«BBS» «Bulletin Board Systems»1нинг қисқартмаси эканлигини билиб олдим. Лабораториядаги компьютерлардан бирида оддий телефон линиясига уланган махсус қурилма – модем ўрнатилган эди. Модем ёрдамида компьютер бошқа компьютерларга қўнғироқ қилиш ва улар билан гаплашиш имкониятига эга бўларди.
Бизда турли хил «BBS» ларнинг телефон рақамлари рўйхати бор эди. Ҳар бир «BBS» билан алоқага чиқиб, уларни пастки қаватдаги қабулхонада талабалар фойдаланадиган эълонлар доскасига ўхшаш тизимга улардик: Истаган одам хабар қолдириши, реклама жойлаштириши, мунозара бошлаши, файлларни юклаб олиши ёки кенг қамровли мавзуларда муҳокамаларга қўшилиши мумкин эди. Бу крейгслистнинг2 интернетдан олдинги версияси эди. Тез орада компьютер ва телефон тармоғи фақат маҳаллий қўнғироқлар билан чекланмаганлигини билиб қолдик, шунинг учун биз мамлакат бўйлаб узоқ масофали қўнғироқларни амалга ошира бошладик. Сиэтллик, нью-йорклик ва маямилик нотаниш кишилар билан мунозараларда қатнашиш жуда ажойиб эди. Кутилмаганда мавжудлиги аввал хаёлимизга келмаган жойлар, бутун дунё билан алоқа ўрнатиш имкониятига эга бўлдик.
Кунларнинг бирида, Гор хоним лабораториядан ташқарида тушлик қилаётганида орамиздаги кимдир модемни слотдан суғуриб, унинг ўрнига оддий телефонни улаб кўришни таклиф қилди. Бу ҳақиқатан ҳам ишлайдими ёки йўқми, аниқ билмасдик. Лекин телефон трубкасини кўтарганимизда, қўнғироқ оҳангини эшитдик. Энди биз исталган телефон рақамига бепул қўнғироқ қила олардик. Лекин янги махфий кашфиётимиз билан кимга қўнғироқ қилиш кераклигини билмас эдик.
Мен 976 рақамидан кимнинг хабари борлигини сўрадим. Телевизорда турли хил 976 рақамлар учун ҳар хил рекламаларни кўргандим. Масалан, сиз 99 центга кун ҳазилини эшитиш учун 976-JOKE рақамига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Шундай қилиб, биз 976-JOKEга қўнғироқ қилиб кўрдик ва айтарли кулгили бўлмаган бир ҳазилни эшитдик. Яхшироқ ҳазил эшитиш учун яна бир бор қўнғироқ қилиб кўрдик ва яна ўша ҳазилни қайта эшитдик. Менимча, бу мантиқан тўғри эди, чунки бу дақиқа ҳазили эмас, балки кун ҳазили бўлиши керак эди.
Кейин биз ихтиёрий 976 рақамларини тердик. Синаб кўрган рақамларимиздан бири 976-SEXY эди. Қўнғироқ автоматлаштирилган ёзув билан бошланди ва нархи дақиқасига 2.99 доллар, хизмат фақат катталар учун эканлигини айтди. Ёзувда айтилишича, агар мен йигирма бир ёшга тўлмаган бўлсам, дарҳол трубкани қўйишим керак экан.
Трубкани қўймадим, албатта. Қизиқувчанлигим баттар ортди.
Телефонга бир аёл жавоб берди ва майин овозда гаплаша бошлади. «Салом, – деди у. – Ҳозир сиз шаҳвоний ҳисларни туйяпсизми?»
Албатта, бу бизга компьютер орқали Нью-Йоркдаги бошқа «BBS» фойдаланувчиларига уланишдан кўра анча қизиқарли ва ажойиб туйилди. Ҳақиқатан ҳам мен учун бутунлай янги дунё очилаётган эди.
«Ҳм. Ҳа», – дедим иложи борича йўғон овоз билан.
Тўсатдан майин овоз одатий, ғазабланган овозга айланди, бу геометрия ўқитувчимнинг дарсга кеч қолганим учун танбеҳ беришини эсга соларди.
– Йигирма бир ёшдан ошганмисиз? –