У ўз марҳаматини дариғ тутмасдан менинг увадаларимни ўзимга қайтарса ва бу ердан тирик ҳамда соғ-саломат ҳолимда жуфтагимни ростлаб қолишимга имкон берса бас. О, менга илтифот кўрсатиб, офат-балодан қутқар, ойимқиз!
Бола тиз чўкди ва қиз томон қўлларини чўзди, у нафақат сўзлари билан, балки нигоҳи билан ҳам ундан марҳамат тилар эди. Қиз эса бир муддат даҳшатдан тош қотиб турди, кейин қичқириб юборди:
– О, валиаҳд, сен қаршимда тиз чўкдингми?! – сўнг ваҳима ичида қочиб кетди.
Том умидсизлик билан ўзини ерга ташлади ва ўзига ўзи деди:
“На ёрдам, на умид! Ҳозир соқчилар келишади-да, мени ҳибсга олишади”.
У қўрқувдан қалт-қалт титраб, ерда думалаб ётган айни пайтда сарой бўйлаб ғалати овоза тарқалди. Шивирлашлар хизматкордан чўрига, аъёнлардан хонимларга ўтиб борарди, – саройларда доимо пичирлаб гаплашишади, – узун даҳлизлар бўйлаб пастки қаватлардан юқори қаватларга, хонадан хонага миш-миш ёйилади: “Шаҳзода ақлдан озибди! Валиаҳд эсидан айрилганмиш!”. Тез орада ҳар бир меҳмонхонада, ҳар бир мармарли хонада ялтир-юлтирларга бурканган киборлар ва хонимлар ҳамда улар каби ясан-тусан қилган, аммо насаб сифатидан қуйироқ бўлган аъёнлар ҳам бир-бирлари билан жонҳолатда пичирлашишар ва ҳар бирининг юзида қайғу аломати зоҳир эди. Кутилмаганда башанг кийинган мулозим пайдо бўлди ва сокин қадам билан ҳар бир кишининг ёнидан ўтиб борар экан, тантанали равишда эълон қилди:
“ҚИРОЛ НОМИ БИЛАН!”
“Ўлим хавфи остида бу ёлғон ҳамда бемаъни хабарга қулоқ тутмоқлик, уни муҳокама этмоқлик ҳамда саройдан ташқарида тарқатмоқлик қатъиян тақиқланади! Қирол номи билан!”
Шивирлашлар дарҳол тўхтади, гўёки барча пичирлашаётганлар бирданига соқов бўлиб қолгандай эдилар.
Кўп ўтмай йўлаклар бўйлаб ари ғувиллашидай ғовур-ғувур бошланди.
– Шаҳзода! Қаранглар, шаҳзода келяпти!
Шўрлик Том ўзига таъзим учун эгилган сарой аъёнлари ёнидан имиллаб ўтиб борар экан, уларга жавобан айнан шундайин таъзим билан бош эгади ва бу ғалати вазиятга умидсиз кўзлари билан аянчли нигоҳ ташлайди. Икки нафар маҳрамлар икки томондан уни қўлтиғидан тутиб бормоқдалар, бу билан Томнинг қадамига тетиклик бағишлашга интиладилар. Унинг ортидан эса сарой табиблари ва бир неча хизматкорлар келишмоқда.
Сўнгра Том саройнинг ҳашамдор безалган хосхонасида пайдо бўлди ва ортидан эшик табақалари ёпилганини эшитди. Уни кузатиб келганлар дарров атрофига тизилишди.
Боланинг қаршисида, жудаям яқин масофада гўштдор юзли, нигоҳи қаҳрли, бир уюм хамир каби семиз одам ёнбошлаб ётарди. Одамнинг каттакон бошидаги сочлари мутлақо оппоқ; юзини қолиплаб турган чакка соқоли ҳам оппоқ. Эгнидаги либоси қимматбаҳо матодан тикилган, аммо эскириб, айрим ерлари титилиб ҳам кетибди. Шишиб кетган оёқлари – биттасига дока боғланган – ёстиқ устига ташланган. Хонада сукунат ҳукмрон, Томдан бошқа ҳамма итоат ила бош эгиб турибди. Юзидан заҳар томиб турган бу мажруҳ кимса қаҳрли Генриҳ VIII эди. У сўз бошлаши билан совуқ юзи