ишламоқда. Энди кўнглингиз жойига тушдими?
Ҳамманинг кўнглидаги ҳадиклар тарқалгандай Ибройимга қаради. У эшитмагандай орқайин ўтираверди. Сабаби, бунинг барини Бабош жўраси аллақачон аниқлаб, Ибройимга тушунтирган эди. Шу орада бировнинг ғилдираги ғичирлаб, бировиники чийиллаб икки арава келди. Ҳамма ёппасига ташқарига чиқди.
– Бизнинг уйимизда икки арава юк йўқ, биттаси ҳам бўлар эди.
– Биттасига янгам миниб, боласини қучоқлаб ўтирар.
Ҳар ким ҳар ёқдан “ундай юклама, бундай юкла” дегандай маслаҳат бериб, уй анжомларини аравага ортаверишди. Ҳар сафар ота-боболарнинг донолигига, улардан айтилмаган гап қолмаганига ҳайратланасан. “Камбағал бўлсанг, кўчиб кўр” деганлар-ку, тугунлар бир аравага сиғмай, иккинчи аравага ҳам ортилди.
– Қани энди, ичимизда ёши катта Тажет ҳамда энг ақлли ва доно Бабош кўчнинг олдида яхши ният билан йўл бошласин.
Эломоннинг бу гапи ҳаммага маъқул бўлди. Улар Маденни ўртага олишиб, олға қадам ташлашди. Ибройимни кўчиришга йиғилганларнинг ҳаммаси бундан уч йил бурун Ибройим билан Бабош бошлаган “Адабиёт гули” деворий газетасининг давоми бўлган “Қоратов” журнали атрофида бирлашган эди. Бу ташкилий ишларнинг бошида ҳамма сўзсиз тан оладиган ва бўйсунадиган адабиёт фидойиси, Ибройим шоирнинг сўзи билан айтганда: “Юзида қандайдир кўркам нур ёғилиб турадиган, рўйи очиқ, қалин қора қошлари остидаги қорачиқлари кишини ишонишга чақирадиган, сўзи маънили, тили ширали, келишган, узун бўйли, ориқ йигитнинг исми-шарифи Бабош Исмоилов бўлиб, манғит элатига яқин ердаги “Басув” сойининг бўйларидан келган эди. Унинг адабиётни билиши, бадиий асарларни теран ҳис этиши, дунёқараши кенг, ўй-фикрлари қизиқ эди. Айниқса, сиёсатдан хабардорлиги, сўзга ижтимоий маъно бериши, юморга усталиги ҳамда “Адабиёт гули”нинг тонгги шудрингга чўмилган хушбўй ҳиди бизларни беҳуш қилиб, дўстлик ришталари билан тўқилган тўрга илинтирган эди. Бизлар унга қизга ошиқ бўлгандек маҳлиё эдик. Ўша куз кунларидан бошлаб иккаламизнинг танишлигимиз дўстликка, дўстлигимиз туғишганликка айланди. “Игна қайда бўлса, савоқ2 шунда бўлади…”
Биз институтда ўқиётганимизда адабиёт дунёсига бутунлай шўнғиб кетган эдик. Турли курсларда ўқиётганимизга қарамасдан, бир гуруҳ ёшлар “Адабиёт гули” хиёбонида айланиб, унда сайраган булбуллар овози эс-ҳушимизни ўғирлар эди. Бу бадиий сўз шайдолари орасида Бабош иккимиздан бошқа Сирожиддин Аҳмедов, Собир Камолов, Ўсарбой Хўжаниёзов, Марат Нурмуҳаммедов, Дўстжон Носиров, Атаулла Худойберганов, Ўрозбой Зарикеев, Ўрозақ Бекбулов, Ақжипак Турғанбоева, Равия Есемуратовалар бор эди…
Бизларни ўқитиб, ўргатиб, давраларига қўшиб тарбиялаган устозларимиз Нажим Давқораев, Қалли Айимбетов, Жумек Ўринбоев, Жўлмирза Оймирзаев, Амет Шомурадов, Исмоил Сағитов, Турдимурат Бекимбетов, Айтжон Есемуратов, Ўринбек Кожуровлар ҳаётда, ижодда суягимиз қотиб, қанот қоқиб, учирма бўлишимизда оталарча меҳрибонлик билан ғамхўрлик қилишди. Улар илк қадамларимиздан ҳар бир ютуғимиздан қувонишар,