Карим Бахриев

Ҳақиқат талабгоримиз


Скачать книгу

эслатади. Унинг гўзаллик ҳодисасига айланган дардли шеъриятида Эрк, Ҳақиқат, Эзгулик ва Гўзалликнинг таъмини туйиш, рангини кўриш, чеҳрасига тик боқиш мумкин.

      Рауф Парфини ҳаёт ҳақиқати эмас, қалб ҳақиқати кўпроқ ўзига тортади. Менинг назаримда, у кундалик турмушда қандай яшамасин, одамлар билан қай тарзда мулоқот қилмасин, шеър ёзаётганда қандайдир руҳий юксакликда туриб ёзарди. Бир-икки марта унинг жаҳлини чиқаришга, фикрини шу тахлит билишга уриниб кўрганман. «Нега сиз ҳам «Ой чиқар гоҳ заҳоли, Қизлар кўпдир вафоли» ёки «Кимгадир ёқар райҳон, Ким атиргул шайдоси» сингари сатрларни ёзмайсиз?» – деб сўраганман. Ва ундан жавоб ололмаганман. Унинг сатрлари залворли, у донишманд, у виждон сингари бир сўроқчи. Бу феномен ҳали ўрганилиши керак. У ўзбек шеърий маданиятидаги сарбаст шеър тузилишини ўзбек халқининг нафақат орзу армонлари, дарду аламлари, шу билан баробар яна тафаккур маданияти, қалб зарблари, ўзбекона миллий руҳи билан бойитди, рауфона оксиморон тимсоллар тизимини яратди. Ҳислар оқими шеър мусиқийлигини ҳосил этиши – ёлғиз Рауф Парфи ижодий изланишлари учун хос бўлган бетакрор самарадир. Сатрлардаги ички қофияланиш, аллитерация – оҳангдош сўзлар билан бойитилиш шеърнинг тафаккур тўлқинининг онг-шуурларда михланиб қолишини таъминлади. «Тахайюл майига термуламан жим» дея зорланган шоирнинг тахайюллар асосига қурилган мажозий образлилик, бу – воқеликни, инсонни, руҳоний ҳаётни ҳаққоний идрок этиш йўлларидан бири.

      «…Нарсаларга эркимизни боғлаб қўйганмиз, моддиятнинг қулимиз, – деб ёзган эди Рауф Парфи. – Бу «айёр» ақлнинг хулосалари, оқил ақлники эмас. Оллоҳни таниган банда моддиятга боғланиб қолмайди, у ўзининг қоровули эмас. У – Ўзининг эгаси, ўзлигини излаётган инсон». «Санъатнинг вазифаси инсонга ўлимни англатишдир… Инсон доимо ўлим билан ёнма-ён юради. Тошбақа косасини бир умр ортиб юрганидек, ўз ўлимини доимо кўтариб юришга маҳкум. Менимча, ўз ўлимини кўтариб юрган одам Аллоҳга, Ўзига, бировга хиёнат қилмайди. Хиёнат ёлғонлардан туғилади» («Суҳбатдош» газетаси, 1999 йил, 2-сон, февраль).

      Рауф Парфи сингари бир буюк ўзбек шоирининг ижодидан ҳар ким ўзи истаган фикрини топа олади. Энг муҳими, эҳтимол, айнан у шеър ҳақидаги минг йиллар қарор топган тушунчаларни парчалади. У шеър осон ўқилиши, ўқиган одам маза қилиши керак, деган тасаввурни синдирди. Унинг шеърлари бир ўқишда англашилиб кетадиган осон сатрлар эмас. Ундаги фикр силсилаларини англаш учун мияни «сиқиш», оғриқли ўйлаш керак бўлади. Шундагина ундан бойиниши, тўйиниш мумкин.

      Рауф Парфи жуда завқли инсон эди. Ялиниб-ёлвориб, зўрға бир шеърини ўқиб беришга кўндирардик. Кейин шеърини тинглаб: «Устоз, жуда зўр шеър бўлибди-да», – десак, у жилмайиб: «Ёмон ёзолмасам, нима қилай?!» – дерди.

      У Ҳамлету Отелло тўғрисида ёзганда ҳам, Байрон ва Егише Чаренцга мактуб битганда ҳам, Тҳакур ва Вейденбаумга назира битганида ҳам Туркистон ва туркийларни, Ўзбекистон ва ўзбекларни ёзарди. Рауф Парфининг 1981 йилда ёзилган ва ўша замонда чоп