энди кўчишимиз зарур бўлиб қолганини сўрадим. Шунда аям:
– Сени ҳали кўп нарсага ақлинг етмайди, болам. Биз тўғримизда майда-чуйда гаплар кўпайиб кетяпти… Ҳаммасининг юзи қурсин. Бизни кўришолмайди, – деди. Кейин яна қўшиб қўйди: – Дяд Доникнинг катта ишхонаси ҳам Фарғонада. У кўпроқ вақтини ўша ерда ўтказади. Кейин мениям бир ишга «оформит» қилдириб қўйди… – Сурайё ҳам сиз билан бирга борадими? – қизиқиб сўрадим ундан.
– Йўқ, – деди аям, – Сурайё энди ишламайдиган бўлди. Лекин бизникига бориб-келиб туради.
Шундай қилиб, биз энди фарғоналик бўлиб қолдик. Бу ердаям дяд Доник бизникига худди ўз уйидагидек келиб-кетадиган бўлди. Яна худди аввалгидек, тирикчилигимиз асосан унинг бўйнида эди. Аям эса номигагина уч-тўрт соатга қаергаям бориб келар, унинг маоши ёки даромади тўғрисида умуман оғиз очилмасди. Мени эса мактабга бошқа юбормай қўйишди. «Саккизни битирдинг, бас. Кейинроқ ўзим аттестат тўғрилаб бераман, истаган институтингда ўқийсан», – деб ваъда берди дяд Доник. Бу таклиф ўзимгаям жуда маъқул тушди. Энди бегона мактабда ўқишга юрагим дов бермай турувди ўзи.
Бу ердаги уйимизда ҳам худди Қўқондаги сингари тез-тез меҳмонлар тўпланадиган, тонготар зиёфатлар, маишатлар ташкил қилинадиган бўлиб қолди. Шанба кириб келди дегунча бўлмай, машинасини қизларга тўлдириб «аканг қоқиндиқ» кириб келарди.
Мени энди уйимизда нималар бўлаётгани қизиқтирмай қўйди. Секс фильмлар ҳам, маст-аласт эркак, аёлларнинг ҳар хил қилиқлари ҳам, аям ким билан нима иш қиляпти-ю, дяд Доник ким билан нима иш қиляпти ёки ҳатто улар иккаласи ётоққа бирга кириб кетишсаям – бу нарсаларнинг ҳаммасига бефарқ бўлиб қолган эдим.
Менинг қиладиган ишим энди соатлаб ойна олдида ўтирволиб, ўзимга оро беришдан, айниқса, дяд Доник олиб берган бир-биридан чиройли кийимларимни кийиб олиб, ўзимни ўзим томоша қилишдан, ширин-ширин ўй-хаёллар суришдан иборат эди, холос.
Уйимиздаги зиёфат чоғларида баъзан росаям шинам кийиниб, меҳмонлар олдига чиқадиган бўлсам, ҳамманинг кўзи ҳасад ўтидан ёниб кетарди. «Хуршида, эҳтиёт бўл, Тахминанг бу дунёнинг қизи эмас», деб қўйишарди. Шунда мен ҳамма-ҳаммаси учун миннатдорчилик маъносида тўрда менинг ҳусну жамолимга, қадду бастимга маҳлиё бўлиб ўтирган дяд Доникнинг олдига борар эдим, унинг бўйнига осилиб юз-кўзларидан ўпиб-ўпиб олардим. Дяд Доник ҳам менинг юзларимдан, бўйниларимдан ҳидлаб-ҳидлаб, ўпиб-ўпиб оларди. Аям эса бизни ҳавас билан, ифтихор билан кузатиб ўтирар, баъзан эса ҳаяжонини яширолмай қарсак чалиб қўярди.
Дяд Доник тез-тез Тошкентга қатнаб турар эди. У ерда нима иш қилишидан хабарим йўқ. Биз учун энг муҳими, ёз ойлари машина билан боргудек бўлса, мени, аямни ва Сурайёни ҳам ўзи билан бирга олиб кетарди. Лекин биз Тошкентгача бормасдик, йўлда қолар эдик.
– Бу нима деганинг? – ажабланиб сўрайман ундан.
– Оҳангаронга ўтишдаги катта довон бор-ку, ўшеттаги тоғли қишлоқлардан бирида дяд Доникнинг Ато деган тожик ўртоғи бўларди. – Тахмина шундай дея хиёл жилмайиб қўйди.–Худди