ғозийси, Исломнинг буюк фақиҳи, Пайғамбаримизнинг муборак қўлларини тутиш бахтига муяссар бўлган саҳобаларидан Муоз ибн Жабал: «Ҳар намозингни охирги марта адо этаётгандай, ҳаёт билан видолашаётгандай сидқ ила адо эт, зеро, кейинги намозгача ҳаётлигингга кафолат йўқдир», – деганлар. Бойлиги бўлса-ю ўзи заиф бўлса, бошқа бир соғ кишини ҳажга юбортириши лозим ва модомики, кейин соғайса, яна бўйнида ҳаж фарз бўлади. Навоий замонида масала шу тариқа кўндаланг турган ва ҳозир ҳам то Қиёмат кунигача ҳаж дини исломнинг фарзидир.
Табиийки, ҳажни ихтиёр этган Алишер Навоий ҳазратлари дини исломнинг бешинчи шарти бўлган ҳаж қонун-қоидаларини тўлиқ ва тўкис билганликлари шубҳасиздир. Жумладан, «Сирож ул-муслимин» асарида ҳазратим шариат аҳкомларини назмда баён этадилар. Асарда, жумладан, ҳаж борасида ёзганлар:
Бешинчи рукн, билгил, ҳажи ислом,
Чу фарз ўлди, адоси келди ноком.
Вале фарзиятида шартлар бор,
Қулоқ тутким, қилай борини изҳор.
Биров улким, иститоат бўлса мавжуд,
Анга тегурки, қилдинг ани мақсуд.
Яна бир шарт йўл амнияти бил,
Бу чун мавжуд ўлур ҳаж нияти қил.
Яна гар дайн йўқ бўйнингда лозим,
Санга бўлмоқ бўлур бу йўлға озим.
Яна гар йўқ аёлингдан маунат
Ки, ул кўргай маош учун суҳбат.
Яна гар бермади жисмингда сонеъ,
Мараз андоқки, бўлғай йўлга монеъ.
Бу маҳзурат гар йўқ тебра филҳол,
Ўзунгни дўст куйи тавқиға сол.
Неким фарз ўлди бўйнингда адо қил,
Етиб мақсадға комингни раво қил.
Хуллас, ҳаж зиёратига отланиш учун, Мир Алишер Навоий зикр этганлари сингари маблағ, соғлиқ ва хавфсизлик чоралари ҳам таъмин этилган эди. Бироқ Мир Алишер Навоий Макка ва Мадина зиёратига бора олмадилар.
Биринчи гал – 1498 йил ёзида Бадиуззамон ўз отаси Ҳусайн Бойқаронинг сиёсатига қарши исён бошлади. Айни ҳаж тадоригини кўраётган Навоий салтанатда осойишталикка путур етаётганини, бу халқнинг бошига офатлар келтиришини сезгани ҳолда сафарни ортга сурди ва шаҳзода Бадиуззамон ёнига элчи бўлиб борди. У «Муншаот»ида келтирилган Бадиуззамонга ёзган мактубида аввал ўзини «фақири хокисор» ва «хокиваши беэътибор» деб таништиради, «давлатлиғ эшик олдида туфроғдек» тушганлигини айтиб, «ажал сарсари туфроғимни бўсағадан совурғай ва ўлим сайли хошокимни бу эшикдан сурғай» деб юкинади. Навоий қайда-ю, тахт талашган шаҳзода қайда, аммо ҳазрат исённи бостириш учун шаҳзоданинг остонасида хазон бўлишга тайёр туради. Истиҳоладан сўнг қатъият кўрсатади: «Ҳосил, шаввол ойининг йигирма олтисида душанба куни ижозат бўлиб, Марвдин Астрободга азимат иттифоқи тушди. Эмди, агарчи сизга ҳеч ишда насиҳатға ҳеч эҳтиёж билмасмиз, ва лекин бир-икки сўз айтурдин ҳам чорамиз йўқдур. Оламда ҳаргиз дўстлуқ киши душмансиз бўлмайдур ва аҳбоблиқ одами аъдосиз топилмайдур». Навоий дипломатиясининг тили қанчалар нафис! Ота-бола бўлган шоҳ ва шаҳзодани