Исажон Султон

Маъсума


Скачать книгу

ҳам, оғиздан чиқиб, Худонинг даргоҳида ёзилиб қолса бас. Маъсума ҳам шундай қилди, суҳбат чоғида Боситхоннинг “Энг эзгу орзуингизни айтинг” деган сўзларига жавобан:

      – Айтганим билан, рўёбга чиқара олармикинсиз? – деди ишонқирамай.

      – Қандай орзу экан у, рўёбга чиқариб бўлмайдиган?

      – Айтсам, кулмайсизми?

      – Худо ҳаққи, нега кулай?

      Маъсума ерга қараб, орзусини айтди:

      – Театрда рўл ўйнаш!

      Боситхон кулиб юборади, Маъсума эса юзини буради:

      – Ана, айтмаганимга қўймайсиз. Айтсам, устимдан куласиз!

      – Йўқ-йўқ, хафа бўлманг! Мен беғуборлигингизга завқланиб кулдим. Албатта, вақт-соати келиб, орзуингиз амалга ошса ажабмас!

      “Юлдузи юлдузига тўғри келган бўлса, никоҳни чўзиб ўтирманглар” деган ўгитлару насиҳатлар пировардида, тезгина фотиҳа бўлиб ўтиб, тўй куни ҳам белгиланди. Куёв томон тўй юборганида Ўлмас келинойининг оғзи қулоғига етиб қолди: иккита қўй, қоп-қоп гуруч, ёнғоқ, майиз, туршак, сават-сават бодом, хандон писта, ҳолва, каллақанд, баркашдай-баркашдай ёғли патирлар Махсум поччанинг уйига ташилди.

      Бу ишнинг кишилар билмайдиган бир жиҳати бор эди: Абдувоҳид қори Махсум почча оиласини сўраб-суриштиргач, “Бир етимчанинг бошини силаб, шунча йил зориқтирмай ўстириб-ундирибди, кўздай қўшни маҳалланинг одами экан, кўпроқ совға-салом юборинглар, заҳматларининг роҳатини ҳам кўрсин” деган эди.

      Тўй ҳолва-патирлари қўни-қўшниларга тарқатилди. Махсум почча Маъсумага ота ўрнида дуо берди. Бўз йигитлар куёвжўралар тушган аравани ўтказмай тихирлик қилишганида, Мунис оғача Маъсумага деди: “Ҳой, Ойпопук, маҳалламиз йигитлари сени ўзиники деб билиб, қизғанишини кўр!”

      Қизнинг қирқ ўрим сочини иккита қилиб ўришди, икки чаккасидан гажак ҳам солишди. Эгнига майда гуллари ўзидан бўртиб чиққан ялтироқ оқ товар газмолдан шоҳи кўйлак, оёғига ғарчиллама маҳси-кавуш кийдириб, қирмизи духобадан паранжи ёпинтиришди. Қўш отли аравага солиб, куёвжўралар қийқириқлари остида янги хонадонига олиб кетишди.

      Шу тариқа, ҳургина-ҳуркаккина Маъсума келин бўлди-қолди.

* * *

      Маъсума қаршисида шаҳарнинг туб сулолаларига мансуб бу хонадоннинг тутумлари очила борди.

      Тиғиз хонадонларида тумонат кишилар яшайдиган бу қадим маҳаллаларнинг кўп йиллардан буён яшаб келаётган сирли руҳияти бор. Кўча-кўйда тирикчилик ҳаёти қайнайди, асил оилаларда эса ўта маданиятли, илму маърифатга ошно, донишманд оқсоқоллару тадбирли хонимлар ўша кўҳна маданиятни асраб-авайлаб келадилар. Кексаларнинг болдай ширин муомаласи олдида ҳар қандай киши эриб кетади. Кўнгилларга малҳам бўлгувчи офтобдай меҳрни айтинг! Ҳар бир оила ўз сулоласини кўз қорачиғидай ардоқлашини, етти пушти нарисини кўриб қолса ҳам қучоқлаб юз-кўзидан ўпишини, бир мушкули бўлса, қўлидан етаклаб беминнат кўмаклашишини-ю, “Бизлардан тез-тез хабар олиб тургин, узилишиб кетмагин” деб эъзозлашини айтинг!

      Абдувоҳид қори хонадони ана шундай хонадонлардан.

      Бу маҳаллада нима кўп – ўрик кўп. Абдувоҳид қори хонадонига