деди. Биз эса, дяд Доник иккимиз дарёдан хонбалиқ тутиб келтирадиган бўлдик.
Ов учун керакли нарсаларнинг ҳаммасини дяд Доникнинг ўзи ҳозирлади. Ҳатто магнитофон ҳам олволдик. Чиройли спорт кийимларимизни кийиб чиқиб кетдик. «Биздан хавотир олманглар, кечга яқин қайтамиз», деди дяд Доник қолаётганларга.
Балиқ кўпроқ бўладиган жой олис экан, дарё ёқалаб бир соатларча йўл юрдик. Тошлоқ, баланд-пастлик ва бутазорлардан ўтиб бордик. Бир сайҳонликда дарё анча тинчланиб ўтар экан, ўша ерда тўхтадик. Чор атроф қуюқ чангалзор, худди одамзод оёғи етмаган жойларга ўхшайди. Қушларнинг сайраши шунақаям авжидаки, овоз чиқарсангиз ютиб юборгудек. Дяд Доник бир четга адёл тўшади, сумкадан нон, яхна гўшт, коньяк ва шоколадлар чиқариб, устини сочиқ билан ёпиб қўйди.
– Ов ҳам ўз ўрнида, маишат ҳам ўз ўрнида,– деди у.– Худо хоҳласа, бугун шундай дам олайликки, бир умр эсингда қолсин, Тахминочка! – Кейин тоғ чўққилари устидан ошиб ўтиб, чарақлаб турган офтобга ишора қилди: – Мана, ҳавоям исиб боряпти. Спортивкангни ечиб қўйсанг ҳам бўлаверади…
Дяд Доник ўзи ҳам ечиниб, битта плавкада қолди. Шунда унинг анча бўғриқиб турганини сездим-у, лекин эътибор бермадим. Бундай нарсаларни видеоларда кўравериб кўзим қотиб қолган. «У ахир эркак киши-да», деб қўйдим ўзимча. Кейин мен ҳам ҳеч қандай ўй-хаёлга бормаган ҳолда ечина қолдим. Дяд Доник менинг жуссамни чўмилиш кийимида биринчи марта кўриши эди. Сонларимга, белим, кўкракларимга тикилганча шам қотиб қолди.
– Тахминочка, зап чиройлисан-да!–деди у ўзини тутолмай.–Бу сенинг бахтинг. Худо берган бахтинг.
Мен унга жавобан кулиб қўя қолдим. Кейин қармоқларни тахтлаб, балиқ тутишга киришдик.
Балиқ овиям осон иш эмас экан. Сув кечавериб, сувга тикилавериб қон бўлиб кетдим. Дяд Доник буни сезиб турипти, лекин «яна озгина сабр қил, Тахминочка. Ҳолдан тойсанг, кейин мириқиб дам оласан», деб қўяди. Икки-уч соатча уриниб, ўнтагина бодрингдай-бодрингдай балиқ илинтирибмиз.
– Бас, шуниси етарли,–деди бир вақт дяд Доник.–Энди музикангни қўйвор. Қоринлар ҳам оч қолди…
Ҳали айтдим-ку, дяд Доник биз учун кимлигини.
У аямнинг ҳам, менинг ҳам бирон-бир илтимосимизни, бирон-бир истагимизни ерда қолдирмай, сўзсиз бажариб келган одам. Дяд Доник учун «Йўқ. Бу нарсани иложини қилолмайман», деган гап тамоман бегона эди. Шунга кўра, биз учун ҳам унинг гапи–гап, унинг раъйига, хоҳишига қарши иш тутиб, дилини оғритиб қўйишдан чўчир эдик.
Ҳозир ҳам, мен уни астойдил яхши кўриб, ҳурмат қилишимдан, унга энг яқин одамимдек ишонганимдан ўзимни бемалол қўйвориб, эркин қушдек яйраб ўтирибман. Адёлнинг икки четида оёқларни бемалол узатиб ёнбошлаб олганмиз. Дяд Доник менга бошдан-оёқ зимдан назар ташлаб қўяди. Буни сезиб турибман. Лекин ишим йўқ. Ўртада ноз-неъматлар, магнитофонда Шерали «Дунёни қизғанма мендан» деб жон куйдириб ётипти.
– Афсус, афсус, сенга шампан олволиш эсдан чиқипти-я,дейди дяд Доник коньякни очаркан.–Ҳа,