Исажон Султон

Маъсума


Скачать книгу

очиқ, белбоғ атай бўшроқ қилиб боғланган, биқиндаги гулдор оҳанжамали қинда пичоқ, мўйловини бураб-бураб, ғоз ўтиришади.

      Тим остида хотин-халажнинг кўзини ўйнатадиган расталар қаторлашган: мато-газлама расталарининг сотувчилари кибор, савлатли, шоҳи белбоғларига қўлларини тиқиб, аста айланишади, баъзилари атлас тўшакларда чордана қуриб олишган. Улар орасида Махсум поччанинг дўсти, Чақар маҳаллалик Абдухалил читфуруш ўғли Абдузоир билан қўр тўкиб ўтиради. Махсум почча шу кишининг молларини сотиб, даромад топади. Тепароқда яна-да кибор савдогарлар растаси: у ёқда Оврупадан, Ўрусиядан ё Тифлисдан келган буюмлар сотилади. Тери жомадон ичидаги патефон-граммофонлар дейсизми, ичида қуш сайрайдиган соатлар дейсизми, ўттизинчи чироқлару унинг мойлари дейсизми? Чироқ мойи ёнида иссиқ иқлимлардан келган хурмо, зайтун мойи шишалари ялтираб кўзни олади. Буларнинг кийинишлари яна ўзгача, кими турк фасини кийиб олган, баъзилари янгича тақлидда этик ё кавуш, яна бирида жужунча, белига белбоғ ўрнига камар таққанлар ҳам бор. Камарни аскар таққувчи эди, фаранг кофири уни кўча-кўйга тақармиш. Ўрусияга қатнайдиган савдогарлар Сибириядан келтирилган мўйналар, ўша ёқларда бўладиган кийикнинг катта шохлари, айиқ панжалари орасида зерикишади. Янаям нарёғи эса унча-мунча одам боришга ботинолмайдиган заргарлар растаси. У ер тинч, ортиқча шовқин-сурон йўқ, йўлакларига кўлоблатиб сувлар сепилган, либослари бой-боёнларча.

      Бу тўс-тўполон орасида гоҳ-гоҳо белига кашкул осиб, жулдур тўн кийиб олган уч-тўрт дарвиш ҳам кўринади. Уларнинг дунё билан иши йўқ, ёнма-ён қадам ташлаб, Фузулийдан куйлашади:

       Манимдек ҳеч ким зору паришон ўлмасин, ё Раб,

       Асири дарди ишқу доғи ҳижрон ўлмасин, ё Раб.

      Дамодам жаврлардур чекдигим бераҳм бутлардан,

      Бу кофирлар асири мусулмон ўлмасин, ё Раб!

      Шунча одамнинг бирваракай сурони тинимсиз айланиб турувчи шовқин ҳосил қилган, у жони бордай, гоҳ у ёқда, гоҳ бу ёқда зўраяди.

      Бу бозор гирдибоди ортида, тимлар ва расталар қаторларидан юксалиб, оқ булутли само тоқида Кўкалдош мадрасасининг ўрис замбарагининг ўқидан ўпирилиб тушган қуббаси ҳам кўриниб туради.

      Маъсума атрофига аланглаб-аланглаб одимларкан, Ўлмас келинойи уни тортқилашини қўймасди:

      – Анграймасанг-чи, қолиб кетасан ҳозир!

      Ниҳоят, бозорнинг заргарлик дўконларидан ўтиб, боғчага етиб келишгач, кишилар орасидан миқти гавдали, оқ яхтак кийиб, ихчам салла ўраган почча ажралиб чиқади-да, булар ёнига келиб:

      – Ҳа-а, келдингларми? – деди илжайиб. – Анави ерда бўлади томоша.

      Дарҳақиқат, боғча ялангига одам бўйи келадиган айвон қурилиб, олдига бўз парда тортилибди. Парда қимирлашидан, ортида кимдир борлиги билиниб турибди.

      – Ҳозир бошланади, – деди почча.

      Ҳамма томошапарданинг очилишини кутиб турар экан, баланд бўйли, қуюқ жингалак сочли, оқ жужунча камзул кийиб олган бир йигит шундоққина