Шарап Уснатдинов

Ибройим Юсупов


Скачать книгу

пайдо бўладиган” дўсти ширин хаёлларининг “қалдирғочини учириб” юборди. “Сенинг қилиғинг доимо мана шундай беўхшов, айни шу пайт келмаганингда ўлармидинг. Кун бўйи бошимда ўйнаган калтакларнинг орасидан эндигина қулоққа ёқадиган ёқимли муносабатларнигина мунчоқдай ипга тизиб ўтирганимда келганини қара”, демагани билан шу гаплар кўнглидан ўтди…

      Улар уйга яқинлашган вақтда эшик олдида икков-учовдан бўлиниб, ўзаро гаплашиб турган тенгдошларини кўриб, бу дунёда дўстлик деб аталадиган нарсанинг, келиб “кўз ойдин” айтадиган удумнинг ҳали бор экани, ҳаётда одам уларга муҳтож бўлиб яшаши эсига тушгандай, кўнгли яйраб кетди. Қараса, институтни бирга битказганларнинг “шайка”си деярли тугал. Улардан аввал битирган Бабошларнинг гуруҳидан ҳам бировлар кўринади. Кўчада ғала-ғовурни эшитган Хонбиби элти келинига дастурхон ёздирди. У дарров қозон-ўчоққа уннади. Дўстлари йиғилиб ўтирган уйга Хонбиби элти кириб келганида ҳамма гурра ўрнидан турди. Сўзни юзи билан оғзи бир қисим, калта бурун, бичими бошқаларга қараганда ихчамроқ, буғдойранг йигит бошлади.

      – Элти аже, мен Жумашев Мамбет деган болангизман. Манов Бабош икковимиз Ибройимдан бир йил бурун битказдик. Ота-онам чорвадор бўлгани учун узоқроқда юрган эдим. Сизларнинг янги уйга кўчганингизни эшитиб, қутлуғ бўлсинга келсам, бугун Ибройимни табриклаш ўтиришига дуч келдим. Энди мана бу иморатингиз қутлуғ бўлсин. Ибройимнинг “элига эловли, халқига қаловли” азамат йигит бўлгани муносабати билан кўз ойдин айтаман…

      Бу шу ерда ўтирганларнинг ҳаммасини кўнглидаги гап эди. Ибройимлар янги уйга кўчиб келганига бир ойлар бўлгани билан, дўстлари бу даргоҳга янги достон муҳокамаси баҳонасида бугун келишган эди. Курсдошлари чимбойлик Ўрозбой Зарекеев ва Тўлибой Қайпов, кегайлилик Емберген ва Қалбай “кўзойнак”, хўжайлилик Бахий Авезжонов, ҳар куни кўришиб юрадиган жўраси Атағулла Худойберганов, Нурғали Бийжонов, Караматдин Бойназаровларнинг биринчи келиши.

      Мамбет сўзга чечан, нима керак бўлса ҳам “мени юборинг”, деб турадиган чаққон йигит. Институтда кўринганига ҳам кўп йил бўлгани йўқ. Чимбойлик Ажибой Муртозаев деган йигит уни бир ёқлардан эргаштириб келди-да, ўқув йилининг қоқ ўртасида ўзининг рўпарасига ўтирғизиб, ўқитаверди.

      Дастурхон атрофида дастлаб ўзаро ҳол-аҳвол сўрашиш, кимнинг боши иккита бўлиб уйланди, қаерда ишлаяпти, кўпдан буён кўришмай кетдикдан бошланган шовқин сал тинчигандек туюлганида Эломоннинг:

      – Қани, Мамбет, янги уй қутлуғ бўлсинга нима олиб келдинг? –деган саволи кўпчиликнинг дастурхонга чўзилган қўлини, оғзига бир егулик солганларни чайнашдан тўхтатди. Сабаби, ҳамма достон муҳокамасининг шамоли билан тўғри келаверган эди.

      – Менинг етти бобомдан тортиб чўпонмиз, шу шаҳарнинг чеккаларида ўтлаб юрган қўйларим бор, шулардан бирини бераман. Сизлар-чи, нима олиб келдингиз?

      Эломоннинг ҳазиллашиб айтган гапини Мамбет биратўла ростга