ЛАРБИРИНЧИ ЖИЛДШЕЪРЛАР
“Она, куйланмаган бир куй истайман”, деган эди Рауф Парфи шеърларидан бирида. Дарҳақиқат, шоирнинг бетакрор, ўзига хос ижоди бор. Бунинг ортида “куйланмаган бир куй” яратиш талабидан ташқари, ўз-ўзини ва ўз сўзини излашга жидду жаҳд ҳамда машаққатли меҳнат ҳам туради. Шоир ўз китобларига тартиб беришда ҳам мана шундай талаблардан келиб чиқиб шеър танлаган. Қўлингиздаги “Сайланма” эса улардан фарқ қилади. Унда шоирнинг ёшлик йилларида ёзилган ва аввалги китобларига кирмаган ўнлаб шеърлари ўрин олган ва уларга ёзилиш санасига кўра тартиб берилган. Бу шоир Рауф Парфининг ижодий эволюциясини кузатишга ва унинг ижоди бўйича янги илмий тадқиқотлар яратишга ёрдам беради.
ЎНГСЎЗ
Рауф Парфи – шеърнинг шеърини ёзган шоир, шеърни шеър билан англатган шоир, шеърнинг қудратини қайтадан кашф этган шеър мутафаккири. Туркистон шоири, ватан шоири, тил шоири, турк шоири, Турон шоири, шеърларини мазлумларга қалқон қилган шоир, садоқатнинг шоири…
Рауф Парфи ҳақида тадқиқот яратишдан олдин у мен учун оддий бир шоир эди. Мен фақат унинг исмини билардим, холос. Гарчи илгари у ҳақда Туркияда чоп этилган мақолаларни ўқиган бўлсам-да, бу менинг эътиборимни унчалик тортмаган эди. Буни мен, Туркияда ўша пайтда жуда қийин бўлган академик даражага ўтиш учун чет тили имтиҳонининг қийинлиги ва бу имтиҳонга икки йил тайёргарлик кўришим билан изоҳлай оламан, яъни бор имкониятимни чет тилини ўрганишга сарфлаб, ўз соҳам бўйича изланишга вақтим оз қолган эди.
Чет тили имтиҳонидан ўтгандан сўнг, мен доцентлик учун илмий тадқиқот олиб боришим ва шу мавзуда китоб ёзишим кераклигини билардим, лекин буни қандай амалга ошириш йўлларини билмасдим. Мен қарлуқ лаҳжаси бўйича китоб ёзишни режалаштиргандим. Барча тайёргарлигим шу китоб бўйича эди, ҳатто китобнинг қораламасини ҳам тайёрлаган эдим, шу мавзуга оид тўплаган материалларим ҳам кўп эди. Шундай бўлса-да, мен Анқарадаги турк тили ва адабиёти бўйича иш олиб бораётган тадқиқотчилар билан суҳбатлашиб, фикрларини билгим келди.
Анқарадаги устозимга вазиятни тушунтирдим, тайёргарликларим ҳақида сўзладим. У менга: “Сиз қилган тадқиқотларнинг деярли барчаси тил билан боғлиқ, келажакда агар сизнинг доцентлик ҳужжатларингизни менга юборишса, сизга шундай савол берган бўлар эдим: “Сиз адабиётга боғлиқ нима иш қилдингиз? Ахир сизнинг соҳангиз замонавий турк лаҳжалари ва адабиёти-ку!” – деди. Мен устознинг сўзларидан лол бўлиб қолдим, маслаҳат беришини илтимос қилдим. У менга шундай деди: “Рауф Парфи исмли ўзбек шоири бор, бир томондан бизнинг Меҳмет Акиф каби, бир томондан Нежип Фазилга ўхшайди. Уни ўқиб чиқинг, сизга ёқиб қолишига ҳеч шубҳам йўқ”, – деди. Мен материалларни қандай топиш мумкинлигини сўрадим. Устозим “Ҳамма материалларни ўзим топиб бераман”, деди. Шу заҳоти менга Рауф Парфининг иккита шеърий тўпламини узатди ва “Ксеронусхасини олинг ва ишга киришинг!” – деди.
Менинг Рауф Парфи шеърлари билан танишишим шундай бошланган эди. Дарҳақиқат, устозим айтганидек, қайсидир жиҳатдан Меҳмет Акифга, қайсидир жиҳатдан Нежип Фазилга ўхшар, лекин Рауф Парфи улардан жуда бошқача шоир эди. У худди ўтга ўхшарди, ўз эркинлигини яхши кўрар эди, ўз чегараларига дахл қилишга ҳеч кимга рухсат бермасди. У хоҳламаган одамини ёнига яқинлаштирмайдиган, кучли, мағрур, севганини ўлгунча севадиган, раҳмдил ва бола каби беғубор эди.
Шеърлари кўзгу каби эди, қараганда ҳар инсон ўз руҳини кўрарди. Бу кўзгуда турк тарихи бор эди, мазлумларнинг ҳомийси – золимларни даҳшатга солган қаҳрамон бор эди. У ҳар доим дунё мазлумлари томонида бўлиб, уларнинг дардлари билан оғриган, улар учун қайғурган ва шу қайғуларини қоғозга тўккан шоир эди.
Дунёда Рауф Парфи ўқимаган шоир деярли бўлмаган. У бутун Осиё, Европа ва Жанубий Американинг кўзга кўринган ва таъсирли шоирларининг ҳаммасини ўқиган, шеърларини ўқибгина қолмай, таржима ҳам қилган.
Мен Рауф Парфи ҳақидаги тадқиқотимда унинг барча шеърларини бирма-бир ёзиб, сарлавҳаси бўлмаган шеърларнинг биринчи мисрасини сарлавҳа қилиб олдим. Уларнинг ёзилган йили, байт бирлиги, нечта байтдан иборатлиги, қофия тизими, тури, кимга бағишланганлиги, эпиграфи, вазни, ритми, такрорлари, мавзуси ҳақида ёздим. Ҳар бир шеърини қайта-қайта ўқидим; Рауф Парфининг яшаган даври, шароитига эътибор бердим, ўзимни унинг ўрнига қўйиб, шеърларини англашга ҳаракат қилдим.
Шеърларини таржима қила бошлаганимда, ҳеч бир таржимамни асл нусха билан боғлай олмадим. Ниҳоят, Анқарадаги устозимнинг олдига бордим ва унга бир шеърнинг икки хил таржимасини кўрсатдим. Улардан биттаси менга жуда ёққан эди, домлага ҳам ўша ёқади, деб ўйлаган эдим, лекин ундай бўлмади. Устоз менга ёққан таржимага қараб: “Сиз янгидан шеър ёзаяпсиз, бу Рауф Парфи шеърига ўхшамабди”, – деди. “Бошқача йўл тутсам чиройли чиқмаяпти”, – дедим. Устоз: “Сиз бошқа тилдан таржима қилмаяпсиз, туркий тилнинг бир лаҳжасидан ўгираяпсиз. Ишингизни кўрадиганлар асл шеърни тушуниш учун сизнинг таржимангизни кўриб аслидаги лаззатни татиб кўришсин. Бунинг учун таржима пайтида шеърнинг аслиятдаги оҳангини сақлашга ҳаракат қилинг, қофияларига эътибор беринг. Агар сиз битта қофияда сўз топа олмасангиз асл шаклини ёзинг ва изоҳ шаклида маъносини саҳифа остида беринг”, – деди. Тадқиқотим шу маслаҳатлар