, буюк қудрат эгаси бўлмиш тангри номи ила қасам ичаман! Парламентимни огоҳлантириб қўй, токи қуёш кўтарилгунига қадар Норфолкка ўлим ҳукмини чиқариб қўйсин. Акс ҳолда парламент қаттиқ жазога мустаҳиқ этилгай.

      – Подшоҳ амри – вожиб! – дея қаддини тиклади тиз чўкиб турган лорд Гертфорд ва ўз жойига қайтди.

      Аста-секинлик билан қиролнинг юзидаги ғазабнок ифода ҳам йўқола борди.

      – Падари бузургворингни ўпиб қўй, шаҳзодам! – деди у. – Ана шундоқ… Нимадан қўрқяпсан? Мен ахир ўз отангман, сени бениҳоя яхши кўраман.

      – Сиз менга меҳрибонсиз. Мен эса муруввватингизга номуносибман, қудратли ва марҳаматли ҳукмдор, бу ҳақиқатан ҳам шундай. Аммо… лекигин… кимнингдир ўлимга маҳкум эканлиги мени изтиробга солмоқда, зеро…

      – Мана энди ўзингга келдинг, мана энди шаҳзодага ўхшадинг! Ақлу шуурингга нуқсон теккан бўлса-да, қалбинг аслича қолганини кўнглим сезганди; юрагинг доимо меҳрга лиммо-лим эди. Аммо ўша герцог сен билан олий мақом-мартабанг ўртасида турибди. Мен унинг ўрнига бошқа одамни, ўз унвонини хиёнат фасоди билан булғамаган кишини қўймоқликни ихтиёр этдим. Сен ташвишланма, оқкўнгил шаҳзодам, шўрлик бошингни бу ғалвали иш билан банд қилма…

      – Унинг ўлими мен туфайли тезлашмоқда-ку, шундай эмасми ҳукмдорим? Агар мен бўлмаганимда у яна қанча вақт умргузаронлик қилган бўларди?

      – У ҳақда ўйлама, шаҳзодам! Хоин бунга номуносиб. Мени яна бир марта ўпиб қўйгин-да, ўз эрмакларинг ва кўнгилхушликларингга боравер! Дардим тинкамни қуритди, жуда толиқдим; менга озгина сокинлик керак. Гертфорд тоғанг билан ва ўз мулозимларинг билан боравер. Вужудим бир оз ором олиб, қувватга кирсам, яна ҳузуримга келарсан!

      Том шоҳона ётоқдан кўнгил ғашлик билан чиқди, чунки ҳукмдорнинг сўнгги айтган сўзлари унинг юрагида ардоқлаб турган яширин умидларига ўқилган ўлим ҳукмидай бўлиб эшитилди – у ўзини озодликка чиқариб юборишади деган ўй-хаёлдан охиригача кўнгил узолмай турган эди. У яна шивир-шивир овозларни эшита бошлади: “Ана шаҳзода, шаҳзода келяпти!”

      Том зарбофтга бурканган, икки қатор терилиб олишиб, ўзига энкайиб таъзим қилиб турган аъёнлар орасидан ичкарилаб боргани сайин баттарроқ тушкунликка тушар, ўзининг бу зодагонлар оламида банди экани, эҳтимол мана шу олтин қафасдан ҳеч қачон қутулиб кета олмаслигини