аҳволлари нима кечади? Ёлғиз аммам уларни улғайтириб, одам қаторига қўша оладими.
…Дўстим. Эсингдами, болалик йилларимизда бир-биримизга “ўл, ўласан, ўлдираман” деган сўзларни беаёв ишлатардик. Бу сўзлар шу қадар оддий, шу қадар қадрсиз эдики, бирорта ёнғоғимиз бировимизга ўтиб кетса ҳам, бир-биримизни “ўлдирмоқчи” бўлардик. “Ўлим” деган сўз, тушунча биз учун ҳам албатта, ўзининг чинакам, асл маъносини англатарди. Ўлим деганда ҳаётда бўлмасликни, ундан кетишни тушунардик, ахир. Менинг отам ўлганди, сенинг онанг. Лекин биз шунга қарамасдан, бир-биримизни “ўлдирмоқчи” бўлардик. Энди билсам, ўшанда биз ўлим нималигини билардик-у, ҳаёт нималигини англаб етмагандик. Шунинг учун ҳам улғайганимиз сари, ҳаёт нималигини тобора чуқурроқ англай борганимиз сари “ўлим” сўзини камроқ тилга оладиган бўлдик. Улғайиб, бола-чақали бўлганимиздан кейин эса умуман тилга олмай қўйдик. Ҳатто болалар баъзан бир-бирларига шунақа дейишса, қаттиқ койийдиган, “Унақа дема, оғзингдан шамол учирсин” дея танбеҳ берадиган бўлдик. Ҳа, дўстим, энди бу сўз бизга жудаям даҳшатли туюладиган бўлди. Чунки ҳаёт нималигини тушуниб етдик. Мовий осмонга тўйиб боққинг, ям-яшил далалар, қирлар бўйлаб тинмай югургинг, дарёларни симиргинг, тоғларни бағрингга босгинг, хуллас, абадий яшагинг келади…”
Йўқ, ёзолмади давомини. Қанақадир сунъий, китобий чиқди. Кулгили. Гарчи мактабда у ҳам Суҳробга таассиб қилиб, шеърлар ёзган. Адабиётни жон-дили билан яхши кўрган. Бу муҳаббат ҳалиям қалбини тарк этгани йўқ. Шодон кунларида ҳам, маҳзуну маълул дамларда ҳам ёлғиз қолиб, китоб мутолаа этгиси келади. Аммо… ўз жонига қасд қилиш ниятидаги одам қанақадир фалсафа сўқиб ўтириши барибир ҳам кулгили. Ва аянчли. Яхшиси… Гапсиз, сўзсиз… қилиш лозим бу ишни. Шунда ҳаммасидан қутулади. Азоблардан ҳам, шармандаликдан ҳам. Қамалиш-ку, ўрис бобо айтганидай у қадар қўрқинчли эмасдир балки. Бироқ қайтиб келганидан сўнг охирги нафасигача бўйнидаги тавқни ечолмай, боши эгилиб яшашдан оғири йўқ.
Болаларга… Аммаси бор. Амма табиатан ўктам аёл. Ўзиниям, жиянлариниям ўкситмайди, хор қилмайди. Боши эгилиб ўсишмаса бўлгани. Ҳарқалай судланмасдан ўлиб кетсам, уларга касриму насоғим тегмайди, ҳеч ким “жиноятчининг боласи”, деб қўлини бигиз қилиб кўрсатолмайди. Судлансам-у “олий жазо”гами, узоқ муддатли қамоққами ҳукм этилсам, номимдаги бу тавқу лаънат ювилиши учун ўнлаб йиллар, балки асрлар керак бўлади. Фақат фарзандларим эмас, невараю эвараларимнинг таржимаи ҳолида акс этиб, кўрган кўзга тикондай қадалиб туради бу. Тўғри, отмасликлари, ўн беш йил беришлари эҳтимоли кўпроқ. Ундаям барибир маънан ўлган бўламан-ку. Яқинда республиканинг пахтачилик соҳасидаги бир раҳбари отувга ҳукм қилинди. Яна бир нечаси ўн-ўн беш йилдан олди. Қатағон тегирмонининг тоши тобора кучлироқ айланмоқда. “Пахта ишлари” борган сари авж олмоқда. Эрта-индин унинг ёнига “чорва ишлари” ёхуд “боғдорчилик ишлари” ҳам қўшилмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқ. Айтишларича, бутун республикани зир титратаётган икки терговчини нақ Кремлнинг